Бугун смартфонлар ҳаётимизга шу даражада чуқур кириб келдики, уларсиз бир кунимизни ҳам тасаввур қилолмайдиган бўлиб қолдик. Чунки мобил қурилмалар орқали интернетга кирамиз, ижтимоий тармоқлардан фойдаланамиз, суратга тушамиз, видеога оламиз, ўйин ўйнаймиз… Таниқли сўз устаси Аваз Охун ярим ҳазил, ярим чин маънода айтганидек, “телефонимиз ёнимизда бўлмаса, худди бир ўзимиз юргандек ҳис қиладиган” бўлиб қолдик. Бироқ бугун бундай воситалар одамларни реал ҳаётдан узиб қўяётгани ҳам бор гап. Овунчоғимизга айланган бу матоҳ одамларни тобора виртуал оламга қарам қиляпти, кўпчилик унга берилиб кетиб, баъзан ўзининг ижтимоий вазифаларини ҳам унутиб қўймоқда. Ёшлар тугул бугун катталар ҳам бундай “овунчоқ”ларнинг асирига айланиб қолаётганига нима дейсиз?!

Кўриш қобилиятини пасайтиради

2016 йилда германиялик бир гуруҳ олимлар компьютер, планшет, смартфонлардан фойдаланиш инсоннинг қайси тана аъзосига кўпроқ зарар етказиши юзасидан тадқиқот ўтказишди. Бунинг учун ихтиёрий равишда эллик киши жалб қилинади. Уларнинг ярмига белгиланган вақт давомида компьютер, смартфонлар, турли гаджетлардан фойдаланиш, қолганларга эса шунчаки китоб ўқиш буюрилади. Тажрибадан маълум бўлдики, компьютер ва смартфонлар бошқа тана аъзоларига қараганда кўзга кўпроқ таъсир кўрсатаркан. Қолаверса, бундай техника воситалари кўзга китоб ўқиганга нисбатан кўпроқ зарар етказиши ҳам аниқланди.

— Қоидага кўра, смартфон ёки компьютерлардан фойдаланаётганда ҳар ярим соатда хонадаги деразаларни очиб, бир муддат узоқ масофага қараш талаб этилади, — дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икрамов. — Мақсад — кўзни фақат яқин масофага қарашга ўргатиб қўймаслик. Бироқ бугун болалар, ҳатто, катталар ҳам бир ўтиришда икки, тўрт соат ва ундан ҳам кўп муддат узлуксиз компьютерда ишлашади ёки смартфондан фойдаланади. Бу эса кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни кўра олмасликка олиб келади. Сўнгги пайтларда тиббиётда “кўзнинг қуриб қолиши синдроми” деган атама кенг қўлланила бошлади. Аслида одам бир дақиқада камида 12-13 маротаба киприк қоқиши лозим. Бу кўзнинг намлигини меъёрда сақлаб туриш учун зарур. У кўзни ташқи таъсирлардан асрайди. Бироқ одамлар смартфонлардан деярли кўзини узмай узоқ вақт унга тикилиб ўтиришади. Оқибатда намланмаган, яъни ҳимояланмаган кўзга инфекциялар тушади, касаллик зўрайиб, шохпарда ярасига, баъзан кўриш қобилиятининг тўлиқ пасайишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Болалар гоҳида телефон ўйинига берилиб, мобил алоқа воситасининг қуввати тугаб қолмаслиги учун уни токка улаб ўйнашда давом этишади. Бунинг оқибатида смартфонлар ёниб кетиб, болаларнинг кўзи жароҳатлашига ҳам сабаб бўляпти. Амалиётимизда ана шундай ҳолатлар билан бизга мурожаат қилган беморлар ҳам бўлди. Шунинг учун ҳамма нарсанинг меъёри яхши.

Фалокат оёқ остида

Мутахассисларнинг фикрича, автомобиль бошқараётганда мобил телефонда гаплашиш, “СМС” ёзиш, мусиқа тинглаш ҳам йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишининг асосий сабабига айланмоқда.

АҚШнинг Юта университети олимлари автомобиль бошқараётганда телефондан фойдаланиш ҳайдовчини қай даражада чалғитиши юзасидан тадқиқот ўтказди. Унда йигирма ёшгача бўлган ҳайдовчилар қатнашди. Тадқиқот мобил алоқа воситасидан фойдаланган ҳолда, автомобиль бошқарган ёшларда қарор қабул қилиш тезлиги анча сустлашганини кўрсатди. Ҳатто, мобил телефон тутқичи — “handsfree”дан фойдаланиш ҳам кутилган натижани бермади. Олимларнинг фикрича, гап телефонни қўлга олиб ёки олмай гаплашишда эмас, балки ҳайдовчи диққатининг икки нарсага чалғишида. Диққатни кўпроқ телефонга қаратиш эса йўл-транспорт ҳодисаси юзага келишига олиб келади.

Кўча-кўйда юрганимизда ўзимиз ҳам телефон титкилаб, йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтадиган одамларга кўзимиз тез-тез тушади. Афсуски, бир лаҳзалик эътиборсизлик ҳам йўл-транспорт ҳодисасининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳеч гап эмас.

Ўйиндан ўт чиқмасин

Бугун глобаллашув ва техника асрида турли йўллар билан ўзга халқларнинг турмуш тарзига кириб бориш, уларнинг ижтимоий ва маърифий ҳаётига аралашиш, кишилар онгини аёвсиз “заҳарлаш” авж олмоқда. Ана шундай воситалардан бири компьютер ва телефон ўйинларидир. Улар орасида қотиллик, ўғрилик, зўравонлик асосига қурилган “Counter-Strike”, “GTA” каби жангари ўйинларнинг борлиги эзгу ниятли кишини ташвишга солмай қўймайди.

Техника, интернет шу даражада ривожландики, энди интернет кафеларга боришга ҳам у қадар эҳтиёж туғилмаяпти. Болалар интернет орқали турли жангари ўйинларни смартфонларига юклаб олмокда. Хоҳласа ёлғиз, хоҳласа гуруҳ бўлиб ўйнаяпти. Бугун бундай ўйинларни завқ билан ўйнаётган бола аста-секин энг даҳшатли жиноятларни ҳам оддий ҳолдек қабул қилишга кўникади. Оқибатда бола урушқоқ, ҳамма нарсани ақл билан эмас, куч билан ҳал қилишга урина бошлайди. Ўйинлар талабидан келиб чиқиб, бола ўйиндаги одамларни хотиржам отиб ташлайди. Хоҳласа, банкни ўмаради, машинани олиб қочади. Ўйин шарти нимани буюрса, ўшани қулоқ қоқмай бажаради. Бу охир-оқибат техникани одам эмас, техника одамни бошқариш имкониятини юзага келтиради.

Иллинойс университети (АҚШ) олимлари компьютер ва телефон ўйинлари виртуал қаҳрамонларининг характери реал ҳаётда одамлар феъл-атворига қай даражада таъсир этишини ўрганиш мақсадида тадқиқот ўтказишди. Икки юз кўнгилли талаба жалб қилинган тажрибадан сўнг олимлар беш дақиқалик ўйин ҳам инсон феъл-атворига ўз таъсирини ўтказишини аниқлашди. Бунинг учун уларга компьютер ва смартфон ўйинлари қаҳрамонлари Супермен (ижобий), Волдеморт (салбий) номидан туриб ўйнаш имконияти яратилди.

Иштирокчилар ўйинда “душман” билан кураш олиб бордилар. Ўйин вақтида улар устида яна бир тажриба ўтказилди. Иштирокчиларга татиб кўриш учун шоколад ва аччиқ қалампир соуси берилди. Шунингдек, улардан ўша маҳсулотлардан бирини бошқа иштирокчиларга ҳам узатиш сўралди. Якуний натижадан маълум бўлдики, Супермен ролида ўйнаганлар бошқа иштирокчиларга кўпроқ шоколад, Волдеморт қаҳрамони номидан ўйнаганлар эса аччиқ қалампир соусини узатган. Мазкур тажриба орқали олимлар бундай қаҳрамонлар характери ўйин вақтидаёқ инсон феъл-атворига таъсир ўтказади, деган хулосага келишди.

“Ота-оналар, энг аввало, ўзлари шахсий наъмуна кўрсатишлари, китоб ўқишлари, фарзандларини ҳам мутолаага қизиқтира олишлари керак эмасми?! “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, смартфондан бўшамаётган ота-онани кўрган фарзанд ҳам улардан ўрнак олиб, китобни эмас, смартфонни ўзларига “дўст” тутишмоқда.” 

Маънавий тарбия — муҳим омил

— Болалар бугун смартфонлардан фойдаланиш оқибатида виртуал олам-га қарам бўлиб қолмоқда, — дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. — Ижтимоий тармоқларда бегона одамлар билан танишиб, улар билан виртуал мулоқот қилишяпти. Виртуал ўйинларга муте бўлиб, реал ҳаётдан узилиб қоляпти. Нореал ўйин қаҳрамонлари устидан ғалаба қозониб, хурсанд бўлмоқда, ютқазиб қўйса, тушкунликка тушиб қоляпти. Гўё бу реал ҳаётда юз бераётгандек.

Демак, фарзандларимиз ўйнаётган компьютер ва телефон ўйинларидаги образлар, боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бутун умр сақланиб қолади. Бу нафақат уларнинг ақлий, балки жисмоний ривожланишига ҳам зарар етказмоқда.

Биз болалигимизда турли халқ ўйинларини ўйнардик, жисмонан чиниқардик. Бугун техника асрида смартфонлар болаларимиз қўлларидаги ўйинчоқ, қўғирчоқ, коптоклар ўрнини эгаллаяпти.Болаларни смартфонлардан чеклаш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди. Чунки психологиядан маълумки, ҳар қандай тақиқланган нарса кишининг унга нисбатан қизиқиши янада ортишига сабаб бўлади. Афсуски, бугун айрим ота-оналар кўпроқ моддий манфаат топишга шўнғиб, фарзандлари нималар билан машғул бўлаётгани, уларнинг хоҳиш-истаклари билан қизиқишмаяпти. Ота-она эътибори ва меҳридан четда қолган бола виртуал оламдан меҳр изламоқда, интернет оламига боғланиб қолмоқда. Ота-оналар фарзандларига смартфонлардан фойдаланишни чеклагандан кўра, улар қалбига йўл топиши, улар билан кўпроқ вақт ўтказиши, турли спорт ўйинлари ўйнаб туриши керак. Қолаверса, фарзандларига смартфоннинг ижобий ва зарар-ли томонларини тўғри тушунтирган ҳолда, уларнинг дарсдан кейинги бўш вақтини самарали ташкил этиши лозим. Айрим ота-оналар ишдан келишгач, фарзандларига етарлича эътибор қаратмай, телефон ўйнаб ўтиришади. Ота-оналар, энг аввало, ўзлари шахсий намуна кўрсатишлари, китоб ўқишлари, фарзандларини ҳам мутолаага қизиқтира олишлари керак эмасми?! “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, смартфондан бўшамаётган ота-онани кўрган фарзанд ҳам улардан ўрнак олиб, китобни эмас, смартфонни ўзларига “дўст” тутишмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, ўсиб келаётган авлодни шундай тарбиялашимиз керакки, улар ахборот маконига кирганда, фақат ўзи учун зарур ва фойдали нарсаларни олсин, смартфонлар ҳамда интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргансин. Интернет билим олиш, соғлом дунёқарашни шакллантириш, қисқача айтганда, эзгуликка хизмат қилиши керак. Ҳамма гап смартфон имкониятлари, интернетнинг бой ахборот ресурсларидан ким қандай мақсадда фойдаланишида. Чунки смартфонлар ёрдамида интернетдан керакли маълумотларни олиш, тафаккурни теранлаштирувчи ўйинлар ўйнаш, тил ўрганиш, расм чизиш, турли мусобақаларда иштирок этиш, вақтни унумли ўтказиш мумкин. Муҳими меъёр унутилмаса бўлгани.

Шаҳзод Ғаффоров (“Халқ сўзи”)

102190cookie-checkДунёни асир этган смартфонлар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting