Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Аллоҳга ҳамд, Пайғамабаримизга салоту саломлар бўлсин!
Ва баъд:

Фақат ҳадисларнинг ўзи билан амал қилишни гапираётганлар Исломда амалда бўлган жуда кўп масалаларни бекорга чиқариб юборишади. Чунки салафларимиз амал учун нафақат ривоят қилинган ҳадисларни ҳужжат қилиб олишган, балки Мадина аҳлининг амали ҳам айрим мужтаҳидларимиз наздида ҳужжат бўлган. Яъни, фалон ишни қилса бўладими, деган саволга, ҳа, чунки ўша ишни Мадина аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳам қилиб юришарди, деган жавобни беришган. Шундай экан ҳадисларнинг ўзидан олавериш ва мазҳабларга эргашмасликни даъво қилаётганлар катта хатога йўл қўйишади!

Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд ва уларнинг айримларини қуйидаги илмий баҳсда келтириб ўтамиз!

Баъзи инсонлар айтади:
“Бугунги кунда Суннат китоблари кўп ва улар олдингилар орасида тарқагандан кўра бугунги инсонлар орасида кўпроқ тарқалган. Бу китобларнинг турли босмаларидан, мундарижаларидан фойдаланиш анча қулай савияга келиб қолган. Билгисайёр қидирув хизматлари орқали ҳам далилларни анча осон тарзда топиш мумкин. Аввалги уламоларимизда бу қулайлик мавжуд бўлмаган. Шундай экан, бугунги имкониятлардан фойдаланиб, шу маълумотларга суянсак, ҳадисларнинг собитини олиб, собитмасини тарк қилсак бўлмайдими?! Аниқ далили бор фиқҳий масалаларни амалга олсакда, далили бўлмаган масалаларни қайта кўриб чиқиб ислоҳ ислоҳ этсак, шу тўғри эмасми?!”

Бунга бир неча важҳдан жавоб берамиз:

Биринчидан:

Бу аҳмоқлик билан айтилаётган гаплардан биридир.
Қадимда шундай дейишарди:

وكم للشيخ من كتب كبار
ولكن ليس يدري ما دحاها

Баъзи шайхлар борки, асарлар битган,
Жавонларга тўлган эҳтимол сўзи,
Афсуслар бўлсинки, китоблар ичра
Не маъно жамланган, билмайди ўзи.

Яна шундай гап ҳам бор:

ليس بعلم ما حوى القمطر
ما العلم الا ما وعاه الصدر

Амал қил, эй дўстим, неники билсанг,
Билганингга ўтар гар амал қилсанг –
Жавондаги китоб эмасдир илм,
Қалбларни тўлдирган илмдир, билсанг!

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳнинг бир шеърини ўқисангиз салаф уламоларимизнинг ҳолатлари қандай бўлганини тасаввур қила оласиз. Ибн Ҳазм айтади:

قال بن حزم :
فإن تحرقوا القرطاس لا تحرقوا الذي
تضمنه القرطاس, بل هو صدري
يسير معي حيث استقلت ركائبي
وينزل إن أنزل و يدفن في قبري

Китобларим ёқиб, йўқатолмайсиз,
Нақшинкор йўнилган менинг қалбимда.
Отда юрсам менла сайр этарлар ва
Кўмилсам ётарлар бирга қабримда.

Хотиб «Ал Фақиҳ вал Мутафаққиҳ»да келтиради:
«Баъзи донишмандларга:
«Фалончи жуда кўп китоб тўплаган», дейилди.
Шунда: «Унинг фаҳми китоблари миқдорича борми?» деди донишманд.
«Йўқ», дейилди унга.
«Ҳеч нарса тўпламабди. Ахир, чорвалар илм ҳосил қила олармиди?!» деб жавоб берибди.

Бир киши ёзган нарсасини ўзи тушунмайдиган кишига шундай деди: «Ёзганингдан сенга фақат чарчоқ, бедорлик ва қоғозингни қоралашинг насибаси холос».

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ «Рофъул малом» асарида шундай дейди: «Агар Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салалламнинг ҳадисларини девонларда тўплаш фарз қилинганида, барча китоблардаги нарсаларни билган киши олим ҳисобланмас эди. Бунинг бир кишида ҳосил бўлиши ҳам қийин иш. Балки баъзида бир кишининг ҳузурида кўплаб китоблар мавжуд бўлади, ваҳоланки ўша киши китоблар ичидаги нарсаларни қамраб ололмайди. Ушбу китобларни жамлашдан олдин Суннатни яхши билган мутааххир уламолар жуда кўп бўлган. Уларнинг кутубхоналари қалблари эди. Ўша қалблар бир қанча девонлардаги нарсаларни ўзига сиғдирган эди. Мавзудан яхши хабардор киши бу ишга шубҳа билан қарамайди»[1].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ўзи етти ёшида Қуръон ҳофизи бўлган. Ўн етти ёшида эса “Саҳиҳ Бухорий”, “Саҳиҳ Муслим”, “Сунан Абу Довуд”, “Сунан Термизий”, “Сунан Насаий”, “Сунан Ибн Можа”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и, Дору Қутнийнинг “Сунан”и ва Табаронийнинг “Мўъжамул Кабир”ини ёд олган. Таҳминан буларнинг барчаси олтмиш жилд атрофида бўлиб, уларда юз мингдан кўпроқ ҳадис мавжуд! Ўзи эса ўттиз тўрт йил зиндонларда ётган.

Ибн Қаййим Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг гувоҳлик беришича беш юздан ортиқ китоб тасниф қилган. У китобларининг деярли барчасини ёддан ёзган. Умрида бир марта ўқиганини вафотигача эсидан чиқармаган! (Таржимондан)

Иккинчидан:

Имомларимиз кўп ёзишмаган ва уларнинг мерослари тўла тўкис бизга етиб келмаган. Улар хотираларидаги аксар билимларининг озини ёзишган. Юқоридаги Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг сўзи бунга ишора қилиб турибди. Олдинроқ ўтган Лайс ибн Саъд ва Аҳмад ибн Фурот (2) роҳимаҳумаллоҳларнинг гаплари ҳам бунга далилдир. Бу эса имомларимизнинг бу борадаги сўзларидан бир мисқоли холос! Уларнинг хабарларини барчасини келтириш имкони йўқ!

Имом Боғандийнинг сал олдинроқда ўтган гапини эсланг: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан уч юз минг масалага жавоб айтдим!”

(2) “Тазкиратул Ҳуффоз”да (1/544) 257 ҳижрийда вафот топган Имом Аҳмад ибн Фурот Розийнинг таржимаси келтирилган. У шундай деди: “Бир ярим миллион ҳадис ёздим. Ўз таълифотларимда улардан беш юз мингтасини ишлатдим”. Яъни ёзиб олганларидан учдан биринигина таснифларида ишлатган. Шу билан бирга беш юз минг ҳадис қаерда?! Демак барча ҳадислар китобларда ёзилган, дейиш у қадар тўғри гап эмас.

Учинчидан:

Бугунги кунда суннат китоблари орасида энг каттаси Муттақий Ҳиндийнинг “Канзул Уммол”идир. Унда қирқ олти минг ҳадис жой олган. Лекин анави сергап ақли калта киши айтганидек, бу китобдаги ҳадислардан истифода олиш у қадар осон иш эмас. Чунки уларнинг аксар масдарларига мурожаат қилиш имкони анча қийин. У ҳадисларнинг санадлари ҳам таҳқиқ қилинмаган. Бундай вазиятда фақат санадлар билан машғул бўлишга тўғри келиб қолади. Натижада эса санадларнинг ўзи билан шуғулланиб, амал қилишга фурсат етмаслиги мумкин!

Тўртинчидан:

“Канзул Уммол”даги ҳадисларнинг адади мужтаҳид имомларимиздан нақл қилинган, улар таҳаммул қилган ва эшитган ҳадислари олдида анча камдир. Шу билан бирга “Канзул Уммол”да такрор келган ҳадислар ҳам мавжуд.

Олдинроқ Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг ўз таснифларида етти юзмингдан ортиқ ҳадисни зикр қилгани, зикр қилмаган ҳадислари ҳам анчагина бор бўлгани айтиб ўтилган эди. Ўша ерда “Ал Осор” китобида фақатгина қирқ минг ҳадисдан танлаб олингани ҳам келтирилганди!

Яна Ибн Ҳайёбдан Имом Молик розияллоҳу анҳунинг юз минг ҳадис ривоят қилганини, ушбу ҳадислардан ташқари ўзида таҳаммул қилган лекин ривоят этмаган яна анчагина ҳадислар борлигини айтиб ўтгандик. Имом Аҳмад розияллоҳу анҳу ўзининг “Муснад”идаги ҳадисларни етти юз эллик минг ҳадислардан танлаб олгани ҳам машҳурдир!

“Эъломул муваққиъин”да шундай ривоят келади:
“Бир киши Имом Аҳмад розияллоҳу анҳудан сўради: “Бир киши юз минг ҳадисни ёд олса фақиҳ бўладими?”
Имом: “Йўқ!” деди.
“Икки юз минг ҳадисни ёд олсачи?” деди.
Имом яна: “Йўқ!” деди.
“Уч юз минг?” деган эди, яна Имом: “Йўқ!” деб жавоб берди.
“Тўрт юз минг бўлсачи?” деган эди имом, бўлса керак, дегандек қўлини қимирлатди. Яъни тўрт юз минг ҳадис ёд олса фақиҳ бўлиши ва инсонларга фатво айтиши мумкинлигига ишора қилди. Хатиб “Жомеъ”да санадини Яҳё ибн Маъинга етказиб ривоят қилади. Унга: “Киши юз минг ҳадисдан фатво айта оладими?” дейилди. У: “Йўқ!” деди. “Икки юз минг бўлсачи?” дедим. У яна: “Йўқ!” деди. “Уч юз минг?” деган эдим, яна: “Йўқ!” деди. “Беш юз мингта ҳадисданчи?” деган эди: “Балки!” деди.

Хатиб бу ривоятга қўшимча қилиб айтади: “Яҳё ибн Маъин зикр қилганидек ададдаги ҳадисларни тўплашнинг ўзигина кишини фатво берувчи мақомига лойиқ қилмайди. У одам ўша ҳадисларни яхши билиши, уларга назар қила олиши ва чуқур англаши ҳам лозим. Чунки илм фаҳмлаш ва атрофлича тушунишдир. Ривоятни кўпайтириш ва кенггайтириш эмасдир!”.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ададни Имом Аҳмад розияллоҳу анҳунинг ўзидан “Мусаввада”да нақл қилган”. Ушбу улкан ададдаги ҳадисларга мавқуф, мақтуъ ва санадлари бир неча хил бўлган ҳадислар ҳам киришини инкор қилмаймиз. Лекин нима бўлса ҳам орада катта фарқ бор! Санадлари турли хил бўлган такрор ҳадислар ҳадисларнинг лафзида ҳам кўпинча турлиликни касб қилади. Бу эса ҳадисни тушуниш ва ундан истифода қилишда катта таъсирга эга.

Ҳудди шунингдек, мавқуф ҳадислар борасида ҳам шундай дейилади: шариат матнларини салафларимиз қандай фаҳмлашганларига далолатларда мавқуф ҳадисларнинг катта фойдалари мавжуд. Улар мавқуфларга амал қилишлари ва бошқа масалаларда бу фойдаларни кўриш мумкин.

Бешинчидан:

Агар ҳадислардан ташкил топган ушбу катта тўпламни етарлик деб фараз қилсак ҳам модомики бошқа ихтилоф сабаблари мавжуд экан имомлар орасидаги ихтилоф доим бўлади, асло тўхтаб қолмайди. Ушбу сабаблар тўртинчидан, дея зикр қилиб ўтганимиз сабаблардан кўра бир неча баробар кўпдир.

Ушбу ва бундан бошқа кўпгина сабабларда ибрат олувчилар учун етарли ибрат мавжуд…”

© Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ

_________________________

Шундай экан уламолар чизиб берган йўлдан юриб, манзилга бехавотир етиб олган афзалдир! Баландпарвоз гаплар билан умматнинг бошини айлантиришнинг хожати йўқ!

Салоту саломларимиз Расулимизга бўлсин!

©️ Аброр Мухтор Алий

[1] “Рофъул малом” 18-саҳифа.

103220cookie-checkИЖТИҲОД МАЛАКАСИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting