Инсон муайян ҳудуд – чегара ичида. Унинг ҳар қандай имкониятлари чекланган. Ҳудуди бор. Фақат хоҳишлари бундан мустасно. Унга берилган эрк эгасини залолат ботқоғига ботиради. Хоҳишлари қулига айланган инсон ҳар қанча дунё бўлсин – тўймайди, ҳар нега эришмасин – қониқмайди. Бир сўз билан айтганда, шукрни унутади. Бир эшитганим бор, терс луғат яратган олимни ҳаддан зиёд мақташганида: “Кўринг, мен ҳали сиз билмаган ишга-да қодирман”, – дея ўзини баланд минорадан пастга улоқтириб, вафот этган экан. У бу иши билан уча олишни даъво қилган… У-ку олим эди. Энди бу воқеани жоҳил, илмсиз инсонлар даражасида тасаввур қилиб кўринг. Зеро, душман ўлжасини мақтайди, йўқ фазилатларини бўрттиради. Шунга кўра, одамлар истакларини жиловлашлари лозимлиги маълум бўлади. Акс ҳолда, шайтоннинг ҳолига тушиш мумкин.

Маънавият башариятга шунинг учун керак. Чунки МАЪНАВИЯТ – меъёр, ўлчовли одоб, фойдали илм, инсоний ақл, эзгу мақсад. МАЪНАВИЯТ – ўтмишдан сабоқ, бугуннинг – қўлга киритилганларнинг шукронаси, келажак учун кўприк. МАЪНАВИЯТ – узлуксиз тарбия, оилавий хотиржамлик, беғубор болалар кулгуси. МАЪНАВИЯТ – тўкис кексалик (ундан айро жамиятларда ёши улуғлар геронтофобиядан азият чекишмоқда), қариндошлар, қўшнилар аҳиллиги, оқибати… МАЪНАВИЯТ – боболар дуоси, момолар ҳаёси, оналар алласи. Шу ўринда “алла”нинг бир талқини “Аллоҳ” бўлиб, унинг мазмуни Яратгандан боласига сўраладиган илтижо, дуо экани эътиборга олинса, МАЪНАВИЯТ Аллоҳ ва бандаси ўртасидаги ришта ҳамлиги маълум бўлади. Уни инкор қилиш эса… Ўйлаб кўраверинг.

Маънавиятнинг яшаб қолиши учун муҳит керак. Шарт-шароит, парвариш даркор. Меҳр лозим. Зеро, ташқи таъсир уни емириши ёки аксинча, мустаҳкамлаши тасдиқланган. Кейинги пайтларда маънавиятни инкор қилиш, шунинг баробарида одамларга мутлақ эркинлик бериш тарғиб этилмоқда. Ҳатто миллий қўшиқчиларимиздан айримлари “кимда кимнинг кўнгли бўлса, қўяверинг ўйнасин!” дея бошқаларга бу пайтда “ухлайвериш”ни маслаҳат бермоқда. Яна бир “жонкуяр” ижтимоий тармоқ орқали одамлар истаган ичимлигини хоҳлаган вақтида ичиши, тунни ҳам бедор ўтказиб, уни мазмунли қилиши мақсадида тунги клубларга “озодлик” бериш талаби билан чиқмоқда. Гўёки дунё шу тахлит равнақ топган!

Булар орасида машина бошқара олмаган ҳайдовчи учун ҳам, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими фаолияти сифатининг пастлиги учун ҳам, қурилмаётган бинолар ва ҳатто таъмирталаб йўллар учун ҳам маънавиятни айбловчилар топилади. Уларнинг наздида, бир миллатли жамият ўлимга маҳкум. (?) Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг аксариятини ўзбеклар ташкил қилади. Демак, бу билан юртимиз муқаррар ўлимга маҳкум қилинмоқда.

Шу сабаб қуйида шу мавзудаги айрим қарашларга шахсий ёндашув келтирилади:

Авваламбор, улар масхараомуз тилга олаётган маънавиятчилар бўлмаганида айрим жамиятлардаги сингари машинани бошқараётган экстремист тўп-тўп одамлар устига қасддан бостириб кирар ва у бахтсиз тасодиф ҳисобланмас ёки мактабларда ҳар куни отишмалар содир бўлиб, бизнинг маънавиятчилар “жаннатнинг райҳонлари” дея улуғлагувчи норасида болалар бошқа дўстларини ўлдирган бўлар эди… Маънавияти оқсаётган жамиятларда одам ўғирлаш, зўрлаш каби жиноятлар оддий ҳолга айланаётгани сир эмас.

Иккинчидан, жиноятчилик борлиги ҳақ. У бўлган, бўлади ҳам. Ислом тарихида “асри саодат” (бахтли юз йиллик) номи билан кирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам жиноятлар оз бўлса-да содир этилган. Чунки ўша даврда ҳам маънавиятдан узоқ кимсалар бўлган. Масала уларнинг сабабларида. Оддийгина таклиф этилаётган мутлақ эркинликдан иборат ечим жиноятларга барҳам бериш эмас, уларнинг янгича суръат билан авж олишига сабаб бўлишини англашмаяпти чоғи! Жамиятни фақат қурол, турли асбоб-ускуналар, замонавий техника билангина тинч сақлаб бўлмайди (бунга Европанинг қатор мамлакатлари, қолаверса, Америка Қўшма Штатлари мисол). Ўзларини “бурнидан узоқни кўра олувчи” журналист сифатида билувчи баъзи “тадқиқотчи”лар шуни тан олишга, инсон хоҳиш-истакларига эрк берилганида ҳайвонлар ҳам мум тишлаб қолишини идрок этишга, англашга қодир бўлмаяпти.

Учинчидан, шундай кўзлар бўладики, ҳар нарсада бир ҳикмат кўради. Яна шундайи борки, у ҳикматда ҳам иллат илғайди. Уларнинг фикрича, Тошкент – зерикарли шаҳар.

Тошкент бир вақтлар “нон шаҳри” бўлган, ҳозирда МДҲ давлатларидаги энг гўзал бешта шаҳарнинг бири. Тошкент – янада гўзаллашаётган, замонавийлашаётган шаҳар. У ўзбекларнинг, ўзбекистонликларнинг маънавиятини акс эттирган. Тошкент шуниси билан жозибали. Демак, хулоса шундай – бу инсонларга Тошкент эмас, балки ўзбекистонликлар зерикарли! Аслида, бу инсонлар дунё кезган инсон сифатида тинчликнинг қадрини, унинг эвазига одамлар нималарга рози эканини билиши керак. Ҳатто Тошкентга келиб ҳам “тарки одат амри маҳол” деганларидек, тунги пайт сайрга чиқишга қўрққан туристлар бор. Чунки уларнинг юрти нотинч. Улуғлардан бири касалланиб, ўсал бўлган, ўлимини кутаётган итнинг ёмон аҳволининг турли таърифларини келтираётган шогирдлари эътиборини унинг садафдек оппоқ тишларига қаратган экан. Улуғлик шундай – ёмонликлар орасидаги битта бўлса-да бор яхшиликни илғайди.

Тўртинчидан, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, ҳуқуқий масалалар бундай ҳал этилмайди. Илмий доираларда соғлом ёндашув, амалий, ҳаётий таклифлар натижаси – тараққиёт. Бунда жўғрофий жойлашув ҳам, ментал хусусиятлар ҳам, тарих ҳам муҳим. Бир миллатни тараққиётга олиб чиққан усул бошқасини таназзулга бошлаши мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, дунё учун умумий – универсал меъёрлар бўлмайди. Таклиф қилинаётган мутлақ демократия қаерда бор? Ўзи унинг бўлиши тўғрими? Унутмаслик керакки, шахс эркинлиги жинсини ўзгартириш – илоҳий низомни бузиш, сўз эркинлиги истаган одамини ҳақорат қилиш, масхара қилиш, виждон эркинлиги динини сотиш мумкин дегани эмас. Халқимиз “ҳаддини билган ҳоримас” деб бекорга айтмаган. Қадриятларимизда энг тўғри йўл унинг ўртачаси дейилган. Бу эса меъёрни ва табиийки, маълум чекловларни билдиради. Амалдаги қонунлар шулар сирасидандир. Бундан ташқари, мавжуд динларнинг, маданиятларнинг барчаси инсонларни аниқ қонунларга бўйсуниб, жамиятда қабул қилинган меъёрлар, асрлар давомида шаклланган қадриятлар асосида яшашга чақиради. Мутлақ эркинлик ҳаётни жаннатга айлантиради, деганлар чуқур адашади.

Бешинчидан, ижтимоий тармоқнинг бу фаоллари тунги клубларни тўлдириб турувчиларни “креатив синф вакиллари”, “неординар инсонлар” санамоқда? Акс ҳолда, бу фикр қаёқдан чиқди? Китоб ўқишда биринчи, Қуръон мусобақалари ғолиблари, хорижнинг илғор таълим муассасаларида таълим олаётган болалар, кам фоизли кредитлар туфайли ўз бизнесини кенг йўлга қўяётган ёшлар ким? Шулар эмасми креатив, неордниар инсонлар? Улар китобни тунги клубларда ўқимагандир!?

Ниҳоят, маънавият танқидчилари давлат тилида ёзишни исташмайди. Юрт қайғусидаги “зот” унинг давлат тилини ҳам ҳурмат қилмайдими?

Манбаларда ҳар қандай нарсанинг ўз мақсадидан бошқа йўлда фойдаланилиши унга нисбатан зулм экани таъкидланади. Масалан, пичоқ рўзғор юмушларини енгиллаштириш учун керак. У билан жонга таҳдид қилиш, инсонга жароҳат етказиш – пичоққа нисбатан зулм. Аввалбошда, тақдирни Лавҳу-л-маҳфузга битган, кейинчалик, фойдали илмларни авлодларга қолдиришга хизмат қилиши лозим бўлган қаламдан иғво йўлида фойдаланиш ҳам шундай. Бу ўринда зулмга учраган инсон – алоҳида масала.

Маънавият зулмнинг, умуман, адолатсизликнинг ҳар қандай туридан қайтаради. Эзгуликка ундайди. У жазолаш қуроли эмас. Билъакс, насиҳат орқали, эслатиш воситасида таъсир қилади. Маънавиятдан қўрқиш, у билан бошқаларни қўрқитиш керак эмас.

Дунёга икки марта илмий уйғонишни тақдим қилган юртимиз алломалари бунга ҳаё, имон, сабр билан эришган. Чуқур маънавият орқали мақсадига етган. Дунёдан, унинг лаззатларидан кечган. Ўзни илмга бахшида этган. Шунинг учун Яссавий ҳикматларида келганидек, “тупроққа айланиб, олам борича яшамоқда”. Уларга тупроқнинг азизлиги, унуми, баракаси, буюклиги насиб этди. Бунга сабаб – МАЪНАВИЯТ. Яна бири – ИШОНЧ. Мана шулар аждодларимизнинг мустабит тузум даврида ўз қадриятларини, миллат номусини сақлаб қолишларига имкон берди. Ароқдан сармаст, қулоқларни қоматга келтирувчи овозлар йиғиндисидан ақлини йўқотган инсонда ватанпарварлик миқдори қанча бўлар экан? Уйқу учун яратилган кечалари бедор, боз устига, “оммавий маданият” масканларида ўз танасини бошқа эркакларга кўз-кўз қилувчи, фикру ёди уларни ўзига ром қилиш мақсадида ёнаётган аёлдан қай турли инсон туғилади? Исмоил Бухорий уйига олиб кирган ҳатто бир дирҳамда ҳам шубҳа бўлмаганини таъкидлаган. Унинг фарзанди Имом Бухорий номи билан машҳури замон бўлган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдир. Ўйлаб кўрса, арзийдиган ҳолат. Тўғри эмасми?

Манбаларда келтирилишича, маънавият кўриш, эшитиш, ҳалол луқма билан шаклланади, кучаяди. Демак, эзгуликка ошно, яхшини кўриб, эшитиб, ҳалолдан ризқланган инсон чин маънавият эгаси бўлиб вояга етади. Китобни ҳам танлаб ўқиш лозим. Чунки вайронкор ғоялар тарғиботи бўлган китоблар ҳам бисёр. Бу танлов – мутолаа маданияти. У мукаммал шаклланган ўқувчи устозга айланиши шубҳасиз. Мусиқа, қўшиқ танлашда ҳам маданият бор. Мусиқа ёки қўшиқлар шунчаки қулоққа хуш ёққани сабабидан тингланмайди. Ундан маънавий озиқ кутилади. Акс ҳолда, меъёридан ортиқча истеъмол қилинган асал каби заҳарга айланади. Бугун азалий қадриятимиз, хусусан, мақомдан бир қадар узоқлашганимизни англадик. Ваҳоланки, у ўзида миллат руҳи, жамият тарихи, дин мақсадини мужассам этган. Жисми қулоққа айланган инсон буни англайди. Шунга кўра, тунги клубларни “тунги мақом клублари”га айлантириш ҳам фойдадан холи бўлмас эди.

Огоҳ бўлайлик!

Огоҳлик ҳамма нарсада бор. Нотўғри олинган илм ёмонликка хизмат қилади, эҳтиётсиз ҳайдовчи ўзининг ва бошқаларнинг жонига таҳдид солади, бирор ускунани ишлатишдаги эҳтиётсизлик бахтсиз тасодиф сабабчиси бўлади… Маънавиятнинг зиддини танлаш қалбни ўлдиради. Нурсиз кўзидан мақсадсизлиги аён одамнинг тириклиги бўлмайди. Зеро, жисм эмас, руҳ бирламчи. Доно табиб биринчи бўлиб руҳга қувват беради. Бусиз тана даволанмаслиги аниқ. Қувватсиз руҳ жисмдан узоқлашади. Уни ўз ҳолига ташлайди. Бу айни залолатдир.

Бугун ижтимоий тармоқдаги айрим кимсалар бизга шуни таклиф қилаётир. “Илм олма – рақсга туш”, “руҳингни чиниқтирма – масту шайдо бўл, дунёни унут”, “ҳаёт бир бор берилади – айшингни сур, унинг ҳар қандай лаззатларидан татиб кўр”, – демоқда улар. Бу ақида бора-бора қизини бошқа бир қизга турмушга узатиш, ўғлини эркакка уйлантириш – эътиқоддан юз ўгириб, манқуртга айланиш, миллатни амалда йўқ қилишдек ҳозирда яшириш мақсадга айланади. Бунга дунё гувоҳ. Шуларга лоқайд бўлиб, оддий қабул қилиш – инсоннинг ўзига қилинган зулм. Халқимиз фарзанд кўришни, набираларини суйишни, ота ва онасига холис хизмат қилиб лаззатланишни, болаларидан оқибат кўришни истайди. Бу дунёдан ўтганида эса ўзини бошқалар эзгу сўзлар, дуойи хайр билан эслашларини орзу қилади. Булар эса, табиийки, бугунги танловга боғлиқ! Демак, тўғри танлов – МАЪНАВИЯТ!

Ҳадисларда шубҳали ишлардан қайтишга даъват қилинган. Чунки у имонга зарар етказади. Имони зарар кўрган одам эса беихтиёр бошқача фикрлай бошлайди. У эзгуликни қабиҳлик, ҳидоятни залолат кўринишида идрок эта бошлайди…

Сўнгсўз.

Ўқувчини маънавият билан қўрқитмоқчи бўлган бир муаллиф ўзини парчаланган юлдузлар наслидан эканини уқтирар экан нурдан яралганига урғу берган. Тўғри, нурдан яратилганлар одатда гуноҳ қилмайди. Улар – фаришта. Тўғри маънода. Аммо биринчидан, уларга танлаш имкони, тафаккурга ўрин берилмаган. Қатъий амал бор, холос. Иккинчидан, жисмининг асли нур бўлганларнинг устози – шайтон. У ҳам нурдан яралган! Учинчидан, Одам болалари оддийгина, хокисор, меҳнаткаш, камтарин ва бир вақтнинг ўзида улуғвор тупроқдан. Шу сабаб инсонга ерда юриш ярашади. Маънавият мана шу инсонларга хос тушунча бўлиб, хатти-ҳаракатарда унинг мезонларига амал қилиш инсонийлик доирасида қолишдир.

Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси
катта ўқитувчиси Иргаш Даминов

103590cookie-checkМАЪНАВИЯТ ВА ИНСОН
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting