Аллоҳ таоло инсонни бошқа мавжудотлардан фарқли равишда нутқ – гапирувчи, сўзлашувчи маҳлуқот қилиб яратди. Сўзлашиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради. Биз ҳар куни, ҳар лаҳзада гапирамиз ва бунга одатий бир нарсадай ўрганиб ҳам қолганмиз. Лекин тафаккур қилиб кўрилса, нутқ-овоз чиқариш ниҳоятда мураккаб, нозик бир жараён эканлиги маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағрифат қилур. Ким Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат этса, бас улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб сураси, 70-71).

Шу билан бирга Аллоҳ таоло башариятни турли тилда сўзлашувчи ҳалқлар қилиб яратди. Аллоҳ айтади: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13 оят).

Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, ўз она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Адиблардан бири: “Тил – миллатнинг юрагидир” деган эди.

Ўзбек тили Мавлоно Лутфий, Хазрат Алишер Навоий, Бобур мирзолардан то шу кунларгача машаққатли ва олис йўлни босиб ўтди. Аждодларимиз, олимларимиз асрлар давомида ўзбек тилининг давлат тили бўлишини орзу қилишди, яратганга беҳисоб шукрки бундай неъмат билан Аллоҳ бизни сийлаб қўйди. Ҳолбуки, ҳамма тилни хурматлаш одобини нутқ маданиятини ўрганиш ҳар биримиз учун зарур омил ҳисобланади. Зеро, оғзаки нутқ маданиятини билиш, ўрганиш, тилга хурмат – элга хурмат маъносида ҳам юксак фазилат ҳисобланади. Хазрат Навоий айтганларидек: Тилга эътибор – элга эътибор.

2019-йил 18-октябр куни Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедрасида “Ўзбек тилига -давлат тили мақоми ” берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан “Олтин мерос” жамғармаси раҳбари, атоқли шоир, публистик журналист Амирқул Карим билан адабий учрашув бўлди. Тадбирда шоир тилимизнинг аҳамияти, уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ўзининг гўзал шерлари билан барчани хушнуд қилди.

Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси кабинет мудири, Фатҳ жоме масжиди имом ноиби Адҳамжон Юсупов.

104010cookie-checkМиллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting