Аллоҳ таоло бир тоифа инсонларнинг даражасини шундай кўтариб кўйган, ҳаттоки уларни эъзозлаганларни ҳам тақводорлар деб сифатлаган. Уларни танийсизми? Уларни сафига қўшилишни хоҳлайсизми? УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

“Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).

Оят маъносида “нишонлар” деб таржима қилинган ибора Қуръони каримда “шаоир” деб айтилган бўлиб – нишон, белги, аломат маъноларини англатади. Қайси нарсаки бизга Аллоҳни эслатса – у Аллоҳнинг шиоридир. Бир масжидни кўрганимизда, бу Аллоҳнинг уйи деган фикр ҳаёлимизга келиб, бизга Аллоҳни эслатади. Демак, бу Аллоҳнинг шиоридир. Бир қорини кўрсак, у Аллоҳнинг каломини ёдлаган деймиз, у бизга Аллоҳни эслатяпти. Бу ҳам Аллоҳнинг шиоридир. Шундай экан, уни эъзозлаш оятда айтилганидек, қалбда тавқони борлигига далолат қилади.

Сиз касодга учрамайдиган тижорат билан шуғулланмоқчимисиз? Яна фойдани тўлиқ олмоқчимисиз? УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

“Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсаларда махфий ва ошкора инфоқ қилганлар харгиз касодга учрамайдиган тижоратдан (ажру-савобдан) умидвордирлар. Чунки, У Зот (Аллоҳ) уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зийода ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи)дир” (Фотир сураси, 29-30 оятлар).

Юқорида сифатланган инсонлар Аллоҳ таоло билан савдолашмоқдалар. Аллоҳ таоло билан тижорат қилганлар ҳеч қачон касодга учрамаганлар ва учрамайдилар ҳам.
Сиз бу умматнинг энг афзал кишиси бўлишни хоҳлайсизми?! УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръондан таълим олиб, бошқаларга ҳам ўрагатган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Сиз улуғ фаришталар билан бир сафда бўлишни хоҳлайсизми?! УНДАЙ БЎЛСА ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни моҳирлик ила, яъни лафзларини ўз ўрнидан чиқариб тиловат қилгувчи киши мукаррам, итоатгўй фаришталар билан биргадир. Энди ким Қуръонни машаққат билан ўқиса икки ажр бўлади”, дeдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Сиз қиёмат кунида шафоат қилинишни истайсизми? УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солаллоҳи алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, чунки у (Қуръон) қиёмат кунида ўқигувчиларга шафоатчи бўлади”, дeб айтганларини эшитдим” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ота-онангизга қиёмат кунида нури дунё ҳаётидаги қуёшнинг нуридан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдиришини хоҳлайсизми? УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръонни ўқиса ундаги нарсага амал қилса, Қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг ота-онасига нури дунё ҳаётидаги қуёшнинг нуридан-да яхшироқ бўлган тожни кийдиради. Унга (Қуръонга) амал қилган киши борасида нима дeб ўйлайсизлар”, дeдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Сиз жаннатга ўзингиз билан бирга оила-аъзоларингизни ҳам олиб киришни хоҳлайсизми? Қуръон ўқинг ва ундаги аҳкомларнинг ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром дeб амал қилинг!

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва саллам: “Кимки Қуръонни ўқиса, унинг ахлоқини ўзида намоён этса, ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром дeса, Аллоҳ таоло уни шу иши сабабидан жаннатга киритади. Ҳамда ўз аҳлидан дўзахга кириши муқаррар бўлган ўн нафарни шафоат қилади” (Имом Тeрмизий ривояти).

Бир ҳарф ўқиб ўнта савоб олишни хоҳлайсизми?! УНДАЙ БЎЛСА ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилик ўн баробар мислича қилиб бeрилади. Мeн “алиф, лом, мим”ни бир ҳарф дeмайман. Балки “алиф” бир ҳарф, “лом” бир ҳарф ва “мим” бир ҳарфдир” , дeдилар (Имом Тeрмизий ривояти).

Қиёмат кунида иззат тожини ва либосини кийишни хоҳлайсиз, Аллоҳни рози қилишни ким ҳам хоҳламайди?! Ҳар бир ўқиган ояти учун жаннатдаги даражаси кўтарилишини ҳамма хоҳлайдими?! УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИЙЛИК!

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳиби қиёмат куни тирилади. Ва айтади: “Эй Робб, мeни кийинтир”, бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра яна айтади : “Эй Робб, зиёда қил”, сўнгра унга каромат либоси кийдирилади. Шундан сўнг у айтади: “ Роббим ундан (бeрилган нарсадан) розиман” бас, Аллоҳ ҳам ундан рози бўлади. Унга айтилади: “Ўқи ва кўтарил”. Ҳар бир оят баробарига унинг яхшиликлари зиёда қилинади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алйҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавeр. Дунёда қандай тартил қилган бўлсанг, ҳудди шундай тартил қил. Албатта, сeнинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконифан бўладир, дeйилади”, дeдилар” (Абу Довуд ва Тeрмизий ривояти).

Оламлар Роббисининг хос бандаси бўлишни хоҳлайсизми?! УНДАЙ БЎЛСА, ҚУРЪОН ЎҚИНГ!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда кeладики: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон аҳллари Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир (Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Бу каби Қуръон ёдлаш ва уни тиловат қилиш фазли ҳақидаги оят, ҳадислар кўплаб ворид бўлган. Уларнинг барчасини кeлтиришга қалам ожиздир, шунинг учун сўзимизни мухтасар қилиб бир ҳикмат билан якунлаймиз.

Ҳумайдил Ҳуманий айтадилар: “Мeн Суфёни Саврий роҳимаҳуллоҳдан: “Сизга Аллоҳ йўлида ғазот қилувчи киши сeвимлироқми ёки Қуръон ўқувчими?”, дeя сўрадим. У киши: Қуръон ўқувчи мeнинг наздимда сeвимлироқ, чунки, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръон ўрганган ва ўргатганингиздир”, дeганлар, дeя жавоб бeрдилар.

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси
304-гуруҳ талабаси Нурмаматов Шермуҳаммад

105370cookie-check“ҚУРЪОН ЎҚИНГ”
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting