51. Имом Абу Абдуллоҳ Фахриддин Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Розий раҳматуллоҳи алайҳи (606-ҳижрий санада вафот этганлар.) «Тафсирул кабир» ёки «Мафотиҳул-ғайб» номли тафсирларида қуйидаги оятни шундай тафсир қилганлар:

وهو العلي العظيم (سورة البقرة – 255) – لا يجوز أن يكون المراد منه العلو بالجهة والمكان 

У – олий ва буюкдир (Бақара сураси, 255-оят).

У зотнинг Алий эканидан, тараф ва макон жиҳатидан баланддалиги ирода қилинган бўлиши жоиз эмас.

52. Қози Исмоил ибн Иброҳим Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи (629-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-баён эътиқоду аҳлис-суннати вал-жамоа» китобида айтадилар:

ومن أول حمل الاستواء على الاستيلاء

Истивога энг аввало, эгаллади деган маъно берилади.

53. Шайх Сайфиддин Омадий Ҳанбалий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (631-ҳижрий санада вафот этганлар) «Абкорул-афкор» китобида ёзадилар:

أن تفسير الاستواء بالاستيلاء من أحسن التأويلات وأقربها

Истивони эгаллаш деб тафсир қилиш таъвилларнинг энг гўзали ва энг яқинидир.

54. Мулла Сирожиддин Жавоҳирбек ибн Сулаймон Муршид раҳматуллоҳи алайҳи (634-ҳижрий санада вафот этганлар) қуйидагича ёзганлар:

فالله موجود قبل الزمان والمكان وهو خالق الزمان والمكان ولا يحتاج إلي الزمان والمكان فهو مستو على العرش بلا كيف وما له من مكان ولا يجري عليه زمان ولا يقال متى كان وكيف وأين ولا يقال في كل مكان بل يقال الله موجود بلا كيف ولا مكان ولا زمان

Аллоҳ таоло замон ва макондан олдин ҳам мавжуд эди. У зот замонни ҳам, маконни ҳам яратган. У зот замонга ҳам, маконга ҳам муҳтож бўлмайди. У зот «қандай»сиз Аршга истиво қилган. У зот маконсиздир. У зотга замон ҳам жорий бўлмайди. У зот қачон, қандай, қаерда бўлган дейилмайди. Ва ҳамма ерда деб ҳам айтилмайди. Балки, Аллоҳ «қандай»сиз, маконсиз, замонсиз мавжуддир деб айтилади («Тавҳиду Мавлоно» китобидан).

55. Фақиҳ ва наҳв олими Абу Амр Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб Моликий раҳматуллоҳи алайҳи (646-ҳижрий санада вафот этганлар) «Амолий»да айтадилар:

فإنما أتى ب“على“ لما في الاستواء من معنى الاستيلاء ألا ترى إلى قوله تعالى: ثم استوى على العرش (سورة الفرقان – 59) وقول الشاعر: قد استوى بشر على العراق يريد بذلك علو القهر

Истиво ҳақидаги гапда «алаа» билан келса, эгаллаш маъносида бўлади. Аллоҳ таолонинг «Сўнгра Аршга истиво қилди» деган оятига ҳамда шоирнинг «дарҳақиқат, Бишр Ироққа истиво қилди» деган сўзига қаранг, бу билан ҳукмронликнинг юксаклигини ирода қилади.

56. Шайхул-Ислом Муфтий Абу Муҳаммад Иззуддин Абдулазиз ибн Абдуссалом Суламий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (660-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-ишора илал-ийжоз» китобида айтадилар:

استواؤه على العرش وهو مجاز عن الاستيلاء على ملكه وتدبيره إياه

Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилиши У зотнинг Аршга подшоҳ экани ва уни фақат Ўзи тадбир қилишига биноан, эгаллаш деган маънодан мажоздир.

57. Муфассир алломалардан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Қуртубий Андалусий раҳматуллоҳи алайҳи (671-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» оятининг тафсирида айтадилар:

إذا وجب تنزيه الباري سبحانه عن الجهة والتحيز فليس بجهة فوق عند العلماء المتقدمين والمتأخرين لأنه متى اختص بجهة يلزم أن يكون في مكان أو حيز و يلزم المكان والحيز: الحركة والسكون للمتحيز والتغير والحدوث

Мутақаддим ва мутааххир уламолар наздида, модомики Борий сунҳанаҳуни тараф ва чегараланишдан пок деб билиш вожиб экан, демак (истивонинг маъноси) юқори тараф эмас. Чунки У зот тараф билан хосланса, бирор макон ёки чегаранинг ичида бўлиши лозим бўлиб қолади. Бирор макон ёки чегаранинг устида бўлиш эса чегараланаётган зотга ҳаракат, тўхташ, ўзгариш ва янги пайдо бўлганликни лозим қилади.

58. Тасаввуф аҳлларидан Жалолиддин Румий номи билан машҳур мавлоно Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Баҳоуддин Балхий раҳматуллоҳи алайҳи (672-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

هيهات لا تشبهون الله الخلائق فاستوى على العرش به لائقا

Ҳайҳот! Аллоҳни халойиққа ўхшатманг! У Ўзига лоиқ ҳолда Аршга истиво қилган. («Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон», Абул Қосим Ҳиндий)

59. Муҳаддислардан аллома Абу Закарийё Яҳё ибн Шараф Нававий раҳматуллоҳи алайҳи (676-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

أن الله تقدس وتعالى قد استوى على العرش في الحقيقة ولكن لا ينبغي في ذلك استوى بذاته على العرش بل هو استوى على عرشه بما يليق به بلا تمكن ولا التصال ولا استقرار

Аллоҳ тақаддаса ва таоло ҳақиқатдан ҳам Аршга истиво қилган. Лекин бундан У Ўз зоти билан Аршга истиво қилгани келиб чиқмайди. Балки У зот Ўз Аршига Ўзига лоиқ бўлган ҳолда, макон тутмасдан, ўрнашмасдан ва қарор топмасдан истиво қилган (Шайх Фузайл «Жавоҳирул-калом»да келтирган).

60. Улуғ муфассир ва фақиҳ имом Абдуллоҳ ибн Умар Қозий Байзовий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (691-ҳижрий санада вафот этганлар) «жория ҳадиси»даги «في السماء» ҳақида шундай деганлар:

لم يرد به السؤال في مكانه فإنه منزه عنه والرسول أعلى من أن يسأل ذلك بل أراد أن يتعرف أنها مشركة أو موحدة لأن كفار العرب لكل قرم منهم صنم مخصوص يعبدونه ولعل سفهاءهم كانو لا يعرفون معبودا غيره فأراد أن يعرف أنها ما تعبد؟ فلما قالت: في السماء, وفي رواية: أشارت إلى السماء فهم منها أنها موحدة تريد بذلك نفي الآلهة الأرضية التي هي الأصنام لا إثبات السماء مكانا له تعالى

Ҳадисда Аллоҳнинг макони ҳақида сўраш ирода қилинмаган. Аллоҳ макондан поклиги шубҳасиз. Пайғамбар ҳам бундай савол беришдан олийдир. Балки у зот жориянинг мушрика ё муваҳҳида эканини билишни истаганлар. Чунки араб кофирларининг ҳар бир қавмга тегишли, ибодат қиладиган махсус санами бўлган. Кошки, уларнинг нодонлари бошқа маъбудни билишмаган бўлса! Шу боисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жориянинг нимага ибодат қилишини билишни истадилар. Жория: «Осмонда!» – деб айтгач, бошқа ривоятга кўра, у осмонга ишора қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг муваҳҳида эканини, ушбу сўзи билан эса, Аллоҳ таолога осмонни макон дея исбот қилишни эмас, санамлардан иборат ердаги олиҳаларни инкор этишни хоҳлаганини тушундилар (шайх Закарийё Кандеҳлавий «Авжазил-масолик»да келтирган).

Тошкент ислом институти битирувчиси

Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли

 

105710cookie-checkИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАР ИМОМ АШЪАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР (олтинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting