1. Машҳур муфассир аллома Имодуддин Абул-Фидо Исмоил ибн Касир Димашқий раҳматуллоҳи алайҳи (774-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзининг «Тафсирул-Қуръонил Азийм» китобида «истиво» оятини тафсир қилиб шундай деганлар:

وإنما يسلك في هذا المقام مذهب السلف الصالح: مالك والأؤزاعي والثوري والليث ابن سعد والشافعي وأحمد ابن حنبل وإسحاق ابن راهويه وغيرهم من أئمة المسلمين قديما وحديثا وهو إمرارها كما جاءت من غير تكييف ولا تشبيه ولا تعطيل والظاهر المتبادر إلى أذهان المشبهين منفي عن الله فإن الله لا يشبهه شيء من خلقه و ليس كمثله شيئ وهو السميع البصير(سورة الشورى – 11)

Бу мақомда Молик, Авзўий, Саврий, Лайс ибн Саъд, Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ишоқ ибн Роҳвайҳ каби салафи солиҳларнинг ҳамда бошқа-да, мусулмонларнинг аввалда-ю яқинда ўтган имомларининг йўли тутилади. Яъни, оятда қандай келган бўлса, қандайликсиз, ўхшатишсиз ва инкор қилишсиз тушунилади. Ташбеҳ қилувчиларнинг мияларига келган зоҳир кўринишлар Аллоҳ таолодан инкор этилади. Чунки Аллоҳ – Ўзи яратган нарсаларининг ҳеч бири У зотга ўхшамайди. «Ҳеч бир нарса Унинг мисли каби эмас. У ўта эшитувчи, ўта кўргувчи Зотдир» (Шуро сураси, 11-оят).

  1. Аллома Акмалиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Бобартий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (786-ҳижрий санада вафот этганлар) имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг «Васийят» рисоласига ёзган шарҳида истиво сўзининг кўплаб маъноларини зикр қилинг, сўнгра айтадилар:

على أن الترجيح للاستيلاء لأنه تعالى تمدح به والاستواء للمدح فيما بينهم يفهم منه الاستيلاء وتخصيصه باعتبتر أعظم المخلوقات

Таржиҳ қилинган маъно эгаллашдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзини мақтаган. Истиво эса маънолар ичида мақташ учун бўлиб, ундан эгаллаш маъноси тушунилади. Аршни хослаш эса яратилмиш нарсаларнинг энг улуғи бўлгани учундир.

  1. Аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи (792-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг машҳур «Шарҳул-ақоидин Насафийя» номли, ақоид илми уламолари наздида жуда мўътабар ҳисобланган асарида, жумладан қуйидагиларни айтганлар:

ولا يتمكن في مكان لأن التمكن عبارة عن نفوذ بعد في بعد آخر متحقق أو متوهم يسمونه المكان والبعد عبارة عن امتداد قائم بالجسم (وهو العرض) أو بنفسه (وهو الجوهر) عند القائلين بوجود الخلاء والله تعالى منزه عن الامتداد والمقدار لاستلزامه التجزئ

Аллоҳ бирор маконга жойлашмайди. Чунки маконга жойлашиш бир ўлчамдан бошқа ўлчамга ўтишдан иборат, макон дея номланувчи ҳақиқат ёки ҳаёлий нарсадир. Ўлчам эса бўшлиқни мавжуд дейдиганлар наздида жисман (у араздир) ёки моҳиятан (у жавҳардир) мавжуд нарсанинг катталашишидир. Аллоҳ таоло катталашиш ва миқдордан буткул покдир. Чунки у (катталашиш ва миқдор) бўлакларга бўлинишни ҳам талаб қилади.

وإذا لم يكن في مكان لم يكن في جهة لا علو ولا سفل ولا غيرهما لأنها إما حدود وأطراف للأمكنة أو نفس الأمكنة باعتبار عروض الإضافة إلى شيئ

Ва агар Аллоҳ маконда бўлмаса, бирор тарафда ҳам бўлмайди, на тепада, на пастда ва на бошқасида. Чунки тараф, бирор нарсага нисбат беришни ифодалаши эътиборидан ё маконларнинг чегаралари ва ён-атрофи, ёки маконларнинг ўзидир.

  1. Аллома Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи (808-ҳижрий санада вафот этганлар) айтганлар:

آية الاستواء لا تدل على أن الله مستقر على العرش أو متمكن فيه ولا تدل على أنه فوق السماء بذاته لأن هؤلاء المعاني كلهم تشبيه

Истиво ояти Аллоҳнинг Арш устида ёки ундан бошқа жойда қарор топганига ҳам, ёки Аршда макон тутганига ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, бу оят Аллоҳнинг Зоти билан осмон устида эканига ҳам далолат қилмайди. Чунки ушбу маъноларнинг барчаси ташбеҳдир (Ҳишом Мисрийнинг «Идрокул-аҳвол ъала аржаҳил-ақвол» китобида нақл қилиб келтирилган).

  1. Аллома Маждуддин Муҳаммад ибн Яъқуб Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳи (817-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Басоир завит-тамйиз» китобида айтадилар:

الاستواء بمعنى القهر والقدرة

Истиво сўзи ҳукмронлик ва қудрат маъносидадир.

  1. Шайх Иззуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (819-ҳижрий санада вафот этганлар) «Даржул-маолий шарҳу бадъил-амолий» китобида айтадилар:

مذهب أهل الحق أن الله تعالى ليس في جهة ولا مكان وفي قوله تعالى: الرحمن على العرش استوى (سورة طه – 5) المراد منه استولى

Ҳаққ аҳлининг мазҳаби шуки, Аллоҳ таоло бирор маконда ҳам, тарафда ҳам эмас. Аллоҳ таолонинг каломидаги «Раҳмон Аршга истиво қилди» («Тоҳо» сураси, 5-оят) оятидан мурод эса эгаллади деганидир.

  1. Ибн Ҳумом номи билан машҳур аллома Камолиддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (861-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-мусояра» китобида айтадилар:

أما كون المراد أن الاستواء استيلاؤه على العرش فأمر جائز الإرادة

Аммо истиводан Аллоҳнинг Аршни эгаллагани ирода қилинган бўлиши ирода жоиз санайдиган ишдир.

  1. Имом Жалолиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (864-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-бадрут-толеъ» китобида шундай деганлар:

فيؤول الاستواء بالاستيلاء

Истиво лафзи эгаллаш маъносида таъвил қилинади.

  1. Аллома Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Махлуф Абу Зайд Саолибий раҳматуллоҳи алайҳи (875-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-жавоҳирул-ҳисон» номли тафсирида айтганларки:

والقاعدة في هذه الآية ونحوها منع النقلة وحلول الحوادث ويبقى استواء القدرة والسلطان

Бу ва бунга ўхшаш оятлардаги қоида кўчиш ва янгиликлар пайдо бўлишини инкор этишдир, қудрат ва салтанат маъносидаги истиво эса боқий қолади.

  1. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон Кофийжий раҳматуллоҳи алайҳи (879-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ат-тайсир» китобида айтадилар:

الظاهر أن المراد من الاستواء هو الاستيلاء بما لاح لي من الدليل فذلك تأويل برأي الشرع

Далиллардан менга аён бўлган зоҳир гап шуки, истиводан мурод эгаллашдир. Ушбу маъно шариат раъйи асосида таъвил қилишдир.

Тошкент ислом институти битирувчиси
Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли

106150cookie-checkИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАР ИМОМ АШЪАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР (саккизинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting