Маънавият сабоқлари 

Бугун ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу глобал тармоқ кириб бормаган соҳа деярли йўқ. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар эса асосий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун дунё “кафтимиз”да. Телефонни қўлга олиб, бир зумда дунёдан бохабар бўламиз. Зарур маълумотларни бир лаҳзада топишимиз мумкин. Бироқ глобал тармоққа жойланаётган ҳамма маълумотлар ҳам тўғрими?

Афсуски, бу маконда нохолис ахборотлар, нотўғри маълумотлар ҳам йўқ эмас. Демак, бу бизнинг рост ва ёлғон қаршисида турганимизни англатади.

Юртимизда ҳозирги кунда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ортиқни ташкил этади. Уларнинг асосий қисми ёшлардир. Етарли билим ва тажрибга эга бўлмаган ёшларимизнинг ростни ёлғондан ажарата олмай, гоҳида турли фитналар қурбонига айланаётгани эса жуда ташвишланарли.

Эндигина тетапоя бўлаётган болакай ҳам, мактаб ўқувчиси ҳам, талаба ҳам уяли телефон гирдобига шўнғиб кетган. Улар гоҳ ўйин, гоҳ турли сурат ва видеолардан кўз уза олмай қолган. Бу аҳволда уларга қандай билим бериш мумкин, қандай тарбиялаш керак?

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларнинг катта қисмини ёшлар маънавиятининг тубанлашувига туртки бўлувчи, миллий ва диний қадриятларимизга зид бўлган хабарлар, урф-одатлар ташкил этаётгани эса янада хатарлидир.

Кейинги вақтда тўйларда бўлаётган ҳар хил ножўя ҳаракатлар – ёш йигитларнинг гоҳ ётиб олиб, гоҳ раққосани ерга ташлаб юбориб, гоҳ пул сочиб қилаётган хурмача қилиқлари акс этган видеолар оммалашиб кетди. Тўғри, кўпчилик уларни қоралаб мулоҳазалар ҳам билдирмоқда. Аммо улар аксреклама вазифасини бажаришга хизмат қилаётгани ачинарли. Шундай видеолардан бирида келин-куёв бир-бирига торт едираётгани акс этган. Келин ширинликнинг бир бўлагини куёвнинг оғзига олиб боради, лекин ҳазил қилмоқчи бўлиб қўлини орқага қайтаради. Бунга тоқат қила олмаган куёв бола юзлаб одамлар ўртасида келинчакка шапалоқ тортиб юборади… Жуда ачинарли ҳолат, шундай эмасми? Ҳеч кимдан истиҳола қилмаслик, манманлик, асосийси тарбиясизлик меваси бу. Энг ёмони, бундай ҳолатларнинг тарқалиши ўзига яраша “мева” бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Бу эса глобал тармоқ билан боғлиқ муаммолар тобора долзарблашиб бораётганини англатади. Демак, ҳаётнинг ўзи замонавий телекоммуникация ютуқларидан фойдаланиш тизимини тартибга солиш, муайян одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишни тақозо этмоқда.

Зеро, ота-боболаримиз ўгитларида инсонларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати одоб-ахлоқ тамойилларига асосланмоғи зарур экани таъкидланган. Ҳаттоки илм олиш ҳам одоб-ахлоқ асосида бўлмас экан, бу илмнинг жамиятга фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегиши мумкин. Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда эса миллий қадриятларимиз асосида шаклланган одоб-ахлоққа амал қилиш сув ва ҳаводек зарур қоида эканини бугун ҳар бир соғлом фикрли инсон тушуниб етиши шарт.

Ачинарлиси, бугунги кунда наинки носоғлом, балки ёлғон ахборотлар ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳозиргина берилган битта ахборот ёки ижтимоий тармоқда тарқалган маълумот бироз ўтиб инкор қилинаётгани, яъни ёлғон бўлиб чиқаётгани ҳам сир эмас.

Яқинда айрим ижтимоий тармоқларда маҳаллалардаги масжидлар сони, диний либосда юрадиган, соқол қўйган, миссионерлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда турли мақсадларда чет элга кетган фуқаролар сонини аниқлаш бўйича саводсизларча ёзилган хабар жойлаштирилиб, йиғилган маълумотни ички ишлар идоралари ва маҳалла жамғармасига тақдим этиш кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, хабарда гўёки ушбу кўрсатма Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан берилгани айтилган.

Бу хабарга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Матбуот хизмати тезкор раддия бериб, бундай кўрсатма ва топшириқ Бош вазир томонидан ҳам, Ҳукумат томонидан ҳам берилмаганини маълум қилди. Ҳукумат раҳбарининг барча кўрсатма ва топшириқлари махсус бланкда чоп этилиб, имзо ва муҳр билан тасдиқланиши таъкидланди.

Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу уйдирма ва ёлғон хабарни ким ва қандай мақсадларда тарқатгани юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Кўриниб турибдики, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарларга мутлақ ҳақиқат, деб қараб бўлмайди. Ахборотларни ишончли манбалардан олиш, турли хабарларни ўқиганда, уларни расмий ахборот сайтлари, тегишли идораларнинг расмий веб-сайтларига кириб текшириб кўриш фойдадан холи эмас.

Ижтимоий тармоқларда ўртага ташланаётган масалаларга фикр-мулоҳазалар билдиришдан олдин чуқур ўйлаб, “етти ўлчаб бир кесмоқ”, маълумотни бошқалар билан “баҳам кўриш”дан олдин ўзгаларга тарқатишдан бирор манфаат ва фойда бор ёки йўқ эканини мулоҳаза қилмоқ керак.

Шу ўринда буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Оқил чин сўздан ўзгани демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас” деган ҳикматини эслаш жоиз. Акс ҳолда, кимгадир яхшилик қиламан, деб инсонлар орасида турли фитна ва ёмонликларнинг тарқалишига туртки бўлиш эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ орқали етиб келган хабар кимнингдир айби ёки камчилигини очишга қаратилган бўлса, у хабарни маълумот учун сақлаб қўйиш ёки ўзгаларга ҳам камчиликни ошкор қилиш ўрнига, ўша маълумотни ўчириб ташлаш мақсадга мувофиқ. Афсуски, ҳозирда бирор кимсанинг озгина айби, камчилиги зоҳир бўлиб қолса, уни яшириш ўрнига бошқа камчликларини ҳам қидириш одатга айланиб бораяпти.

Ёшларимиз бўҳтон тарқатиш, кимнингдир шаънини булғаш ахлоқ меъёрларига ҳам, қонунчиликка ҳам зидлигини тушуниб етиши зарур.

Энг аввало, инсон интернет ва ижтимоий тармоқларга киришдан олдин аниқ мақсадни белгилаб олиши керак. Чунки, бу тармоқларга мақсадсиз кириш турли сайтлар доирасида олтинга тенг вақтни беҳуда сарфланишига сабаб бўлади.

Интернет шундай мулоқот майдоники, унда ижтимоий назорат ҳам, ён-атрофдагиларнинг таъсири ҳам йўқ. Бунинг устига ҳозирда интернет тармоғидаги кўплаб саҳифаларга фойдаланувчини асл мақсадидан чалғитишга мўлжалланган спам шаклидаги турли беҳаё суратлар, видеоролик рекламаларининг жойлаштирилиши одатий ҳолга айланиб қолди. Бундай шароитда ўзини-ўзи назорат қила олмайдиган, иродаси суст фуқаролар, айниқса, ёшлар виртуал тармоқдаги беҳуда, зарарли ва бешарм саҳифаларга чалғиб кириб кетиш эҳтимоли каттадир.

Бундай вазиятда ота-оналар, устоз ва мураббийлардан фарзандлар тарбияси учун жонкуярлик талаб этилади. Улар болага интернетдан тўғри фойдаланишни ўргатиши, улар учун фойдали бўлган сайтларни топишда ёрдам бериши зарур. Чунки бугунги кунда ёшларни замонавий ахборот воситаларидан бутунлай чеклаб бўлмайди. Ноўрин чеклов билан биз болада қизиқишни баттар кучайтириб қўйишимиз мумкин.

Шуни унутмаслигимиз керакки, интернетга муккасидан кетган ёшлар бошқалар билан мулоқотда қийналади ва одамови бўлиб қолади. Шунинг учун бу борада зарур тартиб ва меъёр оилада шакллантирилиши лозим.

Бола тартибиясида оила муҳити барқарорлигини сақлашга ҳам эътибор қаратиш жоиз. Уйда уруш-жанжал тез-тез бўлса, бу болани бездириб, бошқа жойдан юпанч излашга мажбур этади. Бунинг энг осон йўли эса интернетга кириб овуниш, турли кўнгилочар мавзуларга берилишдир. Бунинг хатарли томони шундаки, бунда нафақат боланинг дунёқараши бузилиши, балки турли ёт ғоялар, бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолиши мумкин.

Шу боис ҳам мамлакатимизда ёш¬ларни турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикасида ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади”. Эътироф этиш ўринлики, айни пайтда бу борадаги қонунчилик тизими давр руҳига мос тарзда такомиллашиб, янги қонун ҳужжатлари билан янада бойиб бормоқда.

Ёшларни турли ёт ғояларга берилиб кетмасликлари учун уларни эзгу ғояларга ундаш ва бу ғоялар уларнинг ҳаётий шиорига айланишига эришмоғимиз лозим. Ёшларни интернет тизимидан узоқроқ тутишга интилиш эмас, балки ундан оқилона фойдаланишга ўргатиш, ахборот истеъмоли маданиятини юксалтиришга ҳаракат қилишимиз тўғри бўлади.

Халқимиз азал-азалдан миллий ва умуминсоний фазилатлари билан дунё ҳамжамияти орасида алоҳида ажралиб турувчи миллат ҳисобланади. Бағрикенглик, меҳмондўстлик, ҳушмуомалалик, катталарга ҳурмат – буларнинг барчаси халқимизнинг олий фазилатларидан. Шу жумладан, ростгўйлик ҳам. Ҳамма ростгўйликка интилса, инсонлар орасидаги тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилади. Натижада, жамият ҳаёти ҳам ижобий томонга ўзгаради.

Унутмаслик керакки, ижтимоий тармоқлар “ўзаро танишиш”, “дўстлашиш” имкони ҳамдир. Улардан ҳар бир инсон қизиқиши ва манфаатига кўра фойдаланади. Баъзи инсонлар ундан роҳат-фароғат излайди ва қимматли вақтини йўқотиб, кераксиз нарсалар билан банд бўлади. Шундай экан, бугунги кунда турли кўринишдаги ахборот воситаларининг нозик жиҳатларини ҳар бир онгли киши англаб етиши лозим. Чунки бундай алоқа тармоқлари турли йўллар билан, гарчи инсонда хоҳиш бўлмаса ҳам, ўзига жалб қилиб, чангалига тортади.

Албатта, фикр, сўз эркинлиги ҳар биримизнинг ҳуқуқимиз. Аммо бу қонун-қоидалардан мутлақо чиқиб кетишни англатмайди.

Миллий ва диний қадриятларни ёшларнинг онгига сингдириш орқали уларни Ватанга фидойи, мустақил фикрига эга, баркамол шахслар қилиб тарбиялаш бурчимиздир.

Ижтимоий тармоқ воситалари ва уларнинг ёшларга салбий таъсирини ҳар томонлама ўрганиш, ростни ёлғондан ажратиш, зарарли таъсирнинг олдини олиш бутун дунёда маънавий ва ахлоқий меъёрларни сақлаб қолишда беқиёс аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, глобаллашув замонида одамларни интернет тармоғидан узиб қўйишнинг имкони бўлмагани учун ҳам фақатгина унинг фойдали жиҳатларини олиб, зарарли тарафларини тарк этиш малакасини ҳосил қилиш билангина ижобий натижага эришиш мумкин.

Асрор ИШАНХОЖАЕВ,

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси

Республика кенгаши раиси

Манба: Uza.uz

106170cookie-checkОқил чин сўздан ўзгани демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting