Бағрикенглик гўзал инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бағрикенглик – яқинларингиз, ўзингиздан катталар ёки кичиклар, дўст ва тенгдошларингиз билан сухбат қураётганингизда, муомала қилаётганингизда, турли муносабатларингизда риоя қилишингиз зарур бўлган гўзал хислатдир.

Бағрикенгликнинг луғавий маъноси ўзганинг сизга унчалик ёқмайдиган жиҳатига сабр ва тоқат қилишдир.

“Бағрикенглик” (“тoлeрaнтлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидaмлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

Халқимизда “Кенг феъл, кетмас давлат берсин” деган эзгу тилак бор. Кенгфеъллик бағрикенгликнинг маънодоши бўлиб, майда-чуйда ёқимсиз нарса ва ҳолатларга асабийлашмасликни, жаҳл қилмасликни билдиради.

Отажонингиз сиз ёқтирмайдиган ишни буюрди. “Дада! Менга бу иш ёқмайди”, дейишга шошилманг. Бағрикенг бўлинг. Ўзингизни босиб, сабр билан ота буйруғини бажаринг. Келажакда, катта бўлиб, оила қурганингизда бу яхшилигингиз болангиздан қайтади.

Сизни тенгдошингизнинг ёқтирмайдиган сифатига сабр-тоқат ва одоб ила муносабатда бўлишингиз бағрикенглик дейилади. Бағрикенглик – нажот ва муваффақият, бахту саодат хазинасидир.

Ўзаро бир-бирини тушунмаслик бутун инсоният тарихи давомида ўзаро шубҳаланиш ва ишончсизликнинг, оқибатда турли ихтилофлар ва низоларнинг сабаби бўлган. Улуғ ватандошимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар”, – деган фикрлари чуқур мазмунга эгадир.

Тасаввур қилинг. Ҳамма ўзаро муносабатларда бағрикенг бўлса, одамлар бир-бирини ҳамиша ҳурмат қилса, ҳаёт гўзал, турмуш янада фаровон бўлади. Бағрикенглик бошқалардан кутиладиган фазилат эмас. Сиз биринчи бошлашингиз керак бағрикенгликни. Шунда бу беназир хислат атрофга ёйилиб, олам янада мунаввар бўлади.

Бағрикенгликнинг уч даражаси бор:

Биринчи, бирор кимса билан гаплашаётганингизда унинг хулқи ёки кўринишидаги бирор жиҳат сизга ёқмай қолди. Шунда ҳам сабр билан, унинг “айби”ни юзига солмай тоқат қилдингиз. Бу бағрикенгликнинг қуйи даражасидир.

Иккинчи, сизга кимдир нотўғри ва қўпол муомала қилди. Одоб қоидаларини бузди. Унга нисбатан сабр қилишингиз бағрикенгликнинг ўрта даражасидир.

Учинчи, сизга бирор жиҳати ёқмай қолган ёки сизга нисбатан нотўғри муомала қилган инсонга кечиримлилик билан муносабатда бўлишингиз ва унинг камчилигини кўтариб, ҳеч нима бўлмагандек энг гўзал муомалада бўлишингиз бағрикенгликнинг олий даражасидир. Сабаби, ёмонликни яхшилик билан бартараф қилиш илоҳий амр бўлиб, унга буюк бобокалонларимиз, олиму алломаларимиз, фозилу арбобларимиз, мутафаккир аждодларимиз асрлар давомида амал қилиб келганлар.

Бағрикенгликнинг гендер, ирқий, миллий, лисоний, диний, мулкий ва ижтимоий турлари мавжуддир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида жамият аъзолари ўртасидаги тенглик тамойили қуйидагича ўз ифодасини топган: Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт. Бу икки жинс, эркак ва аёл тоифалари ўртасидаги бағрикенг муносабатдир. Эркаклар аёлларга нисбатан жисмоний ва моддий жиҳатдан кучлироқдир. Бу нисбат ўғил бола ва қиз бола ўртасида ҳам намоён бўлади. Ўғил бола кучли ва бақувват бўлиши билан бир қаторда ўзининг кучи ва салоҳиятини қиз болани камситиш орқали кўрсатмаслиги зарур.

Мактабдош, синфдош қизларга нисбатан хоҳ у кичик, хоҳ катта бўлсин камситмай муомала қилиш, уларга ўз опаси ёки синглисидек муносабатда бўлиш, аёл устозларни онасидек ҳурмат қилиш гендер бағрикенглигини ифодалайди.

Аёлларни фақат олийжаноб кимсаларгина эъзозлайди, уларни пасткаш кимсаларгина хўрлайди. Жамоадош қизлар олдида турли беодобона сўзларни ишлатиш, уларнинг шахсиятига тегадиган гапларни гапириш, ҳақорат қилиш мард эркакларнинг одати эмас.

Дунё аҳолиси уч ирққа бўлинишини яхши биласиз. Ирқий бағрикенглик ўзга инсоннинг оқми, қорами, сариқми, қандай рангда бўлишидан қатъи назар, унга бирдек муносабатда бўлишни англатади.

Ирқий бағрикенглик – инсонларни ташқи қиёфаси ва кўриниши қараб камситмай, ранг-рўйидан камчилик ахтармай, барчага баробар муомалада бўлишдир.

Тенгдошларингизга эътибор берсангиз, уларнинг юз қиёфаси ва кўриниши турли ранг ва шаклга эга эканига гувоҳ бўласиз. Мактабдошларингиз орасида юзи сариқ, буғдойранг, қорамағиз, оппоқлар, кўзи чарос, қисиқ, кўк ва қоралар, қоши қалин ва юпқалар, сочи қуюқ ва сийраклар, бодомқовоқ ва қиррабурунлар учрайди. Ҳар бир инсонда гўзалликни кўра олиш ирқий бағрикенгликни ифодалайди. Академик шоиримиз Ғафур Ғулом таъкидлаганидек:

Гўзаллик юзларда,

Ул қаро кўзларда,

Деганлар янглишар

Гўзаллик ишлайиш,

Манглайни терлатиш

Гўзалдир унган иш,

Мақтанса ярашар.

Инсонга Яратган томонидан ато этилган кўринишни камситиш мард ва олийжаноб кимсалар иши эмас, нобакорлар қилмишидир.

Миллий бағрикенглики инсоннинг қайси миллат, элат, уруғ ва қабила вакили бўлиши, келиб чиқиши ва насли насабидан қатъи назар унга тенг муносабатда бўлишдир.

Миллат ва элат сўзларининг лотинча маъноси “этнос”дир. Бинобарин, миллий бағрикенглик илмий тилда этник бағрикенглик деб ҳам аталади.

Бугун Она Ватанимиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари аҳиллик ва иноқликда ҳаёт қечирмоқдалар.

Тенгдошларингиз орасида турли миллат вакиллари учрайди. Инсонда ирқ ва миллат танлаш имкони йўқ. Она ер сайёрамиз бўйлаб тарқалган одамзот турли миллат ва элатлар йиғиндисидан иборат. Шундай экан, баркамолликка интилган ҳар бир ёш барчага, у қайси миллат вакили бўлмасин, бирдек муомала қилиши зарур. Аввало ўзи мансуб бўлган миллати, урф-одат ва қадриятларини билиши, шу билан бирга ўзга миллат вакилларини ҳам ҳурмат қилиши зарур. Ўз миллатини севмаган, тарихи ва анъаналарини билмаган киши бошқа миллатларнинг ҳурматини жойига қўя олмайди.

Мутахассислар фикрича ер юзида 6800 дан ортиқ тил ва шевалар бор экан. Инсон ўз она тилини, ўз шевасини қанчалик ардоқласа, ўзга тил ва шева соҳибларини ҳам шунчалик эъзозлаши даркор.

Тенгдошларингиз орасида турли вилоят ва қишлоқлар шеваларида сўзловчиларга дуч келишингиз мумкин. Аввало, 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисидаги Қонун”га биноан, ҳар ким оғзаки ва ёзма нутқда ўзбек тилининг адабий тили қоидаларига риоя қилиши керак. Аммо, ҳар бир вилоят, баъзида шаҳар, туман ва қишлоқнинг ўз шеваси борлиги ҳам ҳақиқат. Наманган шаҳри шевасида “боряпти” сўзи, “борутти”, Асака шаҳрида эса “борасти”, Чиноз туманида “борвоттим”, Бухорода “боропти” шаклида қўлланилади. Лисон сўзи араб тилида тил маъносини англатади.

Лисоний бағрикенглик- барча тил ва шеваларни камситмай, тенг кўриш ва уларга бирдек ҳурматда бўлишни англатади.

Бу борада баъзи ёшлар орасида учрайдиган маҳаллийчилик иллатига, сен фалон ерлик, мен писмадон ерлик, санинг тилинг унака, менинг шевам бунақа шаклидаги ихтилоф ва зиддиятларга чек қўйилиши лозим. Машҳур шарқ мутафаккири Шайх Саъдий шундай ёзади:

Бани Одам аъзоий бир бадандир,

Ҳаммаси бир моя, бир гавҳардандир.

Танангда бир аъзо гар бўлса бемор,

Бошқасида қолмас сабр ила қарор.

Ўзгалар ғамини емаса одам,

Анга нолойиқдир инсон деган ном.

Инсоният яралибдики, турли-туманлик унга хосдир. Иқтисодий салоҳияти, молу давлати, бойлигу сарватининг миқдорига қараб қадим-қадимдан одамзот бой, ўзига тўқ, ўрта ҳол ва иқтисодий ночор каби ҳолатларда турмуш кечирган. Лекин молу мулк кўплиги ёки озлигига қараб одамларни тоифага ажратиш улуғ аждодларимиз, олиму мутафаккирларимиз томонидан қораланиб келинган. Конституциянинг 18-моддаси ҳам айни ҳақиқатни ифодалайди. Сабаби, бойлик ва ночорлик нисбий ҳамда ўзгарувчан тушунча. Не-не мулк эгалари арзимас сабаб билан ночор ҳолатга тушиб қолганлар. Не-не ночорлар бир баҳона билан бадавлат бўлиб кетганлар.

Тенгдошларингиз орасида иқтисодий ва мулкий ҳолати турлича бўлганлари бор.

Мулкий бағрикенглик – инсонларни мулкдор ёки мулксиз, бой ёхуд камбағалга ажратмай, барчага тенг муомала ва муносабатда бўлишдир.

 Моддий жиҳатдан тўқ кишилар ночор оилалардан ҳолидан мунтазам хабар олиши, етим-есир ва бева-бечораларга мурувват кўрсатиши халқимизга хос энг эзгу қадриятлардандир. Оилавий шароити ночорроқ бўлган мактабдошингиз, синфдошингизга меҳр кўзи билан қараб, ота-онангиз ва устозларингиз билан баҳамжиҳат ҳолда уни қўллаб-қувватлашингиз бағрикенгликнинг олий намунасидир.

Ижтимоий бағрикенглик – ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтод бўлган кишилар, жисмоний ногиронлиги бўлган шахсларни камситмай, уларга тенг муносабатда бўлишдир.

Бугун жисмоний ҳолати ва саломатлиги турлича бўлган инсонларга дуч келамиз. Кўриш, эшитиш, гапириш, туриш, юриш ва ҳаракатланиш жиҳатдан нуқсонга учраган жисмоний ногиронлиги бор шахслар ҳам учраб туради. Тенгдошларингиз орасида ҳам муайян сабаб билан жисмоний ногиронликка учраганлари бўлса уларни қўллаб-қувватлаш, кўнглини кўтариш, ижодий салоҳиятини юзага чиқаришда ёрдам бериш, мактаб таълим дастурини ўзлаштиришларида имкон даражасида мададкор бўлиш айни бағрикенгликдир.

 Дунёда мавжуд 7,5 миллиард одамнинг ҳар бири ўз диний ва эътиқодий дунёқарашига эга. Дунё аҳолисини инсоният деб аталмиш ягона тушунча бирлаштиради. Барча одамзотнинг илк отаси Одам Ато ва дастлабки онаси Момо Ҳавонинг фарзандларидир.

Диний бағрикенглик – бирор кишига нисбатан унинг дини ва эътиқодига қараб эмас, балки унинг аввало инсон эканлигини эътиборга олган тарзда муомала қилишни англатади.

Диний бағрикенглик – ҳар бир инсон ўз динига эътиқод қилишга ҳаққи борлигини тан олишдир.

Диний бағрикенглик – ўзга дин ва эътиқод вакилларига нисбатан ҳурматда бўлишдир.

Диний бағрикенглик – ўзи учун бегона бўлган дунёқараш вакилларига нисбатан хавотир ва нафрат билан эмас, балки хотиржамлик ва самимият билан муносабат кўрсатишдир. Бу диний бағрикенгликнинг маданий кўринишидир.

Маданият – инсон фаолияти давомида амал қилиши зарур бўлган, у яшаётган жамият аъзолари томонидан қабул қилинган одоб қоидаларидир.

Диний бағрикенглик маданияти – ўзга дин ва эътиқод вакиллари билан умуминсоний қадриятларга амал қилган ҳолда самимий мулоқот қилишни ифодаловчи хатти-ҳаракатлар йиғиндисидир. Диний бағрикенглик маданияти – турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик ва ижтимоий ҳамкорликни таъминловчи меъёрлар мажмуасидир. У ўзга дин ва эътиқод вакили билан турли ҳолатларда: сўзлашганда, суҳбатлашганда, қўни-қўшничилик, касбдошлик каби муносабатлардаги ахлоқ-одоб қоидаларини белгилаб беради.

Диний бағрикенглик маданияти асослари қуйидагилардир:

Биринчидан, таниш ёки нотаниш ўзга дин, эътиқод ва дунёқараш вакиллари билан суҳбатлашганда ўзингизни тўғри тутишга эътибор беринг. Унга боққанингизда кўзингиз нафрат ва камситишдан узоқ, сўзингиз айблаш ва таҳқирлашдан йироқ бўлсин.

Иккинчидан, ўзга дин ва эътиқод вакили билан турли сабаблар билан суҳбатлашганингизда диний ва ақидавий мавзуларда гаплашишдан сақланинг.

Учинчидан, суҳбатдошингиз ўз дини ёки ақидасини мақташни бошласа, бундай суҳбатни дарҳол тўхтатиш, жуда бўлмаса бошқа мавзуга кўчириш даркор.

Тўртинчидан, икки дин вакили ўртасидаги суҳбат бир-бирини ўз динига даъват қилишга айланиб кетмаслиги лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Амалдаги қонунларимизга кўра миссионерлик – бир дин вакилини бошқа динга тарғиб қилиш ва прозелитизм – бир дин вакилини бошқа динга мажбурлаш таъқиқланади.

Бешинчидан, маҳалла, қўни-қўшнилар орасидаги ўзга дин ва эътиқод вакилларии бошқалардан ажратилмайди, уларнинг ҳам қўшничилик ҳақларига риоя қилинади. Бемор бўлса ҳол-аҳвол сўралади, бирор қийинчиликка учраса ёрдам берилади, катталарига ҳурмат, қичикларига иззат билан муомала қилинади. Турли байрамлар муносабати билан қўшниларга совға-салом улашилганда уларга ҳам кам қилмай, баб-баробар берилади.

Олтинчидан, синфдош, мактабдош, тенгдошларингиз орасида турли дин ва эътиқод вакиллари бўлса уларнинг ҳурматини сақлашингиз лозим. Диний ва ақидавий масалаларни ўртага қўйиб улар билан тортишманг. Акс ҳолда жамоа орасида турли фитна-фасодларнинг тарқалишига сабабчи бўлиб қолишингиз, оқибатда инсонларнинг ўртасидаги ҳамжиҳатликка путур етказиб қўйишингиз мумкин.

Еттинчидан, диний бағрикенглик ўзга дин ва эътиқод вакилларини ҳурмат қилиш билан бирга ўз дини ва эътиқодида собит туришни англатади. Диний бағрикенглик ҳар хил диний таълимотларни бир-бирига аралаштириб юбориш эмас, ҳар ким ўз имони ва ақидасига эркин риоя қилишидир.

Саккизинчидан, диний бағрикенгликнинг ҳам ўз меъёри бор. Бу биринчидан турли дин ва эътиқод вакилларига сабр ва тоқат билан муомалада бўлишни англатса, иккинчидан, давлат сиёсатига қарши чиқувчи, диний адоватни тарғиб қилувчи оқим ва секталар вакилларига инкор ва муросасизлик билан муносабатда бўлиши тақозо қилади.

Бузғунчи кучларга нисбатан бағрикенглик нотўғридир. Уларнинг бирортасига тасодифан йўлиқсангиз ёки мулоқот қилганингизда шундай кимсани сезиб қолсангиз дарҳол ота-онангиз, устозингиз, мураббийингиз, мактаб ва маҳалла маъмуриятига хабар беринг. Бу йўл билан Сиз мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашга ҳисса қўшган бўласиз.

Диёримизда асрлар давомида турли дин ва эътиқод вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирганлар. Тарихчилар Марказий Осиёда қадим-қадимдан диний зиддиятлар, низо ва тўқнашувлар бўлмаганини таъкидлайдилар. Муқаддас ислом динининг VII асрда ўлкамиз бўйлаб ёйилишининг асосий сабабларидан бири ҳам аждодларимиз бу динни онгли равишда қабул қилганларидир. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу қадим диёр не-не ўзгаришлар, урф-одат, қадрият, анъана ва маданиятларнинг ўзаро учрашуви ва мулоқотига замин бўлган. Аммо сиз билан биз фахрланадиган жиҳат – мамлакатимизда азал-азалдан диний бағрикенглик муҳити ҳукм сурган. Юртимиз тарихига назар ташласак, унда ўтмишнинг турли даврларида зардўштий, буддавий, яҳудий, христиан ва ислом дини вакиллари ўзаро келишмовчиликларсиз ҳаёт кечирганларига гувоҳ бўламиз.

1995 йил 16 ноябр¬да Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси – ЮНЕСКО «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси» (№ 5.61-сонли резолюция)ни қабул қилди. 1997 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий бошқарув органи – Бош Ассамблея қарорига мувофиқ эса мазкур Декларация қабул қилинган кун, 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинди.

2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида A/Res/73/128-рақамли “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси 193 та аъзо мамлакатлар томонидан якдиллик билан қабул қилинди. Аъзо мамлакатларнинг 50 дан ортиғи бу резолюцияни нафақат қўллаб-қувватлашларини, балки унга ҳаммуаллиф бўлишларини таъкидладилар. Эътиборли жиҳати, тарихий аҳамиятга эга бўлган мазкур халқаро ҳужжатни қабул қилиш ташаббуси она Ватанимиз – юксалаётган Ўзбекистонга тегишли.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилиниши глобал аҳамият касб этиб, халқаро ҳамжамиятнинг жаҳондаги тинчлик, осойишталик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун қўйган навбатдаги муҳим қадами бўлди. Мазкур халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши ўзбек дипломатиясининг беқиёс ютуғи, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг юксак эътирофи экани маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида такрор-такрор қайд этилди

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан олқишлар билан қабул қилинди. Хориж оммавий ахборот воситаларидан бири қайд этганидек: “Биз шу пайтгача дунёни гўзаллик қутқаради, деб келдик. Мазкур резолюциядан сўнг бу ибора ўзгарди: “Дунёни маърифат қутқаради”.

Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Саиджалолов Раҳматуллоҳ

107330cookie-checkДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА КОНФЕССИЯЛАРАРО МУЛОҚОТ МАДАНИЯТИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting