Ўзбек халқининг тарихи шавкатли шарафли ва буюкдир. Шундай бўлишлигида буюк аждодларимизнинг ҳиссаси каттадир. Улуғ бобокалонларимизнинг ҳаётлари буюк бир мактаб, катта ибрат, ўзлари буюк устоз эдилар. Нафақат тарихимиз, балки дунё тамаддунида уларнинг улкан ҳиссалари бордир. Шунинг учун нафақат биз ўзбек халқи, балки дунё халқлари улар билан фахрланадилар. Биз авлодларнинг улар олдидаги бурчимиз улар билан фахрланибгина қолмай, балки уларга муносиб ворис авлод бўлишликдир.

Устозларимиздан бири шундай ҳикоя қилади: Мустақилликнинг илк йилларида Миср Араб Республикасидаги Азҳар университетига ўқишга бордим. Дарснинг илк куни ҳар доимгидек устоз талабалар билан танишишдан бошлади. Навбат менга келганида исм-шарифимни айтиб, Ўзбекистонданман дедим. Шунда устоз Покистон деб тушуниб Покистондан Номози Шарифданмисиз деб сўради. Мен йўқ, Ўзбекистонданман, Бухорийни юртиданман, Бухорийнинг авлодлариданман деб ўзимни қайтадан таништирдим. Устоз мени олдиларига чақирди. Мен ёнларига бордим. Устоз ўрнидан туриб пешонамдан ўпдилар ва талабаларга қарата сизлар ҳам дарс тугагандан кейин мени кўрсатиб, бу шеригингизнинг пешонасидан ўпиб қўйинглар деб буюрди ва менга сиз биздан кўра Бухорийга яқинроқ экансиз, Бухорий хақида бизга гапириб беринг дедилар. Мен Олий маъҳадни тамомлаган эдим, араб тилида оз-моз сўзлаша олар эдим. Бухорий ҳақида тўлқинланиб гапира бошладим. Гапира туриб имом Бухорийнинг “Сахихи жомиъ” деган китоблари бор ва у Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради деб айтган эдим ҳамки, устоз мени тўхтатдилар. Мен ҳам Бухорийнинг китобларини Қуръонга тенглаштириб қўйдиммикан деб қўрқиб кетдим. Устоз мени койиб Бухорийнинг саҳиҳлари Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради демагин! Унда Бухорийнинг китоблари даражасини тушуриб қўясан, балки биринчидан кейинги биринчи деб айтгин дедилар. Қуръон мусулмонларнинг биринчи китоби бўлса Қуръондан кейинги биринчи китоб имом Бухорийнинг китобларидир дедилар. Мен ичимда имом Бухорийнинг зуриёди эканлигимдан фаҳр ва ғурур туйдим. У зот туғилиб ўсган, яшаган диёрда дунёга келганлигимдан жуда хурсанд бўлдим.

Минг йиллар олдин яшаб ўтган бобомизнинг ҳурматини қарангки, гўёки бобомиз ҳали ҳам яшаётгандек. Биз авлодлар у зотларнинг ҳурматидан иззату-икром кўриб келмоқдамиз.

Бир шеърда келади:

Улуғ аждодлар каби бўла олмасангиз ҳам,

Уларга ўхшашга ҳаракат қилинг.

Уларга ўхшашликка ҳаракатнинг ўзи,

Буюк бир олийжанобликдир.

Гулистон тумани “Кўнчи” жомеъ масжиди имом хатиби Мирзамиддинов Аслиддин

108400cookie-checkАждодларга муносиб авлод бўлайлик
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting