Ер-юзида инсон зоти ҳаётини бошлабдики, тиним билмай йуксалиш ва тараққиёт сари одимлайди. Лекин бу ўз-ўзидан, кенг ва равон йўлдан бориб етиладиган манзил эмас. Бу йўлда одамзодга ғов бўладиган, оёғидан тортиб, чалғитадиган иллатлар ҳам бор. Шундай хатарлардан бири бу-коррупциядир.

Тилимизга оид луғатларда ёзилишича, коррупция лотинча сўз бўлиб, “бузиш”, “айниш” деган маъноларни англатади ва бирор мансабдор шахснинг қонунчиликка ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлари мақсадида фойда олиши, деб изоҳланади. Коррупциянинг энг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик киради.

Бундай жиноятларнинг содир этилиши биринчи навбатда иқтисодиётни заифлаштириб, бошқарувни издан чиқаради. Қолаверса фуқароларни давлат бошқарувига нисбатан ишончини поймол қилиб, илм-фан ва меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади.

Инсон тараққиётини асоси шак-шубҳасиз бу илм ва унинг ортидан келиб чиқадиган натижалардир. Бу жиркан жиноятни таълим йўналишига кириши у ёқда турсин, бу сохага яқинлашишида унинг мислсиз оқибатлари яққол намоён бўлади ва бу келажак авлод тараққиёти ва йуксалишига ғов демакдир.

Бу иллатга ер юзидаги барча давлатлар ўз ҳудудидаги ҳолат ва шароитдан келиб чиқиб турли усуллар орқали кураш олиб борадилар. Мисол учун Хитойда бу жиноятга ўрни келганда ўлим жазоси ҳам қўлланиши мумкин.

Мамлакатимизда ҳам бу турдаги жиноятчиликни олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Юртбошимиз ҳам ўз фаолиятларини даставвал мана шу иллатга қарши курашиш билан бошладилар ва бу умумхалқ иши эканини қайта-қайта таъкидлаб келмоқдалар. Чунки бу иллатни йўқотмагунча ҳеч қандай иқтисодий, сиёсий ва маънавий юксалиш бўлмаслиги барчага ойдек равшан.

Одам боласани бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахту-саодат ва тўғри йўлга йўллайдиган муқаддас динимиз таълимотларида ҳам коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб бориш лозимлиги такрор-такрор таъкидланган.

Савбон розияллоҳу анҳу айтдилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам ва иккиси орасидаги ўртакашни ҳам лаънатладилар”. Одатда биз кўпинча пора олувчини ёмонлайверамиз, лекин ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, фақатгина пул ва бошқа матолар орқали ўзи ҳақли бўлмаган нарсаларга эришишга уринаётган берувчи ва пора еб, мансабидан фойдаланаётган олувчини ўзи эмас, балки бу иккисини қовуштираётган, келиштираётган, учраштираётган, таништираётган ва ўзича бу иши билан “яхшилик қилаяпман, инсонларни ҳожатини чиқаряпман”, деб ўйлаётганларнинг барчалари лаънатда баробар бўладилар. Кишини лаънатда қолиши эса энг катта бахтсизликдир.

Яна бир ҳадиси шарифда “Қайси бир қавмда пора олди-бердиси очиқ-ойдин бўлса қўрқинч уларни эгаллаб олади”, дейилган. Қўрқоқлик барчага, хусусан эркак кишига лойиқ бўлмаган сифатдир. У Ватани ва жамиятини ҳиммоя қилиш у ёқда турсин, ўзи ва оиласини ҳам ҳимоя қилишга ярамайди, “пашша учса яширинади”.

Ҳадислардан келиб чиқадиган хулоса битта, у ҳам бўлса бу иллат бевосита иштирокчиларнинггина зиёни эмас, балки бутун қавм, бутун жамиятни зараридир.

Демак, коррупция ва порахўрликка қарши ҳар биримиз курашмоғимиз шарт. Бунинг учун бизлар қонун ва давлат ҳимоясидамиз.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчи-стажёри, Халқаро ислом академияси магистри Содиқжон Қурбанов

 

108420cookie-checkРИВОЖЛАНИШ ТЎСИҒИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting