Ғафлатда ўтказиб узун тунларни,

Кунлари юрсангиз зикрдан айро,

Ор билиб ўзгага салом бермоқни,

Расулни севдим деб қилмангиз даъво,

 

Хўп қилиб каттаю кичик гуноҳни,

Тавбани сурсангиз ортга доимо,

Унутиб келгувчи оғир қисматни,

Расулни севдим деб қилмангиз даъво!

 

Тарк этиб тоатни, гўзал суннатни,

Юрсангиз Набийга бўлиб бевафо,

Севсангиз одат деб ноҳақ бидъатни,

Расулни севдим деб қилмангиз даъво!

 

Шараф деб обрўни, шону шуҳратни,

Ихлосни этсангиз ўздин мосиво

Қасд қилмас бўлсангиз Робб ризосини,

Расулни севдим деб қилмангиз даъво!

 

Одамлар ортидан ёйиб бўҳтонни,

Этсангиз ғийбатли сўзга иттибо,

Излабон мўминнинг айб-нуқсонини,

Расулни севдим деб қилмангиз даъво!

 

Бас тўхтанг гуноҳдан, изланг жаннатни,

Сизга маслак эрур бу йўлда тақво!

Севмасдан исломни, Буюк Аллоҳни,

Расулни севдим деб қилмангиз даъво.

©️ Марварид

108620cookie-checkҚандай севмоқ тўғри бўлур?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting