“Ҳидоя – шарҳу бидоятул мубтадий” китобининг муаллифи имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳдир. У зотнинг тўлиқ исмлари Шайхулислом Бурҳониддин Абул Ҳасан Алий ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Марғиноний бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлганлар. Шайх Абдулҳай Лакнавий айтишларича, у киши ҳижрий 511 йил Ражаб ойининг 8-куни душанбада аср намозидан кейин туғилганлар. 593 йил Зулҳижжа ойи 14-куни чоршанбада Самарқанд шаҳрида вафот этганлар.

Илм таҳсили.

Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ аҳли илм оиласида дунёга келдилар. Оталари ва она томондан боболари у зотни илм ўрганишга қизиқтиришган. У зот ёшлигиданоқ оталарининг қўлида илм таҳсилини бошлаганлар. Боболари ҳам фиқҳий масалаларни ўргата бошладилар. Улар доимий равишда илм таҳсилида бардавом бўлишни, олий ҳиммат соҳиби бўлишни насиҳат қилиб боришарди.

У зот Соид ибн Асъад Марғинонийдан ҳадис илмларини ўрганадилар. Илм талабида Бухоро, Марв, Насаф ва бошқа шаҳарларга сафар қилиб, у ернинг олимларидан илм ўрганганлар.

Имом Марғиноний фақиҳлар наздида.

У зот зоҳид, тақводор, кўп ибодат қилувчи зот бўлганлар. Рўза тутишда бардавом бўлганлари ривоят қилинади. Ҳикоя қилинишича, “Ҳидоя” китобини 13 йил давомида ёзган бўлсалар, ана шу муддат давомида доимий рўза тутганлар. Шу билан бирга у зот рўзаларидан биров хабар топмаслигига интилар, хизматчилари таом олиб келса, талабаларга яширинча садақа қилиб юборардилар. Хизматчи эса, таомни у зот едилар, деб ўйларди. Бироқ Аллоҳ таолони жорий қилган одатига кўра, эзгу амал гарчи ҳар қанча яширин бўлса-да, зоҳир қилиб, инсонларни бохабар қилиб қўяди. У зотнинг ихлоси, тақвоси баракасидан “Ҳидоя” китоби уламолар наздида мақбул китобга айланди.

“Қозихон” номи билан машҳур бўлган фақиҳ Ҳасан ибн Мансур (у зотдан 1 йил олдин вафот этган), имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар, “Муҳит”, “Захира” китобларининг муаллифи Бурҳониддин Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз, “Фатово Зоҳирия”, “Фавоидуз зоҳирия” китобининг муаллифи Заҳируддин Бухорий каби у зотга ҳамаср бўлган буюк олимлар у зотни илм, фазл ва даражаларини эътироф этганлар.

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ у зот ҳақларида шундай деганлар: “Ҳидоя” китоби муаллифининг фиқҳдаги даражаларига “Дуррул мухтор” муаллифининг мингтаси ҳам тенг кела олмайди. Зеро, “Ҳидоя” китоби муаллифининг илми қалбида эди…”.

Имом Заҳабий: “У зот аллома, Мовароуннаҳрнинг олими – Бурҳониддин Абул Ҳасан Алий ибн Абу Бакр бўлиб, илмнинг томирларидан эди”, дея таърифлаган.

Интернетдаги маълумотлар асосида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Абдуллоҳ Қосим тайёрлади.

108730cookie-check“Ҳидоя” китобининг муаллифи имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ – буюк фақиҳ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting