Маълумки, Қуръони каримнинг бир неча ўринларида, хусусан “Бақара” сурасининг 117-ояти, “Оли имрон” сурасининг 47, 57-ояти, “Анъом” сурасининг 73-ояти, “Наҳл” сурасининг 40-оят, “Марям” сурасининг 35-оятларида “كُن فَيَكُون” лафзи келади. Бу лафзларнинг маъноси нима, бу борада аҳли сунна вал жамоа уламолари орасида қандай ихтилофлар бор?

Бу лафзнинг луғавий маъносини тушуниш учун биргина, “Ясин” сураси 82-оятини оладиган бўлсак, унда Аллоҳ таоло айтади;

إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَن يَقُولَ لَهُ كُن فَيَكُونُ

Яъни; “Қачон бирор нарсани ирода қилса, Унинг иши “Бўл” демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур”.

Тафсирда “бўл” деб таржима қилинган лафз-амр, буйруқ бўлиб, араб тилида у икки ҳарф ك ва ن билан, яъни كُنْ билан ифодаланади. Демак, Аллоҳ таоло бирон нарсани бўлишини ирода қилса унг “كُنْ” яъни “бўл” дейди ва у нарса шу заҳотиёқ бўлади ва вужудга келади.

“Аҳли сунна вал жамоа”нинг эътиқодига кўра Аллоҳ таолонинг Қуръон ва суннатда баён қилинган сифатлари зотий сифатлар ва феълий сифатларга бўлинади.

Зотий сифатлари. Бу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотидан ҳеч қачон ажралмагани эътиборидан “зотий” (зотдан ажралмайдиган) сифатлар деб номланган.

Феълий сифатлар. Аллоҳ таолонинг хоҳишига тааллуқли бўлган яратиш, ризқ бериш, истиво қилиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, ғазабланиш ва хурсанд бўлиш каби сифатлар феълий сифатлар ҳисобланади.

Фақатгина зотий ва феълий сифатлар тўғрисидаги баҳслар эътиборидан зотий сифатлари деганда асосан қуйидаги 7та сифатлар тушунилади;

1.Қудрат, 2.Ирода, 3.Илм. 4.Ҳаёт, 5.Самъ (эшитиш), 6.Басор (кўриш), 7.Калом (гапириш)

Биз сўз юритмоқчи бўлган “كُنْ” (бўл) лафзи зотий сифатлардан бўлган “калом” га тегишлидир.

Шу ўринда бир савол туғилади, нарсаларнинг вужудга келиши айнан шу “كُنْ” (бўл) лафзи биланми ёки Аллоҳ таолонинг “ийжод”и (яъни вужудга келтириши) ва таквини (яъни бор қилиши)га боғлиқми !?.

“Аҳли сунна вал жамоа”нинг “мотурийдий” имомларидан Имом Қувнавий “Шарҳул ақоид” китобида айтадилар; “Нарсаларнинг вужудга келиши Аллоҳ таолонинг “كُنْ” (бўл) лафзига боғлиқ эмас балки, нарсаларни вужудга келиши Аллоҳ таолонинг ийжоди (яъни вужудга келтириши) ва таквини (яъни бор қилиши)га боғлиқ. У эса (яъни Аллоҳ таолонинг ийжоди ва таквини) кейин пайдо бўлмаган, ҳодис бўлмаган, азалий сифатдур. Аллоҳ таолонинг нарсаларни “كُنْ” (бўл) лафзи билан вужудга келтириши эса, уларни йўқдан бор қилиб, мақсаднинг тезлик билан ҳосил бўлишида Аллоҳ таолонинг қудрати комиллигини ифодалаш учундир.

Имом Ашъарий ва у кишига эргашганларнинг наздида эса, нарсаларнинг вужудга келиши Аллоҳ таолонинг айнан азалий каломи бўлган “كُنْ” (бўл) лафзига тааллуқлидир. Бу лафз Аллоҳ таолонинг“ийжоди” га (яъни вужудга келтиришига) далолат қилади, “Шарҳут таъвийлот” китобида ҳам шундай келтирилган.

“Ат тайсир” тафсирида айтилади; “Аллоҳ таоло пайдо бўлишини хоҳлаган нарсага “كُنْ” (бўл) калимаси билан хитоб қилиши мана шу хитоби билан унинг бўлиши ва юзага чиқишини ирода қилмаган. Чунки, агар ҳақиқатда унга хитоб қиладиган бўлса, ё йўқ нарсага хитоб қилиб, мана шу хитоби билан юзага чиқиш керак бўлади, ёки мавжуд нарсага мавжуд бўлгандан кейин хитоб қилиш керак бўлади.

Аллоҳ таолонинг йўқ нарсага хитоб қилиши у ҳали “нарса” бўлмаганлиги учун жоиз емас, қандай қилиб унга хитоб қилади ?!. Мавжуд нарсага хитоб қилиши ҳам жоииз емас, чунки у айни пайтда бор ва мавжуд бўлиб, қандай қилиб унга “бўл” дейилади ?! . Демак, Аллоҳ таолонинг “كُنْ” (бўл) дейиши, бирон нарсанинг бўлишини ирода қилган ва хоҳлаган пайтда унинг шу ондаёқ бўлиши ва юзага келишини ифодалайди. Агар “нарсаларнинг вужудга келиши Аллоҳ таолонинг “ийжоди” билан бўлса, унга “бўл” деб айтишида қандай ҳикмат бор?”-деб айтилса, “мақсад Аллоҳ таолонинг улуғлиги, азамати ва қудратини изҳор қилиш, бу худди қабрдагиларни қайта тирилтириш Аллоҳ таолонинг “бъас” (яъни жонлантириш, қайта тирилтириш)и билан бўлади, лекин Аллоҳ таолонинг азаматини, улуғлигини билдириш учун найнинг воситасида қайта тирилтиради -деб айтаман”.

Демак, хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Ашъарийлар наздида нарсаларни яратилиши ва вужудга келиши Аллоҳ таолонинг “كُنْ” (бўл) деган амрига боғлиқ. Мотуридийларнинг наздида эса нарсаларнинг вужудга келиши бор бўлиши Аллоҳ таолонинг “ижод”и ва “таквини”га боғлиқ, Аллоҳ таолонинг унга “كُنْ” (бўл) дейиши эса Аллоҳ таолонинг азамати, улуғлиги ва қудратини изҳор қилиш учундир.

Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Раҳимов Неъматуллоҳ

108810cookie-checkҚуръони каримда (كن “Кун”) лафзи борасидаги айрим ихтилофлар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting