Аннотация:Террор нима дегани? Ислом террорни лаънатлайди. Ислом тинчлик дини. Ислом барча инсонларни яхшиликка ундайди. Қўполлик, қийноқ ва тақиқларни қўллаш террор ва экстремизмни олдини илмайди. Аксинча, булар уларни келтириб чиқарувчи омиллардир.

Калит сўзлар:Ислом, тинчлик, террор, экстремизм, гуноҳ, дин, яхшилик.

Annonation: What is terror? Islam curses terrorism. Islam is a religion of peace.Islam encourages all people to do kindness. The use of brutality, torture and bans does not prevent terrorism and extremism.  On the contrary, they are the factors that cause it.

Key words: Islam, peaceful, terrorism, extremism, blame, religion, kindness.

ХХI асрда инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Гўёки, Ислом динига дахлдор бўлган бир гуруҳ кимсалар амалга оширган хуружлар оқибатида бир неча минг бегуноҳ инсонлар даҳшатли тарзда бевақт оламдан кўз юммоқда. Заминимизнинг турли ерларида хунрезликлар муқаддас Ислом динимиз номидан ҳамон давом эттирилмоқда.

Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор даҳшатли азобларга дучор бўлиши муқаррар.

Ҳозирги кунимизда, инсоният бошига,айниқса, мусулмонлар оламида содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб, эшитиб, ўқир экан ҳар бир инсон афсус надомат чекиб, юрак-бағри ўртанади.

 Бир-биридан аянчлироқ хабарлар тинимсиз ҳар соатда кетма-кет келаверади…

Табиийки, бундай ишларнинг сабаби нима экан? – деган саволллар ҳар бир мусулмон инсонни қийнаши аниқ.

Тинчлик ва поклик дини бўлган Ислом мана шундай ёмонликларга буюрадими ?!  Йўқ, Албатта !! Чунки, бу дин – тинчлик ва осойишталик динидир. Бу дин мусулмонлар бир-бирларига жисмонан ҳам, маънан ҳам озор бериш тугул, ғайридинларга ҳам ноҳақ тарзда озор беришдан қайтаради.

Аҳмад Яссавий ҳазратлари айтадиларки:

Суннат эрмиш, берма озор кофир бўлса,

Кўнгли қаттиқ дилозордан худо безор.

Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий – Қуръони карим  оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка буюради. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар.

Ислом дини тарихига қарайдиган бўлсак ҳам, фақат ва фақат эзгуликни кўрамиз. Ислом фатҳлари пайтида насронийлар ва яҳудийларни бирорта ҳам ибодатхоналари бузилмаган, диндорларнинг эътиқодига ва мол-мулкига дахл қилинмаган, руҳонийларга зулм қилинмаган.

Шифохоналарда беморлар бепул даволанишган, муолажа тугагач, уларга янги кийим-бошлар берилган. Дин азалдан инсоннинг Тангри билан алоқа қилишга эхтиёжидир. Ислом дини эзгулик манбаидир. У соф инсоний фазилатлар, гўзал ахлоқ одоб, маънавий комиллик каби фазилатларга даъват қилади.

Ҳозирги кунда жаҳонда баъзи ғаламислар томонидан ислом дини ҳақида турли нотўғри фикрлар тарқатилаётгани, террорчилик каби иллатларни айни пайтда бевосита исломга боғлаб, муборак динимиз ва мусулмонларга нисбатан нафрат ўтини ёқишга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас, ваҳоланки муқаддас динимиз ҳар қандай ёвузликни инкор этади.

Умуман ислом таълимотидан беш бош мақсад кўзда тутилади.

 1 .Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш.

  1. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
  2. Инсон динини муҳофаза қилиш.
  3. Инсон наслини муҳофаза қилиш.

 5.Инсон мол-мулкини муҳофаза қилиш.

Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадиси шарифда шундай деганлар: «Мўминлар худди бир жасад кабидирлар. Агар бир аъзода оғриқ бўлса, бу оғриқ бошқа аъзоларда иситма ва оғриқни пайдо қилади».

Қарангки, бир мусулмоннинг дардини ўз дардимиздек қабул қила олсак, биз Расулуллоҳ айтган мўъмин бўла олар эканмиз. Аллоҳ Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида:«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманчилик йўлида ҳамкорлик қилманг» деган.

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга Қуръон буюрмоқда. Яхшилик сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни, тақво эса, Аллоҳдан қўрқиш ва унга эътиқод қилишни англатади. Анъом сураси 160-оятда Аллоҳ эзгуликка буюриб, шундай марҳамат қилган: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур».

Демак, биз қилган ҳар бир яхшилигимиз учун ўн баробар кўп ажру-савоблар, яхшиликлар олар эканмиз.

Бу мавзуга далолат қиладиган бир қанча ҳадисларни келтиришимиз мумкин. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ўзинга яхши кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўр», деб бир ҳадисларида марҳамат қилган бўлса, бошқа бир ҳадисларида «Инсонларнинг яхшироғи — бошқаларга манфаатлироғидир», деганлар. Яна бир ҳадисларида «Қилинган ҳар бир яхшилик садақадир», деб яхшиликнинг аҳамиятини билдириб қўйганлар.

Ислом ёвузлик, қотиллик, босқинчилик, жоҳиллик каби разил иллатларни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ Қуръони Карим Моида сураси 32-оятида шундай билдирган: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади». Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатни ҳидини ҳам ҳидлай олмайди» деганлар.

Президентимиз БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқларида Ислом дини эзгулик ва тинчликка даъват этишини таъкидлаб, бундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади».

 

 Шундай экан, бу дин фақатгина яхшиликка буюрар экан, бундай ер юзида тарқалаётган ёвузликлар сабаби нима?

 Ҳозирги дунёмизда террор деган бало бор ва бу эса бутун дунё бўйлаб фасод ва бузуқликларни келтириб чиқармоқда. Бу ўзи қандай гуруҳ ва ташкилот?

«Террор» тушунчаси жуда кўп маʼноларни ўзида қамраб олган. Бугун бу сўз фақат одатда радикал мафкурали гуруҳлар олиб бораётган қуролли курашга нисбатан ишлатиляпти. Бироқ, «террор»нинг тўла маъноси одамлар ҳаётига хавф туғдирувчи дунё миқёсида қўрқитиш, ваҳимага солиш, кишилар ҳаётини батамом қамраб олувчи қўрқув ва зўравонлик муҳитини яратиш англатади. Террор деганда террорчилар хоҳлаган фикрлар ва ҳаёт тарзи, ўзлари назарда тутган хулқ-атворни жамиятга мажбуран сингдириш мақсадида кишиларни оммавий тарзда ва мунтазам равишда даҳшатга солиш, одамларда қўрқув туғдирадиган ҳар қандай зулм ва зўравонликни амалга ошириш кўзда тутилади.

Шунингдек, бу борада, Ливанлик ёзувчи олим Муҳаммад Саммоқ ўзининг «Муслмонлар ва замонавий қарама-қаршилик» номли китобида террор тарихи ҳақида қуйидагиларни ёзади:

 “Террор араб ихтироси ёки исломий бидъат эмас, балки замонавий асрда сиёсий изтироблар натижасида юзага келган нафратнинг бир кўринишидир. Аслида террор икки аср олдин юзага келган. Террор 1793-йил 10-мартдан 1794-йил 27-июлгача давом этди.

«Террор» сўзи инглизча «terrorism», французча «terrorisme» сўзидан олинган. Маданий ҳаёт ривожланиши билан террорчилик ҳаракатлари ҳам ривожланиб борди. 1956- йили Франция ҳукумати Марокаш байроғи осилган самлётни олиб қочди. Самлёт бортида беш нафар Жазоир инқилобчилари Работдан Тунисга Жазоирдаги муаммони ҳал қилиш учун кетаётган эди. Жазоир 1962- йилда мустақилликка эришгунга қадар Франция ҳукумати бу беш инқилобчини асир қилиб ушлаб турди. Бу катта давлат томонидан амалга оширилган қароқчилик ҳодисаси эди.

 Мусулмон оламига террорнинг кириб келиши кўпроқ Илйич Рамирес Санчес номи билан боғлиқдир. Владимир Илйич Лениннинг шарафига Илйич деб аталган бу шахс венесуэлалик ашаддий комунистнинг оғли бўлиб, Москвадаги Патрис Лумумба номли Халқлар дўстлиги университетида таҳсил олган. Кейинчалик Фаластин коммунистик партиясининг раҳбари Жорж Ҳабашнинг энг яхши шогирди эди. Ҳабаш унга Карлос лақабини қўйган. Карлос гуруҳи билан кўплаб суиқасдлар уюштирган. Бу ўтган милодий асрнинг 70-йилларига тўғри келади.” Шундай қилиб, бу бало дунё бўйлаб тезкорлик билан тарқала бошлади ва инсонлар бошига кўплаб ёмонликларни солди. Мусулмон оламида бугунги кунда ҳаммани ташвишга солиб турган террор ва унга боғлиқ ҳодисаларнинг бир тарафи бизнинг юртимизга ҳам алоқадор бўлган Афғонистонга ҳам боғлиқ. Бу ишлар барча халқлар бошига оғир кунларни солди ва соляпти ҳам. Унинг сабабидан кўплаб юртлар ривожланишдан тўхтаб қолмоқда.  Умуман олганда ислом террорни қоралайди ва яхшиликка даъват қилади. Аллоҳ ўзи кечиримли зот бўлганидан, бандаларини ҳам афв, ғазабдан тийилиш, ёмонликни яхшилик билан даф қилиш, жаҳолатдан маърифатни устун қўйиш каби эзгу фазилатларга буюради.

Аъроф сураси 199-оятда шундай зикр қилинади: «Авфни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан юз ўгиринг». “Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларига сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли кўтаришини айтайми? дедилар: «Ҳа, айтинг» дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв этсанг, сени маҳрум қилганга инъом этсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг», деб марҳамат қилганлар.Мана ислом дини нималарга буюради. Аммо, ҳозирги кунда исломни ўзларига ниқоб қилиб олиб турли ёвузликларни, қонхўрликларни амалга ошираётганларни биз нафақат мусулмон балки умуман инсон дейишга тилимиз бормайди. Чунки улар, ислом дини номидан иш кўраётган жоҳил, ғаламис кимсалардир. Ҳақиқатда жоҳиллик ёмон иллат бўлиб, жоҳил инсонлар барча ёмонликларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириб кетаверадилар. Жаҳолат инсон ҳаётини барбод қилади, охиратини куйдиради, аксинча, маърифат эса инсон қалбига сайқал беради, маънавий, руҳий дунёсипи гўзаллаштиради, инсонга шон-шуҳрат келтиради, улуғлайди. Маърифат сўзи «билим», «Аллоҳни таниш» каби хислатларни ўзига жамлайди. Бунга зид равишда илмни диний ва дунёвий деб ажратишдан қайтаради.

Бу фикрнинг исботи узоқ ва яқин ўтмишимизда мисоллар кўп. Абу Али Ибн Сино, Беруний,ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Насафий каби улуғ аждодларимиз гарчи собиқ тузум уларнинг диний илм соҳиблари бўлганини яширган бўлсада, улар энг аввало ислом дунёсининг ардоқли олимлари, том маънодаги илм эгаларидирлар. Қуш ҳам ёлғиз қаноти билан парвоз қила олмагани каби, инсон ҳам бир ёқламалик билан комил ва тўлиқ бўла олмайди. Шунда биз ҳар томонлама, тўла мукаммал инсон, боболарга муносиб фарзанд бўла олган бўламиз. Бунинг учун эса, ўсиб келаётган ёшларга асл ва пок исломни мукаммал ўргатишимиз мумкин. Ҳамда уларни ислом руҳида тарбиялашимиз лозим эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки, инсонларнинг барча ҳислатлари ёшлигида шаклланиб боради. Агар, унга шу пайтда ишлов берилмаса, ҳақиқий ислом суви билан суғорилмаса, у исломсиз ўсган боладан яхшилик кутиш амримаҳол ишдир. Акшолда, ундай  инсон бегуноҳ кишиларни ўлдирадиган, ҳудодан қўрқмайдиган бўлиб қолади. Шундай экан, бугунги кунда халқаро матбуотда тез-тез учраб турган «ислом терроризми», «диний экстремизм» ҳақидаги даъволар, нотўғри ва асоссиздир. Зеро, Исломда ҳам, бошқа икки самовий динда ҳам террорга ёки одамлар устидан зўравонлик қилишига ўрин йўқ. Бунинг устига биз «террор» деб атаётган ҳаракатлар (яъни, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар) бизнинг динимизда улкан гуноҳ ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон ана шундай ҳаракатларга йўл қўймаслик, ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир.

Ислом динининг террорга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлигини тарих ҳам кўрсатиб беради. Мисол учун, инсоният орасидан чиққан беш диктатор иқтидорини сақлаб қолиш учун икки юз миллионга яқин инсонни қатл эттирган:

  1. Мао Тсе Тунг ер юзидаги инсониятнинг тўртдан бирига Чинда мутлоқ ҳокимлик қилган ва унинг ҳокимияти йигирма етти йил давом этган. У ушбу даврда ўз ватани халқидан етмиш тўққиз миллион инсонни қатл қилган! Қизиғи, унинг бу қотиллик даврида уруш бўлмаган. Унинг ақлсизларча амалга оширган қарорларидан бири, мамлакатидаги қушлар шоли ва буғдойларни кўп еб қўймоқда, деган сабаб билан қушларни қирдирган ва ўша йили чигирткалар кўпайиб кетиб, экинзорларни вайрон қилган ва халқ оч қолган..
  2. Иосиф Исталин СССР деб номланган тузумни Ленин деган даҳрийдан ўзлаштириб олган ва иқтидорда ўттиз йил турган. Ушбу вақт мобайнида бир оз муболаға билан айтганда олтмиш миллион инсонни қатл қилдирган. Айрим тарихчилар уни эллик миллионга яқин инсонни ўлдирганини айтишган. Исталин иқтидорда турган вақтида ҳар йили икки миллион инсонни қатл эттирган. Унинг тасдиқлаган қарорига кўра уч киши бир кишини айбдор деб гувоҳлик берса (тройка!) айбдор дейилган киши ўзини оқлай олмаган ва аксари қатл қилинган!
  3. Адольф Ҳитлер қатл қилиш бўйича шохсупанинг учинчи поғонасида туради. У бошлаган иккинчи жаҳон уриши мобайнида фашист армияси қўлида қирқ миллион атрофида инсон ўлдирилган.
  4. Леополд Иккинчи, бу зоти шарафсиз Белгия қироли бўлган ва ўз халқидан ўн беш миллион инсонни қатл қилган.
  5. Пол Пот 1976 йилдан 1979 йилгача Камбоджа халқининг Бош Вазири мансабида бўлган ва ўз халқидан уч миллион инсонни қатл қилдирган. Шундай экан Исломни террор дини қилиб кўрсатишга зўрма зўраки уринаётганлар овора бўлишмасин.

Ўз иқтидорини сақлаб қолиш учун миллионлаб инсонларни қатл қиладиганларнинг дини ва миллати бўлмайди! Ҳақиқий террорчилар шулардир! Бугунги кунда энг катта ёлғон Ислом билан террорни ёнма ён зикр қилиш!

Ислом ҳаёт динидир, қатл дини эмас!

Шундай экан, бу балодан келажак авлодни сақлаш ҳамда юртимиздан яна аввалги боболарга муносиб авлодларни етиштириш учун нималар қилмоқ лозим?

Аввало, бу иш болани ёшлигидаги муҳит яъни оилавий муҳитни яхшилаш, унга ота-она тарафидан Аллоҳ ким эканлиги, ҳақиқий ислом нима эканлигини, бу дин нимага буюриши, мусулмон киши қандай яшаши, аввалги ота-боболари ким бўлгани, улар исломни маҳкам тутган ва илмига амал қилган пайтда бутун дунёга муаллим ва етакчи бўлгани, у бола эса ўша буюк авлодни давомчиларидан эканини доимо уқтириб борилиши ҳамда ота-она ўзи ҳам ўрнак бўладиган даражада исломий ҳаётни яратиши лозим. Ундан кейин, бола мактаб ёшига етгандан сўнг, унинг иқтидпри ва қизиқишига қараб таълим йўналишини танлашлари керак. Шу билан биргаликда, унга доимо Исломий таълимотдан узиб қўймаслиги лозим. Чунки, ҳар бир инсон борки, ҳаётда тўғри яшаши учун қўлланма керак. Мусулмон инсон учун эса бу қўлланма Аллоҳ таолонинг илоҳий китоби – Қуръони Каримдир. Унда инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўзида қамраб олган. Агар, ота-она Қуръонни мукаммал ўрганиб ва уни ҳаётига татбиқ қилишни фарзандига ўргата олса, бундай фарзандан ҳеч қачон ҳеч қандай ёмонлик чиқмайди. Чунки, у бу дунё йўқдан бор қилган зот доимо уни кузатиб турганини, билиб туриб гуноҳ иш қилса, жазоланишини, савобли иш қилса, оҳиратда мукофотланишини билиб туради ва доимо огоҳ бўлади. Чунки, Қуръон доимо огоҳликка чорлайди. Ҳозирги ҳаётимизда ҳам огоҳлик давр талаби эмасми ?! Мактаб эса мана шундай ишда ота-онага кўмакчи бўлмоғи ва бўш вақт қолдирмасдан болага эътибор бериши лозим бўлади. Бундай тарбия кўрган бола, мактабни тамомлагандан сўнг, ўз фикрига эга, ислом динидан хабардор инсонга айланган бўлади. Бундай бола эса, ўз-ўзини бошқара оладиган инсонга айланади ва дини ва юрти учун манфаатли кадрга айланади. Бундай натижага эришиш учун, оиладаги ота-онадан бошлаб, мактаб, лицей-коллеж ва олий таълим муассасалари ва давлат мутасаддилари жиддий эътибор қаратмоқлари ва бу ишда бир кучларини сарфлашлари лозим бўлади. Агар, шундай оиладан тортиб давлатгача бўлган масъуллар қўлни қўлга бериб ишлайдиган ва фарзандларимизни исломдан қўрқитиб эмас, балки асл ҳолича ўргатадиган бўлсак, бундай авлодан яна Бухорий, Термизий, Марғиноний, Беруний ва Хоразмийлар чиқади ва яна бутун дунёга муаллим ва йўлбошчи бўлиши аниқ.

 3-курс талабаси
Махкамов Мухаммадали Мухиддинжон ўғли.

Фойдаланган адабиётлар:

1)        Қуръон карим.

2)        «Тафсири ҳилол» .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

3)        «Очиқ хат» .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

4)        Ижтимоий одоблар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

5)        Интернет маълумотлари.

 

108890cookie-checkЎзбекистон ёшлари бузғунчи ғояларга қарши
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting