Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ китобни ёзиш асносида бир қанча одоб ва одатларга риоя қилганлар. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, бу дегани имом ушбу одатлардан ташқари чиқмаганлар, доим шунга риоя қилганлар, дегани эмас. Балки китобда аксар ҳолда одатланган масалаларига нисбатан айтилади.

Улар қуйидагилар:

1. Агар китобда قال رضي الله عنه десалар, бунда ўзларини назарда тутган бўладилар. Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Мидрожун нубувва” китобида шундай деган. Абус Сауд шундай дейди: “Ҳидоя” китоби соҳиби ўзларини назарда тутиб قال العبد الضعيف деганлар. Бироқ шогирдлари у кишининг вафотидан сўнг бу иборани رضي الله عنه га ўзгартиришган”.

Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ “Мен” дейишдан сақланиш учун аслида ўзларини биринчи шахс сийғасида келтирмаганлар. Бу одат барча буюк фақиҳ ва муҳаддисларнинг одати ҳамдир.

2. Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари наздида ихтиёр қилинган сўзнинг далилини охири келтирганлар. “Ниҳоя” китобида “Қозининг одоблари китоби”нинг охирида шундай келтирилган. Шунингдек, “Иноя” китоби “Фосид бай боби”да, “Фатҳул Қодир” китоби “Сарф китоби”да, “Натоижул афкор” китобида: “Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳнинг доимий одатларидан бири – турфа қавллар келтирилган пайтда кучли далилни охири зикр қилишлари бўлиб, охири келтирилган далил олдинги сўзларга жавоб ўлароқ айтилган бўлади”.

3. Агар мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ مشايخنا (“Шайхларимиз”) десалар, бундан мақсад Бухоро ва Самарқанддаги шайхлар назарда тутилган. “Иноя” китобида шундай келган.

“Вақфун наҳр” китобида аллома Қосимдан нақл қилинишича, “машойихлар” деган сўздан мурод – имом ўзлари кўрмаган устозларни назарда тутганлар.

4. Агар فى ديارنا (“Диёримизда”) десалар, Мовароуннаҳрдаги шаҳарлар назарда тутилган. “Фатҳул Қодир”даги сўзлардан шундай тушуниш мумкин.

5. Агар ما تلونا десалар, юқорида келтирилган оят назарда тутилади. ما ذكرنا ва ما بينا дейдиган бўлсалар, юқорида ўтган ақлий далил назарда тутилади. ما روينا десалар, юқорида ўтган ҳадис назарда тутилади. “Натоижул афкор” китобида шундай келтирилган. Баъзи ҳолатларда ما ذكرنا деб, ҳадисга ишора қилинган. “Фатҳул Қодир” китоби “Сарф китоби”даги сўзлардан шундай тушуниш мумкин.

Гоҳида ما بينا деб Қуръон, суннат ва қиёсга ишора қилинган. “Кифоя” китоби “Қасосни вожиб қиладиган ва вожиб қилмайдиганлар боби”да келтирилган маълумотлардан шуни тушуниш мумкин.

6. Ақлий далилни “фиқҳ” деб ишлатганлар. “Бу борадаги фиқҳ шундай” дейилган бўлса, бундан мурод ақлий далил деган маънодадир. “Мифтоҳус саода” китобида шундай келтирилган.

7. Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ “Асл” китобини зикр қилсалар, бундан мурод имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мабсут” китобини назарда тутган бўладилар.

8. Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ “Мухтасар” китобини зикр қилсалар, ундан мурод имом Қудурийнинг “Мухтасарул Қудурий” китобини назарда тутган бўладилар.

9. Агар китобда “Ҳадис фалон маънога ҳамл қилинади (йўйилади)” дейдиган бўлсалар, бундан мурод – муҳаддислар наздида ўша ҳадиснинг маъноси шу бўлади. Агар бордию “Бу ҳадисни фалон маънога йўямиз” десалар, ҳадисни гарчи муҳаддислар у маънога бурмасалар-да, бироқ шундай эканини билдиради. “Мифтоҳус саода” китобида шундай келтирилган.

10. Агар китобда عند فلان десалар, унинг мазҳаби шундай эканини, عن فلان десалар, “Фалончидан бир ривоятда” деган маънони билдиради. Имом Айний “Биноя” китобида айтишларича عن فلان “Зоҳирур ривоя”дан бошқа ривоятлар назарда тутган бўлинади. Ибн Ҳумом айтишларича, عند сўзи “мазҳаби” деган маънога далолат қилади.

 Манбалар асосида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Абдуллоҳ Қосим тайёрлади.

109600cookie-check“ҲИДОЯ” КИТОБИДА ИМОМ МАРҒИНОНИЙНИНГ ОДАТЛАРИ (бешинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting