Осмонларда юрганлар,
Олтин сарой қурганлар,
Не берай? деб турганлар,
Болага китоб беринг!

Бола оққуш, оқ каптар,
Дунёлардан бехабар,
Ёвузлик топмай хабар,
Болага китоб беринг!

Қинғир йўлга кирмасдан,
Пешонага урмасдан,
Кимдир пичоқ бермасдан,
Болага китоб беринг!

Интернет-деган аждар,
Гоҳ ундан оқар заҳар,
Дод-демай, рўзи маҳшар,
Болага китоб беринг!

Кел! – дия, имлар тузоқ,
Қабр қазир, қазир чоҳ,
Минг, минг астағфируллоҳ,
Болага китоб беринг!

Кўзи очиқ кўрмасдан,
Шайтон йўлдан урмасдан,
Отадан юз бурмасдан,
Болага китоб беринг!.

Кўкрак кериб юрганлар,
Кўркам сарой қурганлар,
Не берай, деб турганлар,
Болага китоб беринг!

“Лисон ут тайир”ларим,
Юракка сайрларим,
Авлиёзод нурларим,
Болага китоб беринг!

Кўзларни очиш керак,
Ғафлатдан қочиш керак.
Қанот чиқариш керак,
Болага китоб беринг!

Дерсиз: “Пул йиғиш керак,
Олтину, кумуш керак”,
Худодан қўрқиш керак,
Болага китоб беринг!.

Гуллар қучиб юрганлар,
Гулсаройлар қурганлар,
Не берай-деб, туганлар,
Болага китоб беринг!.

Хазинаи жаҳон у,
Кичик Абу Райҳон у,
Сизга қараб ҳайрон у,
Болага китоб беринг!.

Бухорий-сарварим у,
Термизий-анварим у,
Маҳмуд Замахшарим у,
Болага китоб беринг!.

Кескир қилич бўлсин у,
Китобга ўч бўлсин у,
Енгилмас куч бўлсин у,
Болага китоб беринг!.

Хонлар каби юрганлар,
Хонсаройлар қурганлар,
Не берай? – деб турганлар,
Болага китоб беринг!.

Навоийни билсин у,
Ёнингизга келсин у,
Бахти бўлсин, кулсин у,
Болага китоб беринг!.

Зулфия Мўминова

 Тошкент ислом институти
Ахборот-ресурс маркази

11018-1cookie-checkБОЛАГА КИТОБ БЕРИНГ!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting