Кўчиб келган уйлари маҳалладаги бир бой қурган каттакон уйнинг соясида қолган, хом ғишт ва лойдан қурилган иккита хонадан иборат эди. Қўшни уйнинг баландлигидан уларнинг уйига қуёш ҳам, ёруғлик ҳам тушмас эди. Ҳовлининг бир четидан эни икки қарич, чуқурлиги бир бармоқчалик келадиган кир сувли бир ариқ оқиб ўтар эди. Ариқ Солиҳиядаги Туро деган жойдан бу ергача узоқ йўлдан одамларнинг барча «хайр-эҳсон»ларини оқизиб келар эди. Чироқлари эса учинчи навли керосин лампа бўлиб, у ҳам дам ёритса, дам қорайиб қолар эди. Уйнинг шифти бироз лой аралаштирилган тахтадан бўлиб, устида мушук юрса, ғичирлаб титрар, бир қатра ёмғир ёғса, хонани сувга бўктирар эди.
Кенгчиликда ўсган, кўзаларда сут ичиб юрган болакайлар ёнма-ён қилиб ёзилган тўртта тўшак устида ётишар эди. Тўшакнинг тагида на ётоқ, на гилам бор эди.
Уларнинг онаси ҳам худди сенга ўхшар эди, унча-мунча она кўтара олмайдиган машаққатни зиммасига олиб, болаларини деворларни қоплаган тахта кана-ю, хонани тўлдирган чивинлар галасидан, шифтдан томадиган сувдан ҳимоя қилиб, кечаларини бедор ўтказар, кўз ёшлари билан эса қалбидаги ёнғинга барҳам беришга ҳаракат қилар эди. Бу она зор-зор йиғлаб, аввал ўтган бахтиёр ва фаровон кунларни эслар, ҳозирги аҳволи ҳақида тафаккур қилар, эрининг уйини тўлдириб юрган, у вафот этгач эса, унинг фарзандларидан воз кечиб юборган бой-бадавлат қариндошларни эслар эди. Бундай қариндошларнинг айримлари уларнинг бой қўшниларини ҳайит билан табриклаш учун келиб, уларга эса парво ҳам қилмай, ҳатто эшикларини ҳам қоқмай кетган эди. Хуллас, бу онага ўша пайтда Мисрда яшайдиган биргина укасидан бошқа ҳеч ким ёрдам бермади. Аммо уканинг ҳам шароити оғир бўлиб, имкон топганда бироз пул юборар эди, холос.
Ҳа, синглим, ҳолат тахминан шундай ёки ундан ҳам баттарроқ эди.
Шунга қарамай, катта ўғил ҳам, укалари ҳам ўқишга, илм олишга жиддий бел боғлашди. Шаҳар атрофини инқилобчилар эгаллаган, марказ эса французлар қўлида эди. Болалар ҳар куни Тавба жомеъ масжидининг қаршисидаги уруш истеҳкомлари оралаб ўтиб, ўлим билан юзма-юз келиб, мактабга қатнашар эди.
Хуллас, она ҳам, болалар ҳам сабр қилишди, Аллоҳга ва Унинг фазлига ишонишди. Натижада Аллоҳ ҳам уларга ёрдам берди, кўп яхшиликларга муваффақ қилди. Синглим, бу фарзандларнинг келажаги қандай бўлганини айтиб берайми?
Иккинчи ўғил маҳкамада қози, ҳам адиб, ҳам шоир бўлиб етишди. Учинчиси эса университетда профессор, математика фанлари доктори деган унвонга Сурияда биринчи бўлиб эришган етук мутахассис бўлди. Тўртинчиси ҳам даъватчи, ҳам адиб, ҳам мударрис бўлди. Тўнғич ўғилнинг учта укаси ҳам илмли, ўқимишли, етук инсон бўлиб етишди. Аммо унинг ўзи ҳақида бирон нарса дея олмайман. Чунки менинг у ҳақдаги гувоҳлигим қабул қилинмайди. У туну кун мен билан, мендан асло ажралмайди. Ҳар сафар ойнага қараганимда уни кўраман. Унинг исми ҳам меники билан бир хил.
Мен бу воқеани сенга тасалли бўлсин, кўнглингга хотиржамлик берсин деб? кийим ҳам, егулик ҳам топа олмаётган бу фарзандларингни ҳали бойларнинг фарзандлари ҳавас қиладиган келажак кутаётганига ишонишинг учун айтдим. Фарзандларингга айтадиган гапим шу: чиройли кийимингиз, янги китобингиз ёки пулингиз бўлмаса, асло тушкунликка тушманг, хижолат бўлманг. Чунки аксар етук инсонлар камбағал одамларнинг фарзандларидан етишиб чиққан. Ушбу сатрларни ёзаётган камина бу борада намуна бўлишга ярайдиган етук инсонлардан бўлмаса-да, у ҳам ўрта мактабга отасининг эски чопонини кесиб, онаси тикиб берган жулдур кийимда қатнаган, ҳуқуқ институтининг шартнома пулини тўлай олмай қолганда баъзи соҳиби эҳсонлар ёрдам берган оддий бир одам бўлган.
Аллоҳга қасамки, юртимизнинг ҳозирги кундаги етук одамлари ичида ўта оғир шароитда яшаган, ниҳоятда камбағал оиладан чиқиб, ўз илми, билимлари билан мол-дунёга ҳам, юқори мартабаларга ҳам эришган одамлар жуда кўп. Агар улар изн беришса, уларнинг исмларини сенга бирма-бир айтиб берган бўлар эдим.
Синглим, мен шундай маҳкамани биламанки, унинг эшикбонининг ўғли ўша маҳкамага раҳбар, раҳбарининг ўғли эса эшикбон бўлган.

***

Кеча осмонни қора булут қоплаб, момақалдироқ гумбурлаганда, чақмоқ чақиб, жала қуйган пайтда иссиқ хоналарда юмшоқ ўриндиқларда ўтириб, бу кеча фақир-мискинларнинг ҳоли не кечди дея ўйламаган ўқувчиларимга айтадиган гапим қуйидагилардан иборат: юртингизда, туманингизда, маҳаллангизда, ҳатто қўни-қўшниларингиз орасида канчадан-қанча мана шу аёлга ўхшаш оналар бор. Бу йил қаттиқ келган қишда совуқда уйи музлаб, ёқиш учун ўтин ҳам топа олмай, кечаси билан титраб чиққан қанчадан-қанча инсонлар бор. Аммо ана шу қўни-қўшниларингиз орасида очлик ва совуқ сабабли кўзлари тиниб қолса ҳам китоб мутолаа қилишни қўймайдиган, қўллари музлаб қолса ҳам дарсини қилишдан тўхтамайдиган ғайратли ўқувчи йигитлар, ўқувчи қизлар бор. Агар шуларга бироз егулик, кийим ёки пул билан ёрдам қилсангиз, иншааллоҳ, келажакда улардан Ватанимиз, умматимиз фахрланадиган доно, зукко ва етук инсонлар етишиб чиқади. Унутмангки, новвойга шогирд тушиб, нон ёпиб юрган болаларнинг ичида, одамларнинг муҳташам иморатларини қўриқлайдиган қоровулларнинг болалари ичида ҳам катта олим, етук инсон бўлиш учун яратилган ноёб истеъдод соҳиблари бор. Лекин камбағаллик уларнинг истеъдодини бўғиб, етуклик сари борадиган йўлларини тўсиб қўйган. Охир-оқибат улар ўз истеъдодларини қўллаш учун жиноятдан бошқа йўл топа олмаяптилар.
Ишонинг, ҳозир қамоқларда ётган қанчадан-қанча жиноятчилар аслида қобилиятли, истеъдодли болалар бўлишган. Лекин бу жамият уларга «Сенлар камбағалсан, ўқишга, билим олишга, маданий инсонлар қатори ҳаёт кечиришга ҳаққинг йўқ» деб, уларнинг йўлини тўсган. Шу сабабли ана шу қобилиятли, истеъдодли болалар – минг афсуски – жиноятчига айланишган.
Бойларнинг тўй-ҳашам, дабдаба учун сарфлайдиган миллион-миллион пуллари шаҳримиздаги камбағал оилаларнинг болаларини ўқитиш, очларини тўйдириш, заифҳолларига ёрдам кўрсатишга етиб, ортиб ҳам қолади. Бадавлат кишиларнинг битта тўйга сарфлайдиган пули ўнта ўртаҳол оилани бир ой тўйдиришга етади. Бир йил давомидаги жаноза, тўй ва бошқа тадбирлардаги гулчамбарларга кетадиган маблағ билан камбағалларга бепул хизмат кўрсатадиган клиника очса бўлади. Йил давомида туғилган кунларга харид қилинадиган қути-қути ширинлик ва шоколадларнинг пулига беш юзта бола ўқийдиган мактаб ташкил қилиш мумкин. Хуллас, ўйин-кулгилар, кўнгилочар тадбирлар ва гуноҳ-маъсият ишлар учун сарфланадиган маблағлар шаҳримизнинг барча бева-бечоралари, фақир-мискинларининг эҳтиёжларини қоплашга етган бўлар эди.
Мен сизга «Бу ишларни йиғиштиринг» демайман, чунки сиз бу нарсаларни тарк қила олмаслигингизни, бу иш ҳали-бери қўлингиздан келмаслигини биламан. Лекин қўлингиздан келадиган иш бор – молингизнинг бир қисмини ўша бечораларга ажратинг. Молингизнинг закотини беринг. Ахир бу молингиз қўлингизда қанча туриш-турмаслигини билмайсиз-ку! Ё биронтангизга молингиз сиздан ҳеч қачон қўлингиздан чиқиб кетмайди деб кафолат берилганми? Бойнинг боласи доим бой бўлади, истагани муҳайё бўлади, камбағалнинг боласи эса бир умр камбағал ва бадбахт бўлишга маҳкум деб ким айта олади? Қайси бой менинг фарзандим доим бой бўлади, ҳеч қачон камбағалнинг фарзандига иши тушмайди, унга муҳтож бўлмайди деб айта олади?
Майли, бойлигимиз абадий қолади деб ишонсангиз, ихтиёрингиз. Аммо доимо соғ-саломат бўлишингизга ким кафолат беради? Касалликларга, бало-офатларга дуч келмаслигингиз ким кафолат беради? Албатта, ҳеч ким ҳеч кимга бундай кафолат бера олмайди. Шундай экан, эҳсонларингиз билан Аллоҳнинг раҳм-шафқатини сўранг, мусибатларни садақаларингиз билан даф қилинг!
Мен бу гапларни муайян кишиларга эмас, балки мени ўқийдиган барча ўқувчиларимга айтаман. Азизлар, инсонларнинг даражаси турлича бўлади. Бир миллионер сизга минг лира берса, хурсанд бўласизми? Албатта хурсанд бўласиз. Шундай экан, сиз ҳам ўша минг лирадан бир йўқсилга ўн лира беринг. Сиз берадиган ўша ўн лира унинг учун сиздаги минг лира кабидир. Худди сиздаги минг лира миллионер учун сиздаги ўн лира каби бўлганидек. Сиз эскирди деб ташлаб юборадиган кийим-кечаклар ким учундир бир умрлик орзу эканини биласизми? Сиз ташлаб юбормоқчи бўлган эски кийим ким учундир ҳайит либоси бўлади. Нима учун йўқотсангиз, бор-йўқлигини ҳам сезмайдиган даражадаги нарсангизни унга зор бўлиб юрган йўқсилларга беришни истамайсиз? Ишонинг, агар ҳар биримиз ўзидан муҳтожроқ кишига бирон нарсасини бериб, баҳам кўриб яшаганида, ер юзида биронта муҳтож, биронта камбағал қолмаган бўлар эди. Муҳтарам ўқувчиларим, сиздан Аллоҳ ҳақи сўрайман, бу гапларим беҳуда, ҳавога кетмасин. Аллоҳга қасамки, мен сизларга фақат яхшиликни раво кўряпман.

Эй менга хат ёзган синглим, эй муштипар она, Аллоҳга ишонгин, чунки Аллоҳ ҳеч кимни зое қилмайди.

1959 йил

Алий Тантовийнинг «Мин ҳадисин-нафс»
китобидан Нодирбек Носир

 

111270cookie-checkМактубга жавоб
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting