Бизга маълумки, қуёш тутилганида қуёш қисман ёки тўлиқ кўринмай қолади. Ой тутилишида эса ой бутун тутилиш давомида кўриниб туради. Фақат ой соя ичида харакатлана бошлаганда у қизғиш – жигарранг тусда кўринади.

Астрономия фани нуқтаи назаридан, қуёш тутилиши – бу ой диски ердан туриб кузатувчидан қуёшни бутунлай ёки қисман ёпиб қўядиган табиий ҳодисадир. Қуёш ойдан тахминан 400 баравар катта, лекин у Ердан ойдан кўра 400 баравар узоқликда жойлашган, шу сабабли иккала самовий жисмларнинг дисклари биз учун бир хил кўринади, натижада қуёш дискининг ой билан ёпилиши (тутилиши) мумкин. Қуёш тутилиши фақат янги ой чиққанида, ой ернинг атрофида айланиб, ер ва қуёш ўртасида турадиган, уни тўлиқ ёки қисман ёпадиган пайтда рўй беради.

Қадимги араблар ҳам қуёш тутилишида алоҳида белгилар кўрган – хусусан, улар қуёш тутилиши қайсидир машҳур кишининг ўлими муносабати билан рўй беради деб ҳисоблаган.

Ой тутилишини хусуф, қуёшникини кусуф, деб номлаганлар. Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Иброҳим ўлган куни қуёш тутилди».
Одамлар «Иброхим ўлгани учун тутилди», дедилар.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оят (аломат) ларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, качонки улар (тутилгани)ни кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар».

Қуёш тутилса, имом одамларга худди нафл намоз шаклида икки ракат қилиб намоз ўқиб беради.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг наздларида, икки ракатда ҳам қироатни чўзиб, махфий қилиб ўқийди, икки имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларга кўра, товушини чиқариб ўқийди.

Қироатни чўзиб ўқиш эса, афзалидир, хоҳласа, қисқароқ қилади, чунки суннат
қуёш тутилиши вақтида намоз ва дуо билан машғул бўлишдир.

Шунинг учун қироатни чўзса, дуони енгилроқ қилади ёки аксинча. То қуёш очилиб кетгунча дуо қилади. Намоздан сўнг дуо қилиш суннатдир.

Бу намозни одамларга жума ўқийдиган имом ўқиб беради. Агар имом бўлмаса, одамлар фитнадан сақланиш учун ёлғиз-ёлғиз ўқийдилар.

«Хусуф» сўзи кўпинча ой тутилишига нисбатан ишлатилади. Аммо «кусуф» дейилса, ундан қуёшни ҳам ойни ҳам тутилиши назарда тутилиши мумкин.

Ой тутилганда жамоат бўлиб намоз ўқилмайди. Кечаси жамоатнинг йиғилиши қийин бўлгани учун ёки фитна хавфи борлиги учун жамоат намоз бўлиб ўқилмайди. Ҳар бир киши ўзи ёлғиз ўқийди.

Қуёш тутилиши ва ой тутилиши намозларида хутба ўқилмайди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилганда бизга имом бўлиб намоз ўқидилар. Биз у зотнинг овозларини эшитмадик». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Чунки қуёш кундузи тутилади. Кундузги жамоат намозларида қироат махфий бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳо: «Кусуф намозида эдик. У зотнинг қироатларини биринчи ракъатда Бақара сурасига, иккинчисида эса Оли Имронга тахмин қилдим», деганлар. Абу Довуд ривоят қилган.

2-курс талабаси Робия Маннобжонова

112490cookie-checkҚуёш ва ой тутилишида бажариладиган амаллар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting