Қобил Ҳобилни ўлдиргандан кейин, Одам ва Ҳавво онамиз қирқ кун аза тутдилар, ҳеч нарса емадилар ва ичмадилар. Шунда Аллоҳ таоло Одамга: – Эй Одам! Мотамни тўхтатинглар. Мен сизга Ҳобилга ўхшаш ўғилни бераман, у солиҳ инсон ва пайғамбарларнинг отаси бўлади. Кейин Ҳавво онамиз Ҳобилга ўхшаш ўғил туғди. Одам уни Шис деб атади. Шис Ҳобил эвазига берилган Аллоҳнинг инояти эди. Аллоҳ таоло Шисга эллик саҳифа туширди.

Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Шисга эллик саҳифа туширилган” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Шис отаси Одам алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан топширилган вазифаларни давом эттирди. У одамларни ёлғиз Аллоҳга итоат этишга ва шариъатга риоя қилишга чақирди. Ўша пайтда барча одамлар ягона дин – Аллоҳнинг кўрсатмасига бўйсиниб фақат Аллоҳгагина ибодат қилар эдилар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасдилар. Шис Аллоҳдан янги шариъатни қабул қилди, у акаси синглисига уйланишни ман қилди, ҳатто эгизак бўлмаса ҳам. Эслатиб ўтамиз, Одам алайҳиссаломнинг шаръий кўрсатмаларига кўра, агар ака-сингил эгизак бўлмаса, ўз синглисига уйланишлари мумкин эди.

Одам алайҳиссалом ўлимидан олдин кўрсатма сифатида васиятнома ёзди ва уни ҳасадгўй Қобил ва унинг ўғлидан яширишни Шисга қатъий тайинлади. Шундай қилиб, Шис отасидан кейин одамларга бош бўлди.

Шис даврида мингта шаҳар қурилган. Шис алайҳиссалом ҳозирги Макка ўрнидаги шаҳарда умрининг охиригача яшаган. У 912 ёшида вафот этди. Ўлим соати яқинлашгач, Шис ўғли Анушга васиятнома юборди. Ривоятларга кўра, Шис алайҳиссалом Маккадаги Абу Қубай тоғидаги ғорларнинг бирида ота-оналари Одам ва Ҳавво билан бирга дафн этилган.

Тарихчиларнинг таъкидлашича, Ануш отаси Шиснинг йўлини ўзгартирмасдан давом эттирди. Ва ундан кейин бу йўл Анушнинг ўғли Кайнанга, ундан ўғли Михлаилга ўтади. Михлаилдан кейин ўғли Ярд одамларга раҳбар бўлди. Ва у ҳам умрининг охирида ўғли Ахнудга васият қилиб, ўз йўлини давом эттиришни васият қилди, Ахнудни одамлар Идрис деб атай бошладилар.

Идрис алайҳиссалом тўғрисида Каъбул Ахбор шундай дейди: “Идрис отаси Шисга ўхшар эди. У ёзишни муомилага киритган ер юзидаги илк инсон эди. Айтишларича, унинг асл исми Ахнуд эди, у кўплаб билимлар соҳиби бўлгани учун Идрис деган номни олади. Кейин, Аллоҳ таоло Идрисга ваҳий юбориб, унга ўттизта саҳифа юборди. У тикувчилик касби билан шуғулланиб биринчи бўлиб кийимларни тика бошлаган эди. Ундан олдин одамлар ҳайвонлар терисини устларига ташлаб юришган.

Аллоҳ Идрисга шундай деб ваҳий қилди: Дунё ҳаёти денгизга ўхшайди. Агар сен денгизда сузиш учун кема ясамасанг омон қолмайсан”.

Буни эшитган Идрис дунё зийнатларидан ва одамлардан юз ўгирди. Идрис жаннатни кўришни ва у ерга киришни хоҳлади. Ва бунинг учун у жуда кўп ибодат билан машғул бўлди.

Хабар қилинишича, барча одамларнинг насабномаси Шисга бориб тақалади, чунки Шисдан ташқари Одамнинг бошқа ўғилларидан тарқалган инсонлар йўқ бўлиб кетган ва уларнинг авлодларидан ер юзида ҳеч ким қолмаган. Валлоҳу аълам.

Интернет материаллари асосида ” Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси  Пўлатхон Каттаев тайёрлади

113220cookie-checkШис алайҳиссалом
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting