Сўнгги кунларда қўшиқчи Юлдуз Усмонова ва айрим кишиларнинг ижтимоий тармоқлардаги можаролари фейсбук ва телеграмм каби мессенжерларда кўплаб шовшувларга сабаб бўлди. Аслида бу вазиятда мусулмон кишининг муносабати, ҳодисага реаксияси қандай бўлиши керак?

Маълумки, ислом шариъати асосларига кўра, бирор ҳодиса юзасидан шаръий ҳукм бериш учун ана шу ҳодиса юзасидан рад этиб бўлмас далил-ҳужжат ёки гувоҳлиги қабул қилинадиган даражадаги адолатли, ростгўй, умрида ёлғон гапиргани ёки бировни гуноҳда айблаб туҳмат қилгани учун ҳад, яъни шаръий жазо қўлланилмаган шахсларнинг шаҳодати лозим. Қолаверса, мазкур асослар мавжуд бўлганда ҳам истаган шахс истанганидек ҳукм чиқариши асло мумкин эмас. Бундай ҳолатда шариъат номидан гапиришга ҳақли, ҳукмдор томонидан тайинланган қози, ҳоким ёки бошқа ваколатли шахс ё ташкилотгина ҳодиса юзасидан ҳуқуқий ва шаръий ҳукм чиқариши мумкин. Бундан бошқача тарздаги айблов ва ҳукмлар асосиз саналади ва ҳатто бунинг учун шахс жавобгарликка тортилиши, Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор мумкин.

Юқорида айтилган шовшувли ҳодиса ва унинг ортидан келиб чиққан кўнгилсиз вазиятни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари билан ҳонанда Ю.Усмонва билан учрашув ташкиллаштирилди. Мазкур учрашувда тарафлар бошқа бу мавзуга қатймаслик, турли ҳолатларга сабаб бўладиган муносабатлар билдирмасликка келишиб олишди.

Учрашув бўлди ва унда келишувга эришилди. Айтмоқчи бўлганимиз, учрашувда айнан нималар гапирилгани бизга маълум эмас. Муҳими ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасидаги ихтилофга чек қўйишга келишилгани.

Аммо ана шу учрашувдан сўнг ҳам тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассисларига нисбатан турли айбловларга тўлган муносабатлар авж олди. Шу ерда бир савол туғилади: Биз ўзи киммиз? Мусулмонмизми?! Мусулмонлик даъво қилсак, ўзимизни мусулмондек тутайлик. Гувоҳи бўлмаганимиз, далил-ҳужжатга ёки адолатли гувоҳлар ёрдамида нималар гаплашилганидан бехабар бўлганимиз воқеъ юзасидан ўзимизча муносабат билдиришимиз қанчалик тўғри? Бу иш шариъат мезонига қанчалар мувофиқ?

Бир диндошимизнинг, раҳбаримизнинг обрўсини асоссиз равишда тўкишимиз кимга фойдаю, кимга зарар? Ҳолбуки, ҳадиси шарифда бундай дейилади:

 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ خَطَبَ النَّاسَ يَوْمَ النَّحْرِ فَقَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَيُّ يَوْمٍ هَذَا؟ قَالُوا: يَوْمٌ حَرَامٌ قَالَ: فَأَيُّ بَلَدٍ هَذَا؟ قَالُوا: بَلَدٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَأَيُّ شَهْرٍ هَذَا؟ قَالُوا: شَهْرٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا فِي بَلَدِكُمْ هَذَا فِي شَهْرِكُمْ هَذَا فَأَعَادَهَا مِرَارًا ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ: اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ. قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهَا لَوَصِيَّتُهُ إِلَى أُمَّتِهِ فَلْيُبْلِغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ لاَ تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّارًا يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни одамларга мурожаат қилиб: “Эй одамлар, бугун қандай кун?” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган кун дейишди. “Унда, бу қандай юрт?” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган юрт дейишди. “Ундай бўлса, бу ой қанақа ой?” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган ой дедилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз мана шу юртда, мана шу ойда мана шу кун (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром бўлса худди шундай ҳаромдир” деб уни бир неча маротаба такрорладилар. Сўнг бошларини кўтариб: “Эй Аллоҳ, етказа олдимми, эй Аллоҳ, етказа олдимми?!” Унда ҳозир бўлганлар йўқларга етказсин, мендан кейин бир-бирларингизни бўйнига қилич солиб кофирликка қайтиб кетманглар”, дедилар.

Биз ҳеч кимнинг тарафини олмоқчи эмасмиз. Шунчаки, бундай вазиятларда мусулмон киши ўзини қандай тутиши кераклиги борасидаги мулоҳазаларимизни эслатиб қўймоқчимиз, холос. Ҳулоса қилиш эса ўзингиздан. Истанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини олинг ва амал қилинг. Истанг ўз ҳоҳишингизча “тафаккур” юритинг.

З.Бегматов , Ҳадис илми мактаби “Ислом илмлар” кафедраси ўқитувчиси

113950cookie-checkМусулмонмизми?!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting