Қуролли кучлар  –  ҳарбий ҳаракатлар (ҳужум ёки мудофаа) олиб бориш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан таъминланувчи қуролланган кишиларнинг уюшган бирлашмаси, сиёсий ҳокимиятнинг муҳим тармоғи ҳисобланади.

Қуролли кучларнинг вужудга келиши жамиятнинг синфларга ажралиши ва давлат пайдо бўлиши билан боғлиқ. Қулдорлик давлатларининг қўшинлари, асосан, ҳарбий йўлбошчилар ёки шоҳларнинг дружиналаридан, эркин ҳалқ лашкарларидан иборат бўлган. Миср, Юнонистон, Рим ва бошқа давлатларда ҳарбий денгиз флоти тузилган. Мулкчилик муносабатлари ривожлана борган сари вассалликлар, лашкарлари Қуролли кучларнинг асосини ташкил этган. Ҳар бир мулкдор моҳир жангчи бўлиб, ўз қуролли отрядига эга бўлган. Кейинчалик Ғарбий Европада пиёда аскарлар аҳамиятини йўқотиб, оғир қуролланган отлиқ рицарлар асосий кучга айланган. Шарқда араблар, турклар, мўғуллар ва бошқаларнинг давлатларида Қуролли кучлар, асосан, оғир ва енгил қуролланган отлиқ аскарлардан иборат бўлган.

XVIII аср охирида Eвропа давлатлари (Франсия ва бошқалар)да умумий ҳарбий хизмат мажбурияти жорий этилди. XIX аср охирларига келиб ривожланган давлатлар Қуролли кучлари сони кескин кўпайди. XX аср бошларида янги жанговар теҳника пайдо бўлди, транспортнинг ривожланиши кадр принсипи асосида тузилган армия ва ҳарбий денгиз флоти яратилишига олиб келди. Кейинчалик қуролланиш пойгаси авж олди ва йирик давлатлар қуролли кучлари жадал кўпая бошлади. Фан ва теҳниканинг энг янги ютукларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Янгича қўшин турлари вужудга келди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Қуролли кучлар ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан ўсди. Қўшинлар механизациялаштирилди ва моторлаштирилди, артиллерия ва танклар сони ортди, реактив артиллерия ва баллистик ҳамда қанотли ракеталарнинг дастлабки намуналари пайдо бўлди. Ҳарбий ҳаво кучлари ва ҳарбий денгиз флоти ривожланди. Оператив бирлашмалар (қуруқликдаги қўшинларда — фронт ёки армиялар гуруҳи, ҳарбий-денгиз флотида — флот) вужудга келди. 1945 йил AҚШда, 1949 йил собиқ СССРда, кейинроқ Буюк Британия, Франсия ва Хитойда атом қуроли пайдо бўлди.

Қуролли кучлар турларига қуйидагилар киради: қуруқликдаги қўшинлар, стратегик мақсаддаги ракета қўшинлари, мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш қўшинлари, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбиий денгиз флоти. Қуролли кучлар турлари бўлинма, қисм, қўшилма, шунингдек, бирлашма (асосан, уруш даврида)ларга уюшган қўшин турлари ва махсус қўшинлардан ташкил топади. Қуролли кучларда ягона ташкилий тизим, шахсий таркибни ўқитиш ва тарбиялашнинг, командир кадрларни тайёрлашнинг, хизматни ўташнинг умумий тартиби мавжуд. Тараққий этган давлатларнинг замонавий Қуролли кучлари энг янги жанговар техника, шунингдек, ракета-ядро қуроли билан таъминланган бўлиб, юксак тайёргарликка, кенг жанговар имкониятларга эга бўлган.

1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Қонун ва 1991 йил 30 декабрда Минск шаҳрида ташкил топган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган “Қуролли Кучлар ва чегара қўшинлари хусусидаги битим”га мувофиқ, шунингдек, собиқ иттифоқ идоралари томонидан умумий қўшинларнинг пул таъминоти тўхтатилганлигини инобатга олиб, 1992 йил 14 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Республика ҳудудида жойлашган бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва муассасалар, ҳарбий билим юртлари, корхона ва ташкилотлари ҳамда собиқ СССРнинг бошқа ҳарбий тузилмалари Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилганлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

1992 йилдан эътиборан республикамиз ҳудудидаги барча ҳарбий таълим муассасаларининг штат тузилмаси такомиллаштирила бошланди. Жумладан, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий автомобил қўмондонлик муҳандислик билим юрти кўп тармоқли ўқув муассасаларига айланди. Бугун қуролли кучларимиз сафида “Миллий гвардия”, “Чегара қўшинлари”, “Ҳаво десанти қўшинлари”, “Ҳарбий ҳаво кучлари”, “Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари”, “Махсус қўшинлар” юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида тинимсиз меҳнат қилиб келмоқдалар.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёдаги энг кучли қуролли кучлар рейтингида 39-ўринга кўтарилиб олди. Янги рўйхатга жаҳондаги 136 давлат киритилди. Ўзбекистон МДҲ давлатларида Россия (2-ўрин) ва Украина (29-ўрин)дан кейин учинчи поғонани эгаллади.Марказий Осиё мамлакатлари ичида эса биринчи ўриндан жой олди.

Ўзбекистон хозирги даврга келиб жахон миқёсида ўзининг тактикаси ҳам маънан ҳам жисмонан етук бўлган армиясига эга. Бугун улар халқимизни тинч-осойишта ҳаёт кечиришлари учун кечаю-кундуз меҳнат қилиб келмоқдалар. Ана шу олий неъмат бўлган тинчлик, осойишталикни асраб-авайлаш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи эканлигини унутмаслик даркор.

ЧEГАРА ҚЎШИНЛАРИ ТАРИХИ

ҲАВО ДEСАНТ ҚЎШИНЛАРИ ТАРИХИ

ҲАРБИЙ-ҲАВО КУЧЛАРИ ТАРИХИ

ҲАВО ҲУЖУМИДАН МУДОФАА ҚЎШИНЛАРИ ТАРИХИ

МАХСУС ҚЎШИНЛАР ТАРИХИ

Суратлар манбаси: http://army.ziyonet.uz/uzc/armypages/1

Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар

билан ишлаш бўлими услубчиси

Зоҳиджон Ахроров

114470cookie-checkҚуролли кучлар тарихи (ТАРИХИЙ ФОТОСУРАТЛАР БИЛАН)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting