Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида билдирилган фикр-мулоҳазаларни халқимиз, хусусан ёшларимизга етказиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси У.Алимов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар. Бу ерда таҳсил олаётган талабалар билан суҳбат ўтказдилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар борасида сўз кетганда Президентимиз томонидан келтирилган маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзлари ёдга олинди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 31 фоизи, ёки 10 миллион нафари  30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади. Институт талаба-ёшлари билан ўтган мулоқотда ана шу фикр-мулоҳазалар алоҳида тилга олиб ўтилди.

Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга хотиржамлик ва лоқайдлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан қараш зарур. Юртбошимизнинг: “Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади” деган сўзлари ёшларга атрофлича етказилди.

Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting