Қани эй аҳли иймон,
Барчангиз келинг шодон,
Бизга бўлгани меҳмон
Бир улуғ зот келадур!

Ҳилол балқир юзида,
Қуёш порлар кўзида,
Минг маъно бор сўзида,
Бир улуғ зот келадур!

Икки олам сарвари,
Пайғамбарлар гавҳари,
Сўзлари ҳақдур бари,
Расулуллоҳ келадур!

Доим ҳаққа буюриб,
Тандан нафис бўй уриб,
Мушк-у анбар уфуриб,
Расулуллоҳ келадур!

Оламлар нурга тўлиб,
Қувонч-у бахтга йўниб,
Умматга малҳам бўлиб,
Расулуллоҳ келадур!

Қалбни завққа тўлдириб,
Маҳзунликни ўлдириб,
Бад ишқларни сўндириб,
Расулуллоҳ келадур!

Бу дилдаги муҳаббат,
У зот учундир фақат,
Шундай бўлсин тоабад,
Расулуллоҳ келадур!

Дилда қолмасин гардлар,
Тандан арисин дардлар,
Тезроқ ошиқсин мардлар,
Расулуллоҳ келадур!

Юракларда халоват,
Ўзгача бир тароват,
Қани айтинг саловат,
Расулуллоҳ келадур!

Келгин энди биродар,
Дунё ишлари ўтар,
Сен эса қаддинг кўтар,
Расулуллоҳ келадур!

Ўзлигингга кел энди,
Ибодат-ла ел энди,
Кўзёшларинг сел энди,
Расулуллоҳ келадур!

Келгин энди ёроним,
Эгаллагин бу ёним,
Менинг азиз инсоним
Расулуллоҳ келадур!

Қўлларидан бир тутмоқ,
Орзу эрур кўришмоқ,
Йўлларига кўз муштоқ,
Расулуллоҳ келадур!

Қиёмат кун келганда,
Оҳлар чекур ҳар банда,
Раббим ҳисоб қилганда
Расулуллоҳ келадур!

У зот боқур ҳар ёнга:
Ким алданган шайтонга,
Ўзи суйган инсонга
Шафоатчи бўладур!

Ердаги тирик жонзот,
Махлуқот-у наботот,
Барча айтсин саловат,
Расулуллоҳ келадур!

“Марҳабо!”, дермиз бу он,
Хуш келибсиз биз томон,
Юрак-бағри бўлиб қон
Умматингиз кутадур!

Келсангиз бизни дебон,
Бошлар кўкка етадур!
Сизни ҳар соат замон
Умматингиз кутадур!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Ҳамидий

116900cookie-checkРасулуллоҳ келадур!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting