“Ал-Аҳрам” газетасининг хабар қилишича, Миср маданият вазири 22 январь сешанба куни, 51-халқаро Қоҳира китоб кўргазма-ярмаркаси бошланганини эълон қилди. Тадбир Миср халқаро кўргазмалар марказида ўтказилиб, 4 –февралгача давом этади.

Ярмарка очилишида мамлакат бош вазири Мустафо Мадбулий ва маданият вазири Энас Абдул Даййом ва бошқа кўплаб давлат ва маданият арбоблари, ёзувчи ва журналистлар, турли давлат элчилари ҳам иштирок этишди.

Ярмарканинг бу йилги фахрий меҳмони Сенегал давлати бўлади. Ушбу йирик тадбир бу йили “Миср-Африка, турфахиллик маданияти” номи остида бўлиб ўтади. Кўргазма-ярмарка 800дан ортиқ стенд ва павильондан иборат бўлиб, унда 38 давлатдан келган 900га яқин нашриёт ва ташкилотлар ўз китоб маҳсулотларини намойиш этадилар. Улардан 255 таси араб нашриётларидир. Бундан ташқари, ярмарка ҳудудида 900 дан ортиқ турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва тақдимотлар ҳам ўтказилади.

Халқаро Қоҳира китоб ярмаркаси араб оламидаги энг йирик ва узоқ йилги ярмаркалардан биридир. Кўргазма ташкилотчиси сифатида Миср бош китоб ташкилоти чиқади. Китоб кўргазмаси 1969 йилдан бошланиш олади ва ҳозиргача ҳар йили ўтказиб келинади. Йириклиги бўйича дунёда Германиянинг Франкфурт китоб ярмаркасидан кейинги 2-ўринда туради. Ўтган 2019 йилги 50- халқаро Қоҳира китоб кўргазма-ярмаркасига 2,5 миллион киши ташриф буюрган эди.

Манба: Grand ta’lim

117470cookie-checkМисрда 51- халқаро Қоҳира китоб ярмаркаси бошланди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting