Охирги йилларда аксар бемазҳаблар тарафидан саҳоба ва тобеинларга эргашиш ниқоби остида “салафийлик” даъвосидагилар кўпайди.

Салафийлик ҳаракати ўзларини салафи солиҳларга эргашаётганларини даъво қилувчи ҳаракат сифатида тахминан IV-ҳижрий асрда юзага келган. Улар ўша даврда ашъарийлар билан қарама-қарши бўлишган. Ашъарий ва мотурийдий таълимотларини бир қанча масаларда, хусусан, Аллоҳнинг сифатларини таъвил қилишда айблашади. Улар Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳга эргашганларини даъво қилишса-да, ўша даврда ҳанбалийлар томонидан танқидга олинган.

VII-ҳижрий асрга келиб Аҳмад ибн Таймия фаолиятидан сўнг салафийлик ҳаракати назарий жиҳатдан ривож топди. Бугунги кун салафийлари Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ҳазм, Ибн Таймия, Ибн Қайюм ал-Жавзий, Муҳаммад ибн Али аш-Шавконий, Аҳмад Шокир каби қадимги уламоларни ўзларига йўлбошчи, деб билишади. Яқин замондаги уламолардан Абдулазиз ибн Абдуллоҳ, Абдулазиз ибн Боз, Носириддин Албоний, Муҳаммад Ийд ал-Аббосий каби олимлари мавжуд.

Ибн Таймия ва унинг издошлари Қуръон ва ҳадисда келган Аллоҳ таолонинг сифатларини қандай бўлса шундай тушуниш керак дейди. Масалан, “Аллоҳ таолони дунё осмонига тушиши”ни шундайлигича тушуниш керак ёки булутлар устига Аллоҳ таолони тушади дейишади ва унга маконни собит қилишади, ваҳолангки Аллоҳ таоло макон ва замондан беҳожат зотдир.

Наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари ҳам бугун “ваҳҳобий” деган атамадан воз кечишиб, ўзларини “солиҳ салафлар йўлидамиз” деб иддао қилишмоқда. Ўша “салафийлик” тарғиботчилари орасида Муҳаммад Носируддин Албоний беназир ва доҳийлик касб қилган шахслардан биридир. Салафийлар Носир Албонийга баҳо беришда жуда ҳаддан ошишган. Уни “Аср муҳаддиси”, “Суннат билимдони”, “Суннат ҳомийси” ва ҳоказо унвонлар билан лақаблаб олишган.

Салафийлар ақидавий масалаларда ғулувга кетганлиги боис, аҳли сунна ақидаларига зид бўлган бир қанча фикрларни айтишган.. Улар сўфийлик тариқатларини танқид қилишади. Ибн Таймийя бир қанча масалаларда аҳли сунна уламолари ижмосига зид фикрларни билдирган. Жумладан:

– У Қуръони карим Аллоҳнинг каломи ва у  махлуқ эмас, лекин Қуръон қадим ҳам эмас, дейди.

–  У дўзахни абадий эмаслигини айтганлиги ҳақида ривоятлар мавжуд.

Шунингдек, салафийлар орасида охирги йилларда фиқҳий ва ҳатто ақидавий аҳкомларда ҳам Албоний фикрларига мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайди.

Қуйида “Салафийлик” оқими раҳнамоларидан бири Носир Албонийнинг тўрт мазҳаб ақидаси ва фиқҳига хилоф равишда чиқарган бемаза фатволари келтирилдики, гуручни тозалаш учун унинг ичидан курмаклари терилганидек, аҳли сунна эътиқодли ҳар бир киши бу фатволар билан танишиб чиқиши лозим бўлади. Носир Албонийнинг баъзи фатволаридан кулгисангиз, айрим жойларда бу одамга ачиниб йиғлагнгиз ҳам келади.

Ислом дини фиқҳи ва ақидаси билан қизиққан ҳар бир кишининг Носир Албоний номига кўзи тушган бўлса керак. Зотан салафийлар томондан тарқатилган кўплаб рисола ва мақолаларда бу одамнинг номи албатта бир неча бор зикр қилиб ўтилади.

Шу нуқтаи назардан токи сизнинг эътиқодингизда Носир Албоний буюк ислом олими сифатида шаклланиб қолмаслиги, ўзингиз билмаган ҳолда унга тобе бўлиб қолмаслигингиз учун унинг асл салафи солиҳларга қарши чиқарган фатволарини ошкор қилинди. Токи унинг асли ким эканини сиз аниқ ва равшан билиб олинг! Носир Албонийга туҳмат, деган фикр пайдо бўлмаслиги учун ҳар бир фатвонинг аниқ манбаси унинг тагида алоҳида изоҳ сифатида ёзиб кўрсатилди.

Демак, Носир Албонийнинг аҳли сунна ақидаси ва фиқҳига зид чиқарган фатволари:

Аллоҳ таоло ҳақида

  1. Аллоҳ азза ва жалланинг икки кўзи бор[1].
  2. Аллоҳ талонинг болдири бор[2].
  3. Аллоҳ таолонинг ҳаққоний қўли бор[3].
  4. Зеҳк – кулишлик Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир[4].
  5. Иймон Аллоҳ таоло осмонда мавжуд деб иймон келтириш билан бўлади[5].

Пайғамбар ва расуллар ҳақида

  1. Пайғамбарларнинг гуноҳлардан поклиги мутлақо поклик эмасдир[6].
  2. Пайғамбар ва расуллар кичкина гуноҳ ва осийлик қилишлари мумкин[7].

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онда-сонда ижтиҳод қиларди. Кўпинча ижтиҳоди тўғри чиқарди. Лекин гоҳ-гоҳида ижтиҳодида ҳақиқатга муваффақ бўлмасди, аксинча хато ижтиҳод қиларди. Шунда ул зотни тўғри йўлга йўллаш учун ваҳий нозил бўларди[8].
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга етказган оятларни эсидан чиқариб қўйиши ҳам мумкин бўлган[9].
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли аёллари ҳам зино қилишлари мумкин эди[10].
  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масжидун-набавийдан чиқариб юбориш ва қуббатун-набавийни бузиб ташлаш керак[11].
  5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг наздида махлуқот ичида энг афзали эмас.[12]
  6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилишлик ҳаром.[13]
  7. Солиҳ амаллар савобини Пайғамбаримизга ҳам ва бошқа ўликларга ҳам ҳадя қилиш жоиз эмас.[14]
  8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у кишининг ходимларини мадҳ этмаслик керак.[15]

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳозирги даврда аҳли сунна вал жамоанинг соф ақийдасидан адашиб қолмаслик ҳар бир замондагидек муҳимлигича қолмоқда. Зеро, Сўфи Аллоҳёр айтадилар:

Ақийда билмаган шайтона элдур,
Агарчи минг йил амал деб қилса елдур.

Неъматуллоҳ Раҳимов,
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

[1]“Ал-фатава ал-кувайтия лил-Албоний”. 43 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томондан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср.  
[2] “Силсилатул-аҳодийс ас-саҳиҳа”. Албоний. 583 – ҳ. 2 – ж. 128 – Б. Мактабатул-мароиф лин-нашр ват тавзиъ. Риёз. 
[3] “Китобуш-шайҳ Албоний ва манҳажуҳу фи тақрири масоилил-эътиқод”. Муҳаммад ибн Сурур Шаъбон. 616 – Б. Биринчи босма. Дорул-каййон Риёз. 
[4] “Силсилатул-аҳодис ас-саҳиҳа”. 2810 – ҳ. Ал-мужалладус-содис. 1 – Ж. 738 – Б. Биринчи босма. Мактабатул-маъориф лин-нашр ват-тавзийъ. Риёз. 
[5] “ал-Ҳавий мин фатаваш-шайҳ Албоний”. Абу Ҳамом ал-Мисрий. 1 – Ж. 43 – Б. Матбатул-илмийя. Миср. 
[6] “Фатава ал-Албоний фил-мадина вал-имарат”. 18 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томондан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср. 
[7] “Ал-фатава ал-кувайтия лил-Албоний”. 29 ва 31 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томондан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср. 
[8] “ал-Ҳавий мин фатаваш-шайҳ Албоний”. Абу Ҳамом ал-Мисрий. 2 – Ж. 36 – Б. Матбатул-илмийя. Миср. 
[9] “Ал-фатава ал-кувайтия лил-Албоний”. 30 ва 31 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томондан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср. 
[10] “Силсилатул-аҳодис ас-саҳиҳа”. 2507 – ҳ. Ал-мужалладус-содис. 1 – Ж. 26 ва 27 – Б. Биринчи босма. Мактабатул-маъориф лин-нашр ват-тавзийъ. Риёз. 
[11] “Таҳзирус-сожид” Албоний. 98 – Б. Учинчи босма. Мактабутул-исломий. Байрут. 
[12] “Ат-тавссул. Анваъуҳу ва аҳкамуҳу”. Албоний. Муҳаммад Ийд Аббосий томондан тартиблаштирилган. 149 – Б. Мактабатул-маъориф лин-нашр ват-тавзийъ. Риёз. 
[13] “Аҳкамул-жаноиз ва бидаъуҳа”. Албоний.264 ва 266 – Б. Тўртинчи босма. Мактабатул-исломий. Байрут. Ва яна “Ат-тавссул. Анваъуҳу ва аҳкамуҳу” номли китобида. 
[14] “Аҳкамул-жаноиз ва бидаъуҳа”. Албоний.260 ва 261 – Б. Тўртинчи босма. Мактабатул-исломий. Байрут.
[15] “Ат-тавассул. Анваъуҳу ва аҳкамуҳу”. Албоний. Муҳаммад Ийд Аббосий томондан тартиблаштирилган. 80 – Б. Мактабатул-маъориф лин-нашр ват-тавзийъ. Риёз.

Siz nima deysiz, fikr bildiring!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting