Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул-ҳадис фанлари ойлиги” муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан асос солиниб, у зотнинг муҳаддис шогирдларининг саъй-ҳаракатлари билан ниҳоясига етказилган “Олтин силсила” тўпламининг яратилиш тарихи мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Маълумки, “Олтин силсила” тўпламида мусулмон оламида саҳиҳ деб эътироф этилган “Кутубут-тисъа” яъни “Тўққиз саҳиҳ ҳадис китоблар”ини она тилимизга таржима қилиш ва қисқача изоҳлаш мақсад қилинган.

Тадбирга “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбааси раҳбари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги жоме масжид имоми Шайх Исмоилжон Муҳаммад Содиқ домла таклиф этилди. Тадбирни кафедранинг ҳадис фани ўқитувчиси Муҳаммадхон домла Жаҳонгиров очиб бердилар.

Воиз Исмоилжон Муҳаммад Содиқ домла аввало, талабаларга ҳадис илмини ўрганишда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, баъзилар томонидан Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий далиллари раъй ва қиёсга асосланган деган нотўғри тушунчаларнинг нохолис шахслар томонидан асоссиз яъни бу мазҳабнинг ҳадисдан олинган далилларини мукаммал ўрганмай туриб, кўркўрона айтилган туҳмат эканини айтиб ўтдилар ва бу сўзларини бир неча илмий мисоллар билан батафсил баён қилдилар.

Суҳбат асносида “Олтин силсила” тўпламининг ёзилиш тарихи билан бир қаторда ҳазратнинг қаламига мансуб долзарб мавзуларда ёзилган китобларнинг таълифи ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, талабалар учун энг манфаатли тавсия – вақтни қадрлаш, уни тўғри тақсимлаш масаласини Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг кун тартиблари мисолида бир неча ҳаётий ва ибратли воқеаларни сўзлаб бердилар.

Бугунга қадар “Олтин силсила” тўпламининг шоҳ асари бўлмиш Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул-Бухорий” асари таржимаси саккиз жилдда тўлиқ чоп этилиб, халқимиз ва талабаларга тақдим этилди. Шунингдек, Шайх Исмоил Муҳаммад Содиқ домла талабаларга тадбирнинг энг эсда қоларли воқеаси бўлган хушхабар “Олтин силсила” тўпламининг иккинчи шоҳ асар “Саҳиҳу Муслим” тўпламининг таржима ва изоҳи тамомига етиб, уни ҳам нашр ишлари бошлаб юборилганини айтиб ўтдилар.

Тадбирда талабалар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари ва таълиф услублари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Сўнг институтнинг маънавий-маърифий масалалар бўйича проректори Жаҳонгир домла Мелиқўзиев тадбир меҳмони Исмоилжон домлага институт жамоаси номидан миннатдорчилик билдириб ўтдилар. Сўнг Қуръон тиловати қилиниб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларига ҳамда “Ҳилол-Нашр” нашриёт-матбааси фаолиятига муваффақият ҳамда институтимиз устоз-талабалари ҳақларига хайрли дуолар қилиниб, давра суҳбатига якун ясалди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчиси Баҳодиржон Баҳромжон ўғли

120670cookie-check“ОЛТИН СИЛСИЛА”НИНГ ТАЪЛИФ ЭТИЛИШ ТАРИХИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting