Бугун мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ва қарорларда аёл-қизларимизнинг давлат ва жамият қурилишидаги фаол иштирокини таъминлашга, айниқса, ўзининг ва фарзандининг соғлигини сақлашга қаратилган. Бу борада амалга оширилаётган ишларда жамиятда аёл шаъни, қадр-қиммати, оиласи мустаҳкамлиги масаласи мужассам этаётганини таъкидлаш зарур.

Жорий йил 20 февраль куни Тошкент ислом институти талаба қизлари билан аҳоли, хотин-қизлар ва ёшларни экстремизм, терроризм сингари бузғунчи ва ёт ғоялар таъсиридан сақлаш масалаларига бағишланган учрашув ташкил қилинди. Унда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, ТИИ ректори У.Ғафуров, проректорлар Ж.Мелиқўзиев ва У.Ходжаев, талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова иштирок этдилар.

Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев маъруза қилиб, бугунги кунда олий неъмат бўлган тинчлик-осойишталикка раҳна солаётган турли экстремист ва террорчи ташкилотлар, уларнинг сохта даъволари ва ғояларининг асл мақсади, уларнинг олиб бораётган тактик ҳаракатларини аниқ мисоллар орқали ёритиб берди.

Афсус билан қайд этиш лозимки, экстремистик тўдаларнинг мақсадли гуруҳларидан бирини аёллар ташкил этади. Айрим аёллар ва қизлар ақидапараст шахслар, уларнинг таъсирига тушиб қолган яқин қариндошларининг даъватлари ёхуд интернет тармоғидаги даъват ва алоқалар таъсирида экстремистик ташкилотлар сафига кириб қолмоқда. Ақидапарастлар нима учун айнан аёл-қизларни ўз сафларига жалб этишга ҳаракат қилмоқда ва қандай тоифа аёллар уларнинг қурбонига айланмоқда?

Аёлларнинг ушбу мудҳиш оламга кириб қолиши моддий қийинчилик, оиладаги етишмовчилик, ишсизлик, кам таъминланганлик, аламзадалик, яқинларидан норозилик, кимдандир суянчиқ излаш, шунингдек, динга ўта қизиқиш ва фақат дин талаблари асосида ҳаёт кечиришга интилиш каби қатор ижтимоий ҳолатлар билан боғлиқ.

Шунингдек, псиxoлoгларнинг таъкидлашича, эркаклардан фарқли равишда аёлларга xoс бўлган бўйсунувчанлик, ҳиссиётга таянган ҳолда иш юритиш, ташқи таъсирга берилувчанлик, руҳий тушкунликка тез тушиш ва руҳий зарбаларга чидамсизлик, ўта қизиқувчанлик ҳамда ахборотларни тўлақонли таҳлил қилмаслик каби характерли хусусиятлари мавжудки, буни яхши билган нопок ниятли кимсалар бундан ўз манфаатлари йўлида усталик билан фойдаланишади.

Бўлиб ўтган учрашувда талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар билан бир қаторда, мутахассислардан зарур маслаҳат ва тавсиялар ҳам олдилар.

А.Олимов,
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

120910cookie-checkАЁЛНИ АСРАШ – НАСЛНИ, ЖАМИЯТНИ, МИЛЛАТНИ, КЕЛАЖАКНИ, ДУНЁНИ АСРАШ ДЕМАКДИР!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting