Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Февраль ойи “Ҳадис ва мусталаҳул-ҳадис фанлари ойлиги” муносабати билан бугун барчага муҳим бўлган мавзуда илмий тадбир – давра суҳбати ташкил этилиб, унга “Ал-Азҳар” университетининг Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида фаолият юритётган шайхлари жалб этилди. Улар Ал-Азҳар университети Магистратура бўлимининг Усулуд-дин кафедраси мудири, Ҳадис илми фанлари доктори, проф. Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон Абдулҳалим ҳамда Араб тили факультети Балоғат ва мунозара илми кафедраси мудири, Балоғат ва мунозара фанлари доктори профессор Али Саад Али Саад жаноблари бўладилар.

Меҳмонлар дастиаввал, Тошкент ислом институтига ташриф буюриш олдидан Ҳазрати Имом Қаффол Шоший ва у зотнинг живорларида қўним топган улуғлар қабрларини зиёрат қилдилар. Сўнг ТИИнинг устоз ва талабаларига маъруза ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Жумладан, АРМ биносида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси устозлари ҳамда 1,2,3 курс талабаларига Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон Абдулҳалим “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фанларининг ривожланиш босқичлари” ва “Ҳадислар маъносини тўғри тушунишнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни ТИИнинг катта ўқитувчиси Фахриддин Муҳаммадносир домла очиб бердилар, устоз ва талабаларга меҳмонни таништириб, давра суҳбат мавзусини айтиб, сўз навбатини меҳмонга бердилар.

Меҳмон Ўзбекистонга илмий хизмат юзасидан сафар қилиб, Имом Бухорийнинг живорларида талабаларга ҳадис ва ҳадис илмлари ва бошқа фанлардан дарс бераётганидан, шунингдек, бу каби илмий ҳамкорликлардан мамнунлигини айтиб ўтди. Тошкент ислом институти устоз ва талабалари билан илмий учрашув ўзи учун катта аҳамият касб этиши, бундан бахтиёр эканини таъкидлади.

Мавзулар борасида батафсил тўхталиб, айниқса, ҳадисларни тўғри тушунишда аввало, араб тилини чуқур ўрганиш зарурлиги, шунингдек, ҳадисларнинг ворид бўлиш муносабатларини билиш ҳал қилувчи нуқталардан бири экани ҳақида муфассал маълумотларни илмий мисоллар билан тушунтириб берди. Тадбир сўнгида савол-жавоб учун алоҳида вақт ажратилиб, талабалар ўзларига қизиқ бўлган илмий мавзулардаги саволларига батафсил жавоб олдилар. Жумладан, мазҳаб имомлари орасида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни ҳадис илмидаги тутган ўрни ҳқидаги саволга ҳам батафсил тўхталиб, у зотнинг ҳадис илмида тутган ўрни фиқҳ илмидаги мавқейидан кам эмаслигини илмий мисоллар билан исботлаб бердилар.

Мутахассис шайхлардан унумли фойдаланиш мақсадида ТИИ мажлислар залида Балоғат ва мунозара фанлари доктори профессор Али Саад Али Саад Тиллар кафедраси устозлари ҳамда битирувчи курс талабаларига “Араб тилини ўқитиш услублари” мавзусида маҳорат дарси ўтиб бердилар. Маҳорат дарси шайх томонидан жуда қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой, савол-жавоб услубда – амалий маҳорат дарси ўлароқ – олиб борилди.

Шунингдек, шайх Али Саад Али Саад “Таҳфизул-Қуръон” кафедра биносига ташриф буюриб, кафедра устоз ва талабаларига “Қуръони каримнинг илмий мўъжизалари” мавзусида сермазмун суҳбат қилиб бердилар. Талабалар тафсир илмини чуқур ўрганиш учун керакли мулоҳаза ва тавсиялар олдилар. Талабаларнинг илмий саволлари ўз навбатида шайхда ҳам ижобий таассуротлар қолдирди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

ўқитувчиси Баҳодиржон Баҳромжон ўғли

121030cookie-checkАл-Азҳар университетининг профессор устозлари иштирокида маҳорат дарси ташкил этилди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting