Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий айтадилар:

“Илм таҳсил қилиш Аллоҳ таолога шундай маҳбуб амалки, Аллоҳ таъоло тарафидан умматга келган энг биринчи хабар “Ўқи” деган лафз бўлди.

Энг биринчи лафз “Тавҳид” (Аллоҳни ягона деб билиш) ҳам бўлиши мумкин эди. Чунки, “Тавҳид”сиз инсон мўмин бўла олмайди. Аллоҳ таъоло ҳар гуноҳни кечиради. Лекин мушрикларнинг гуноҳи (ширк)ни кечирмайди. “Тавҳид” ўта муҳим бўлганлиги учун энг биринчи ваҳий “Тавҳид” лафзи бўлиши ҳам мумкин эди.

Энг биринчи лафз “Рисолат” (пайғамбарлик)га тааллуқли бўлиши ҳам мумкин эди. Сизлар пайғамбарга иймон келтирингиз деган ваҳий ҳам бўлиши мумкин эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўъмин бўла олмайди”

Пайғамбарга иймон келтириш ҳам шу даражада муҳим эди.

Лекин бундай бўлмади. Биринчи келган хабар “Тавҳид”га ҳам, “Рисолат” (пайғамбарлик)га ҳам  тааллуқли бўлмади. Энг биринчи хабар “Ўқи” дея илмга тааллуқли бўлди. Бундан маълум бўладики, илм таҳсил қилиш Аллоҳ таъолога ўта маҳбуб амалдир.”

Ҳўп, ундай бўлса, бу ерда зикр қилинган ва мақталган илм қандай бўлади?

Ҳазрат Мавлоно Ҳифзурроҳман Поланпурий айтадилар:

“Илмнинг ҳақиқати ҳақида бир умумий янглиш тушунча учрайди. Кўпинча китобларнинг лафзлари ва ёзувларини илм деб тушунилади. Умуман олганда айнан шуни илм деб номланади. Шунинг учун кимга лафзлар ва ёзувлар кўпроқ ёд бўлса, унинг илми кўпроқ деб тушунилади. Ваҳоланки, бунинг номи “маълумотлар”дир. Илм бошқа нарса, маълумотлар бошқа нарсадир. Бу зоҳирий лафзлар ва ёзувлар илм эмас, балки, илмни зоҳир қилиш воситаларидир. Улар орқали илм ифода қилинади. Илм дарҳақиқат бир маънавий нарса  бўлиб, у лафзлар орқали зоҳир қилинади. Илмнинг ҳақиқатини баён қилаётиб, Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

ليس العلمُ بكثرة الرواية إنما العلمُ نورٌ يُقْذَف في القلبِ

Яъни: “Ривоят кўплигининг номи илм эмас, балки илм бу қалбга солинадиган нурдир” дейдилар.

У орқали банда ҳақни англай олади ҳамда хақ ва ботилни ажрата олади.

Айни шу нурга нисбатан Қуръони каримда шундай дейилди:

قَدْ جَاءكُم مِّنَ اللّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُّبِينٌ

Яъни: “Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди”. (Моида сураси, 15-оят)

Яна айни шу нурга руҳ ҳам дейилди:

وَأَيَّدَهُم بِرُوحٍ

Яъни: “…ва уларни бир руҳ билан қўллагандир”. (Мужодала сураси, 22-оят)

Яна айни шу нурга тааллуқли бошқа ўринда шундай деди:

وَجَعَلْنَا لَهُ نُوراً يَمْشِي بِهِ فِي النَّاسِ

“…унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйдик”. (Анъом сураси, 122-оят )

Яъни, Биз илмни нур қилиб қўйдик. Бас, аслида айни шу нурнинг номи “илм”дир.

Имом Шофеъийнинг машҳур шеърлари бор:

شَكَوْتُ إلَى وَكِيعٍ سُوءَ حِفْظِي

فَأوصانِي إلَى تَرْكِ المعَاصي

فإِنَّ العِلْمَ نُورٌمن الهي

ونورُ الله لا يُعْطَى لعاصي

Мен Вакиъга ҳотирамдан қилдим шикоят
Гуноҳларни таркига қилди васият
Деди: чунки, илм нури илоҳий,
Берилмас осийга нури илоҳий.

Маълум бўлдики, илм нури илоҳийнинг номидир. У гуноҳкорларга берилмайди. Агар фақат лафзларни талаффуз қилишнинг номи “илм” бўлганида эди, у ҳолда,  у нафақат гуноҳкорларга, балки, кофирларга ҳам берилаверар эди.​

Яна шунингдек, Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қиладилар: “Ҳақиқий илм инсонни гуноҳлардан тўхтатадиган илмдир. Агар шундай бўлмаса, у ҳолда у илм ўша олим учун мусибатдир” .

Тошкент ислом институти 305-гуруҳ талабаси
Муҳаммад Али Муҳйиддин.

Абдулқайюм Комил таржималари асосида тайёрланди.

123060cookie-checkИлмнинг ҳақиқати ва боқий илмга эришиш йўллари (биринчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting