Оналарнинг оёғи остидадур, Равзаи жаннату жинон боғи,
Равза боғи висолин истасанг, Бўл онанинг оёғи туфроғи.

Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин хотин-қизлар, она-бола ва ёш оилаларга катта эътибор берила бошлади. Ёш авлод соғлом ўсиши, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг шароитлар яратилди. Бўлажак она бўлмиш қизларимиз руҳан ва жисмонан бақувват бўлиб улғайишлари муносиб авлод бўлишлари йўлида бебаҳо қадриятларимиз ҳаётда татбиқ этиш изчил давом этмоқда. Жумладан, анъанага айланиб қолган, ҳар бир йилни юртбошимиз томонларидан бир ном билан номлаш, масалан, 1998 йилнинг “Оила йили”, 1999 йилнинг “Аёллар йили”, 2000 йилнинг “Оналар ва болалар йили” ҳамда 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши, авваламбор, оилага, қолаверса, аёлларга бўлган эътиборнинг ажойиб намунаси десак бўлади.

Жорий йилнинг 6 март куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Жаннат оналар оёғи остидадур” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Тикланиш” маҳалласи яраштирув комиссияси раиси Набиева Азизахон Маннаповна меҳмон бўлди. Азизахон опа талаба қизларимизни жамият олдидаги улкан масъулияти билан бирга, ҳар бир оиланинг энг азиз аъзоси шарафини ҳимоя қилиш кераклигини айтиб: “Жамиятнинг деярли ярмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётдаги турмуш-юмушлари ва ташвишларининг аксарияти улар зиммасидадир. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасида қатор вазифалар юклатилиши баробарида, оилада у ўз ҳақ-ҳуқуқига ҳам эга экани айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” деб сўрашганда: “Еганингизда уни ҳам едиришингиз, кийганингизда уни ҳам кийдиришингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётишингиз унинг ҳақларидир”, деганлар. Аёлларга ҳар қанча имконият ва ҳуқуқ берилмасин, улар ҳар қанча улуғ мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, миллатини, динини, Ватанини билдириб, севдирмасалар, оналик, аёллик ҳақиқни адо этмаган бўлишади. Аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга кўра бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилиши лозим”.

Суҳбат ўта қизғин савол-жавобларга бой бўлиб, Азизахон опа қўлларини дуога очиб, Яратгандан оила, фарзанд ва жамият соҳиби, масъулият соҳиби бўлган барча талаба қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини сўраб дуолар қилди.

Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова

124230cookie-checkОНАЛИК ВА АЁЛЛИК ҲАҚҚИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting