Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаган киши борасидаги келган таҳдидлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен ҳузурида зикр қилиниб, менга саловот айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалсин! Унга Рамазон ойи келиб, гуноҳлари мағфират қилинмасдан (Рамазон) ундан ўтиб кетган кимсанинг бурни ерга ишқалсин! Ҳузурида ота-онаси ёки улардан бири қариликка етиб уни жаннатга киритмаган (Бу ерда маъно мажозийдир. Чунки ҳақиқий киргазувчи Аллоҳнинг Ўзидир. Яъни, жаннатга улар сабабидан киришлик учун уларга хизмат қилмаган) [1]кимсанинг бурни ерга ишқалсин!”, дедилар. (Термизий ривояти).

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бахил мен ҳузурида зикр қилиниб менга саловот айтмаган кимсадир”, дедилар (Термизий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтиш ҳамда у зот учун дуо қилишнинг фазилати

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: “Қачонки муаззинни эшитсангиз, у айтаётган нарсанинг ўзини айтинг ва менга саловот айтинг. Ким менга бир маротаба саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади. Сўнгра мен учун “Васила” (Пайғамбар алайҳиссаломга бериладиган даража)ни сўранг. Чунки у Аллоҳнинг бандаларидан фақатгина биттасига бериладиган мартабадир. Ўша банда мен бўлишимни умид қиламан. Ким Аллоҳдан мен учун “Васила”ни сўраса, унга шафоат лозим бўлади (Муслим ва Насоий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўн даража кўтарилади”, дедилар (Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Бошқа бир ривоятда: “у учун ўнта яхшилик ёзилади” дейилган (Термизий ва Аҳмад ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Албатта, Жаброил менга нидо қилиб, шундай деди: “Ким сизга бир саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади ва уни ўн даражага кўтаради (Баззор ривояти).

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Мен Жаброилга йўлиқдим. У менга: “Мен сизга Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилганининг ҳуш хабарини бераман: “Ким сенга салом йўлласа, Мен ҳам унга салом йўллайман. Ким сенга саловот айтса, Мен ҳам унга саловот айтаман”, деди” (Аҳмад ривояти).

Зайд ибн Ҳубоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммад ва анзилҳул мунзалал муқорраба ъиндака явмал қиямаҳ” (маъноси: Аллоҳим Муҳаммадга саловот айт ва уни қиёмат кунида ҳузурингдаги муқарраб даражага қўйгин) деса, у учун шафоатим вожиб бўлади”, деганларини эшитдим (Баззор, Табароний, Аҳмад ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қиёматда менга инсонларнинг энг афзали менга енг кўп саловот айтганингиздир” (Термизий, Ибн Ҳиббон ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Уйларингизни қабр қилиб олманглар. Қабримни байрам(гоҳ) қилиб олманглар. Менга саловот айтинг. Сиз қаерда бўлсангиз ҳам саловотингиз менга албатта етади”, деганларини эшитдим (Насоий ривояти).

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида бир киши кирди ва намоз ўқиб, “Аллоҳим, мени мағфират қил ва менга раҳм қил” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Эй намозхон! Намоз ўқиб, (дуо учун) ўтирсанг, Аллоҳга муносиб ҳамд айтгин ва менга саловот айтгин!”, дедилар. Фузола ибн Убайд: “Мана шундан кейин бошқа бир киши намоз ўқиди. Сўнгра Аллоҳга ҳамд айтиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Эй намозхон! Дуо қил ижобат қилинади”, дедилар (Термизий ривояти, Абу Довуд ва Насоий шунга ўхшашини ривоят қилган).

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-курс талабаси
Мурод Музаффар ўғли.

[1] Мулла Алий Қорий. Мирқотул Мафотиҳ. 3-жуз. Байрут-Лубнон: “DKI”, 2001. Б- 13

125410cookie-check“Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг” (иккинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting