Салом келажакда шу канални архивларини ўқиётган авлодлар. Балки ҳозир 2100 йилдир, балки ундан ҳам кўп. Мен 2020 йилдан ёзяпман. Ёшим 30 да. Ҳозир шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳридаман. Мана бир ойдан бери карантин режимидаман, 13 кунки уйдан ҳеч қаерга чиққаним йўқ. Деразадан ташқарига қарар эканман, мушуклар ва қушлардан бошқа жонзотга кўзим тушмайди. Аммо соат кечки 21 бўлиши билан, одамлар уйларининг деразаларидан туриб қарсаклар чалишади. Шунда ҳис қиламан ёлғиз эмаслигимни. Масжидлардан азон овозини эшитганимда эса бу кўнглимга қандайдир умид бахш этади.

Ҳозир худди кино қаҳрамонидайман, гўёки бу кунлар туш, уйғониб кетсам ҳаммаси аввалгидай давом этиши керакдай туюлади. Биз инсоният, ўзимизга жуда қаттиқ ишониб юборган эдик. Илм-фан, янги технологиялар, глобализация жараёнида шундай катта ютуқларга эришдикки, дунёда пандемия рўй беришини ҳаёлимизга ҳам келтира олмасдик.

Биз инсоният, овқат ва томоша, кўнгилхушликлар учун жуда кўп пул сарфладик, спорт ўйинлари, қиммат машиналар, ҳаддан ташқари керакмас нарсаларга ҳам кўп пул сарфладик, Бошқа бир биродаримиз нонга зор йиғлаган вақтда бошқалар ҳаттоки олтинни ейиш мумкин бўлган ҳолатга келтириб истеъмол қилишди. Бизнинг кунлик мавзуларимиз футбол, ғийбат, бемаза приколлар эди. Турмуш ташвишлари, қандай қилиб уйимизни қўшнимизни уйидан баландроқ қилиб қуриш ҳақида ўйлардик. Врачларга кунда кунора қўл кўтардик, ўқитувчига етарли ҳурмат кўрсатмадик. Ҳеч қачон бу инсонларга қаҳрамонлар сифатида қарамадик, олди қочди фильмлар кўрдик попкорн еб, биз учун суперқаҳрамонлар Темир Одам ва Супермен эди. (ҳозир бу киноларимиз сизларга мультфильм бўлиб туюлса керак)

2020 йилда коронавирус пандемияси бошланди… Бошида буни бизга алоқаси йўқ деб ўйладик. Хитойликларни устига  юборилган бало деб, бундан хурсанд бўлган эшакмиялар ҳам бўлди. Ҳозир эса, қўрқмасдан ёмғир остида сайр қила олмаймиз, ўпкамизни тўлдириб тоза ҳаводан нафас олиб табиатнинг неъматларидан баҳраманд бўла олмаймиз.

Биз индустриализация даврида яшадик, ўрмонларни кесиб тугатдик, денгизларни қуритдик, бир замонлар инсон қўли тегмаган жаннатмакон ўлкаларни чўл-у биёбонга айлантирдик… Сизларга, ўзимиздан кейингиларга қандай дунё ташлаб кетишимиз ҳақида ўйламадик, ўйлаганларни устидан кулдик…

Сизларда балки ҳозир киберпанк давридир, бизни қандай яшаганимиз жуда примитив ва кулгили туюлар. Балки бизларни қарғарсиз… Биласизми, биз минглаб одамларни чақириб исрофгарчилик билан тўйлар қилардик. Жуда кўп оилалар эса шунга қарамай ажрашиб кетишарди. Биз ўзимиз хоҳлагандай эмас, бошқаларнинг биз ҳақимиздаги фикрларини муҳим деб ҳисоблаб қилардик буни.

Дунёнинг энг одам гавжум жойлари бўшаб қолди, бир замонлар болалар кулгиси билан тўлган ўйин майдончалари, бугун кимсасиз етим қолган табиат каби ётибди… Ҳали фарзандларим учун деб бирорта дарахт экишга улгурмаган эдим… Бир замонлар одамларнинг ҳайратли нигоҳлари билан томоша қилинган музейлар бўш, денгизлар, йўллар бўш… Бугун Ватикан ҳам, Қуддус ҳам, ҳатто Каъба ҳам бўш… Биз ўз хатоларимизнинг қурбонларига айландик.

Биз хулосалар қилиб, албатта бу балодан қутулишимизга ишонамиз. Сизлар эса биз қилган хатоларни такрорламанглар. Сизларнинг ҳам келажакда дунёга келишингиз, севишингиз, бахтли бўлишингиз, авлодларингиз учун яхши ишлар қилишингизга ҳаққингиз бор. Биз шундай авлод бўлдикки, ўтмиш хатоларидан етарли хулоса қила олмадик, мана энди ўз бошимиздан кечириб хулоса қилмоқдамиз. Сизлар биздай бўлманглар.

27.03.2020

Нурбек Алимов

Манба: @nurbekalimov канали

127440cookie-check​​Келажакка хат
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting