❗️1 апрель – алдаш куни. Алдаш – ёлғончилик, каззоблик, фирибгарлик деган маъноларни ўз ичига олади.

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар-гина тўқирлар. Ана ўшалар – ёлғончилардир» (Наҳл сураси, 105-оят).

❗️Биринчи апрель ҳазили деб, бир кишини алдаш оқибатида унинг қони, мол-мулкига тажовуз қилинади, обрўси поймол қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув ҳажида шундай деганлар:

«Сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўингиз бир-бирингизга ҳаромдир»!
Имом Бухорий ривоят қилган.

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар» (Нисо сураси, 29-оят).

❗️Мазкур алдов бирор шахснинг бирор иллатини айблаш маъносида бўлса ва ўша иллат унда ҳақиқатдан ҳам бор бўлса, бу иш ғийбат бўлади. Агар ўша иллат унда бўлмаса, туҳмат ёки бўҳтон бўлади. Буларнинг ҳар иккаласи ҳам шариатимизда ҳаромдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. У зот: «Биродарингни унинг ўзига ёқмаган нарса билан зикр қилишинг», дедилар. Шунда: «Мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?» дейишди. У зот: «Агар айтган нарсанг унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Айтган нарсанг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», дедилар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган.

❗️Мазкур алдовга мазах, истеҳзо ҳам аралашади. Буларнинг ҳар иккаласи шариатда ман этилган.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, Фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар».

Умар ибн Абдулазиз: «Мазахдан сақланинглар. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазах аслида сўкиш, аммо эгасини кулдиради, холос».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, устига асал суртилган заҳарга ўхшаш бу «байрам»да тилга тегишли бўлган барча жиноятлар содир этилади ва бу оддий ҳол деб қабул қилинади. Юқорида уларнинг ҳаммасини бирма-бир келтирмадик, ақл эгаларига эслатма ва огоҳлантириш бўлсин дея бир неча мисоллар келтирдик, холос.

Аслида бирор кунни «Умуман ёлғон ишлатилмайдиган кун» деб нишонласа тўғри бўлмасмиди? Ўзи шундоқ ҳам ҳеч бир кунимиз ёлғонсиз ўтмайдиган бўлиб қолди-ку!

Яна бир таклиф: 1 апрелни алдов ва ҳазил куни деб нишонлагандан кўра «Гиёҳвандликка қарши кураш куни» ёки «ОИТСга қарши кураш куни» сингари «Ёлғонга қарши кураш куни» деб эълон қилсак бўлмайдими?

Исҳоқжон БЕГМАТОВ
Манба: @muslimuzportal

127470cookie-checkБИРИНЧИ АПРЕЛЬ ЁХУД ЁЛҒОНГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting