“Гул очган атиргул буталари очиқ дераза оша уй томон мўралади. Кай ва Герданинг стуллари бор эди, улар бир-бирларининг қўлларини ушлаганча стулларида ўтиришарди. Қор маликасининг совуқ ва ҳашаматли саройи уларнинг ёдларидан қўрқинчли туш каби унутилган эди”.

Ҳ.К.Андерсен, “Қор маликаси”

Ҳар йили машҳур ҳикоянавис адиб Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган куни – 2 апрелда Халқаро болалар китоби куни дунё бўйлаб нишонланади. Ушбу байрам 1967 йилда Ёшлар китоблари халқаро кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган.

Кенгаш ушбу кун орқали болаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини яхшилаш, янги авлод маънавий ва интеллектуал қиёфасини шакллантиришда болалар китобининг ролини оширишни тарғиб қилади. Шунингдек, байрамнинг мақсадларидан бири болалар адабиёти, китоб санъати ва маданиятини ривожлантириш ҳамда болалар китобхонлиги борасидаги мавжуд муаммоларга дунё ҳамжамияти эътиборини қаратишдан иборат.

Айтиш керакки, болалар адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиши нисбатан яқин ўтмишга эга. XVII асрнинг ўрталарига қадар болаларга эртаклар асосан оғзаки айтилган ва улар ота-оналар орқали етказилган.
XVIII асрда болалар Д.Дефонинг “Робинзон Крузо” ва Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” сингари машҳур асарлари билан танишдилар, шарқ эртаклари тўпламлари эса бу даврда ҳали машҳур эмас эди. XIX асрга келиб ака-ука Гримм ва Ҳанс Андерсенлар болаларга эртаклар тақдим қила бошладилар.

Россияда ҳам болалар адабиётини ривожлантиришга катта эътибор берилди. XVIII-XIX асрларда болалар асарлари А.Пушкин, С.Аксаков, А.Шишков, А.Погорелский ва бошқалар томонидан яратилган. Кейинчалик биринчи болалар журналлари чиқа бошлади.

Ҳозирги кунда болалар адабиёти алоҳида бадиий йўналиш ҳисобланади. Ҳар йили дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган Ёшлар китоблари халқаро кенгашининг филиаллари ушбу ажойиб байрам – Халқаро болалар китоби кунини халқаро миқёсда нишонлаш бўйича ҳомийлик қилади.

Ҳар йили байрам шиори эълон қилиниб, мезбон мамлакатнинг машҳур болалар ёзувчилари томонидан бутун дунё болаларига мактуб юборилиб тадбирга таклиф этилади. Шунингдек, таниқли рассомлар Халқаро болалар китоблари кунига бағишлаб кўргазмали плакат таёрлашади. Кейинчалик ушбу материаллар болалар адабиётини ривожлантириш ва китоб мутолаасини оммалаштириш тарғиботи ишларида фойдаланилади.

Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Болалар китоблари куни фестивалида болалар ёзувчилари ва рассомлари ушбу адабий соҳадаги асосий мукофот – Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро мукофотга сазовор бўладилар. Андерсен олтин медали “Кичик Нобел мукофоти” ҳам деб аталади. Олтин медал болалар китоблари бўйича халқаро кенгашнинг навбатдаги конгрессида номзодларга топширилади, шунингдек болалар китобларининг дунё тилларига қилинган энг яхши таржималар учун ҳам фахрий ёрлиқ берилади.

Болалар китоблари куни муносабати билан турли мамлакатларда энг яхши бадиий асарларга бағишланган кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва фестиваллар ўтказилади. Тадбирларга замонавий болалар ёзувчилари ва шоирлари таклиф қилиниб болалар ва ўсмирлар билан мулоқот қиладилар ҳамда ушбу ҳафталик давомида асарлар мутолаа қилинади.

127600cookie-checkБугун 2 апрель – Халқаро болалар китоблари куни
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting