Шу кунларда барчанинг оғзида коронавирус ҳақидаги гап-сўзлар айланиб юрибди. Одамларни кузатсак, уларда асосан икки ҳил ҳолатни кўрамиз. Бир қисм кишиларнинг тили зикрда, қўли дуода. Улар Аллоҳ таолодан юртимиз ва бутун дунёни бу мусибатдан аритишини, беморларга тезроқ шифо беришини сўрамоқда. Яна бир тоифа кишилар эса турли миш-миш ва ёлғон хабарлар тарқатиб, одамлар орасида безовталик юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Миш-миш тарқатиш – динимизда гуноҳи кабира ҳисобланади. Нега бундай? Сабаби у орқали ришталар узилади, уйлар бузилади, ёмонликлар урчийди, одамлар орасида хавф-хатар, қўрқинч юзага келади.

Уламолар миш-миш тарқатиш – ҳасадчи душман тўқийдиган, фосиқ-мунофиқ тез илиб оладиган, мағрур жоҳил тарқатиб юрадиган қабиҳ иш ҳисобланади. Миш-мишлар тарқатгувчи – фосиқдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Демак, тўғри келган хабарни олиб келган киши фосиқ ҳисобланар экан. Хабарни эшитган киши унга ишониб кетавермасдан, аввал яхшилаб текшириб кўриши керак экан.

Ўйламай гапирадиган киши дўзахга тушади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир банда оқибатини ўйламай Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да, ўша билан даражасини кўтаради. Яна бир банда бепарво Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган бир сўзни айтади-да ўша билан уни жаҳаннамга ташлайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Ҳадис шарҳловчилари миш-миш тарқатувчи кишиларни ҳам мана шу ваъид ичига киради, бу ишлари билан Аллоҳнинг қаҳрига учраб, борар жойлари жаҳаннам бўлади, дейдилар.

Аллоҳ таоло бошимизга соя солиб турган коронавирус касаллигини тез кунларда кўтариб, офият берсин.

Мирзамақсуд АЛИМОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби

127880cookie-checkМусулмон киши миш-мишларга ишонмайди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting