“Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг кўз олмасининг травматик катта ёрилиши, кўз гавҳари чиқиши, жағ суяклари синиши, ёноқ, бош, юз, қорин, оёқ ва қўллар юмшоқ тўқималари жароҳати…”
Бу беморга эмас, беморни даволамоқчи бўлган, оғиз-бурни қонталаш шифокорга қўйилган ташхис аслида.
Ижтимоий тармоқларда шифокорларнинг калтакланиши билан боғлиқ хабарлар шунчалик кўпайиб кетдики, бориб-бориб кўникиб ҳам қолдик.
Тошкентга келган машҳур жарроҳ Лео Бокериянинг энг яхши кўрган шогирди ўзбек эканлиги, у доим шогирди билан мураккаб жарроҳлик операциясидан олдин маслаҳатлашиб олишидан фахрланмадик. Давлатимиз шифокорларнинг жамиятдаги обрўсини кўтариш, уларнинг маошларини ошириш туфайли коррупцияга барҳам беришдек оқилона сиёсати фақат тиббиёт эмас барча соҳаларда амалга оширилаётганидек ислоҳотларни нотўғри тушуна бошладик. Худди бошқа соҳа ходимлари фаришта-ю шифокорни муттаҳамга чиқариб “Олган ойлигингни оқла, отам ўлди қайтариб бер” – дея оғиз-бурнини қонатиб таскин топдик.
Аммо, ҳеч ким инфарктни оёғида ўтказишига сабаб бўлган отанинг муштумзўр ўғлини инсофга чақириб чертиб ҳам қўймади. Қарийб 10 йил таҳсил олиб бугун бир мишиқи зарбасидан бир умр кўзи ожиз бўлган бўлган шифокор ота ўз фарзандларига қарата: “Болам, ўқитувчи ёки шифокор бўлишдан олдин ўйлаб кўринглар. Сотувчилик ёки тадбиркорликни танланглар. Иқтисодингиз ҳам яхши болаларингиз кўзи ҳам кўкармайди” деган ноласидан хулоса чиқармадик.
Жамиятимизда коронавирусдан олдин ҳам даҳшатли бир вирус “Копток шифокор” эпидемияси шунчалик ёйилдики, Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада она ва бола УТТ ҳамширасининг бурнини синдирди, Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббиёт ходими бемор боланинг бувиси томонидан калтакланиб, ҳақорат қилинди, Учқудуқ туманида фуқаролар маст ҳолатда шифокорларни чақириб, “Нима учун мени оёғинг билан туртиб уйғотдинг” дея уларни устидан кулиб дўппослади, Наманганнинг Учқўрғонида беморнинг тоғаси шифокорнинг юзига мушт тушириши оқибатида тиббиёт ходимининг бир кўзи бутунлай кўриш қобилиятини йўқотди.
Энди ўйлаб кўрайлик, ҳалиям бу хабарлар тиббиёт тизимида ўрнатилган тартибга кўра, ўзгалар томонидан жароҳат олган ҳолатда жиноятни яширган деган тамға олмаслик учун Ички ишлар бўлимига хабар берганлиги учун юзага чиқди.
Ҳали турмушга чиқмаган, яқиндагина тиббиёт академиясини тугатиб иш бошлаб сочи юлинган шифокор қизнинг одамлардан уялиб айтмаган ҳасратлари қанча…
Бир умр оқ халат кийиб яхши-ёмоннинг корига яраган, беморлар шифо топсин дея ҳовлисига райҳон экиб қўйган, беморлар сарсон бўлмаслиги учун тонггача дарвозасини очиб қўядиган маҳалладаги шифокор ота, қўли енгил дея олқишланган ҳамширанинг кўрган-билганлари, ичига ютиб юрганлари қанча…
Вазият шу даражага бориб етдики, энг элита касб бўлган шифокорлар ўз касбидан уяла бошлади. Ноинсоф шифокор бордир эҳтимол, аммо шифокорлик қасамёдига содиқ инсонлар фарзандлари қалбида жамиятга нисбатан нафрат уйғона бошлади. Ҳамма томошабинлигидан пичоқ бориб суякка тақалдики, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош прокуратурага хат ёзишгача борди. Ўзи учун ўзи курашди.
Тўғрида, агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига қўл кўтарсангиз фуқарога жуда қаттиқ чора кўрилади. Чунки у ҳуқуқ посбони. Аммо, тиббиёт ходими урилса ё сўкилса – ҳеч қандай чора йўқ эди. Жабрдийда шифокор тинчланиши учун “Ҳа, доктор, онаси ўлибди ёки отаси ўлибди ёки боласи касал экан, қизишганда жаҳли чиққан-да, сўкибди, урибди, буларни ҳам тўғри тушунинг” каби “сеҳрли” сўзлар айтиларди.
Ҳамма посбонлар ҳурматда, аммо Саломатлик посбонлари қадр-қиммати Коронакашшейнинг сандиғида эди.
Ёмонликда ҳам ҳикмат бор, деганларидек бугун биз Коронавирус балоси баҳона келажакка бўлган ишонч ва залворли қадамларни ташлаяпмиз. Биз ғалаба қозоняпмиз. Ўзбекистон тарихида илк бора Тошкент вилоятида беш кунда шифохона бунёд этилди, офатдан соғайган беморларнинг “Ўзбекистоннинг кучли қўлларини ҳис қилдим” деган эътирофини эшитдик.
Энг олий ётуғимиз, Коронакашшаей сандиғини очиб, ичидан “Шифокорлар – замонамиз қаҳрамонлари” деган ёзувни топиб олдик.
Кеча калтак еган ҳамширанинг қизи “Ойижон ишга борманг, савдога ўтинг. Кеча интернетдан видеони кўрдим. Сизни ёмон уришди. Қўрқиб кетдим” деган қизалоқ бугун миллат унинг онаси билан фахрланишидан кўзига ёш олмоқда.
Кеча ўғлини шифокор бўлишини орзу қилган келинчак калтакланган қайнотасига ачинган бўлса, бугун жамиятимиз томонидан шифокорларнинг қадрланаётганидан фахрланмоқда.
Кеча дўппосланган шифокордан шунчаки узр сўраган зўравон бугун содир этган қилмиши жавобгарликка олиб келишини англаб етмоқда, бугун оиласи бағрида карантинда эмас, кўринмас душман билан курашаётган фронтдаги жасоратли шифокорларни дуо қилмоқда. Виждон амри билан шифокор хонадонига озиқ-овқат улашмоқда.
Аслида бугун қадр топаётган шифокорнинг илдизи Табобат султони, ўрта асрларда Европада Инжилдан сўнг энг кўп нашр этилган “Тиб қонунлари” асари муаллифи Абу Али Ибн Синога бориб тақалади.
Тўғриси, ғалати бўларкан, Ўзбекистоннинг медиа майдонида бобомиз Ибн Синонинг “Ваҳима касаллик бошланиши, хотиржамлик шифонинг ярми, сабр давонинг бошланиши” деган оқилона ҳикмати, аммо телевизорда Туркиянинг “Ғаройиб шифокор” сериали айланмоқда.
Демак, бугунги тарихий синовли кунлар шу пайтгача “Бугунги замон қаҳрамонлари” мавзусида пойинтар-сойинтар фильм олиб юрган ижодкорлар олдига кўндаланг вазифа қўйяпти.
Ғалабанинг 75 йиллигида нафақат фашизмга қарши жасорат кўрсатган боболаримиз, улар билан бир қаторда коронавирусга қарши мардонавор курашаётган замондошларимиз ҳам миллат қаҳрамонига айланиб бўлишди.
Ҳа айтганча, ёшлик қилиб жаҳл устида шифокорларга озор берганлар бўлса шошилмасин. Улар ҳозир жонни тикиб юрт саломатлиги учун офатга қарши қаҳрамонларча жанг қилмоқда. Карантин тугагач, йўқлаб бориб кўнгил сўраса нур устига нур бўларди.
Жонибек ШУҲРАТОВ
Навоий вилоят “Тафаккур” ёшлар
тарғибот маркази раҳбари
Манба: Uza.uz
128090cookie-checkБиз қадрига етмаган замонамиз қаҳрамонлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting