Кимни ғами нимада?!

0
610

“Гурс-гурс”, “Банг-банг”, “Дўнг-дўнг”… Қобил ҳожи икки томонига салом берар-бермас, қўрқинчли шовқиндан бир сесканиб тушди. “Оятал Курсий”ни тиловат қила бошлаганида уйнинг деразалари титраб, қандил ҳаракатга кела бошлади. Бунинг устига кўчада шовқин-сурон бошланди.

“Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, Роббим, Қиёмат бошланди шекили… Ер ҳам қимирлаяпти…” Ҳожи бобо минг ҳадикда жойнамоздан сакраб турдию, хона эшигига югурди. Ҳовлиси жойида. Ҳамма ўз хонасида. Демак, ҳали Қиёмат келмаган кўринади? Энди бояги шовқин овозини қаттиқ кулгу тутди. “Қий-чув”, “Хангур-хунгур” жаранглай бошлади. Бобо тушунар-тушунмай кўчага чиқди. Ёнгинасидаги қўшни дарвозаси олдида “Спарк” автомашинаси турибди: эшиклари очиқ, ичида сатанг кийиниб, сочини тикка турмаклаб олган йигит сигарет тутатяпти, буни устига баланд қилиб ажнабий қўшиқни бутут маҳаллага эшитадиган қилиб қўйиб олган. Қўшиқ янграган сари, бояги “гурс-гурс” деган ваҳимали овоз ерни титратиб юборар эди. Қобил бобо Қиёмат эмас, нима бўлганини дарров фаҳмлади. Йигитчага яқинлашди:

-Хорманг, йигит…

– Бор бўлинг отам, бор бўлинг… Йигит ёнидаги мўсафидга парво ҳам қилмай телефонини тинмай босар, мийиғида кулиб ҳам қўяр эди.

– Ўзингдан катталарни кўрганда салом беришни ўргатишмаганми, болам?!

– Ўргатишган, ўргатишган… Нотаниш йигитча сигаретини яхшилаб тортди-да, бир йўталиб қолганини салондан кўчага отиб юборди. Бобонинг тоқати тоқ бўлди:

– Ҳов, тирранча, ўзингдан катталарга салом бериш, уларни кўрганда дик этиб ўрнигдан туришни билмайсанми?! – дея бобо унинг қулоғидан бураб ўзига торта бошлади.

– Ия, бу нимаси?! Қулоғимни қўйворинг ота, узворай деяпсиз-ку! Оғрияпти, ахир…

– Қулоқсизга қулоқ хайф! Бобо яна ҳам қаттиқ буради.

– Ота ёшингиз ҳурмати… Йўқса…

– Йўқса қулоқсиз қоламан деявер! Кимнинг ўғлисан, нодон?

– Шавкат мантёрнинг.

– Қайси, Исмат муаллимнинг ўғли Шавкатми?

– Ҳа-ҳа, ота энди қулоғимни қўйворинг, ачишиб кетяпти, ахир.

– Аслида, боплаб адабингни берардим-у, бобонг яқин қадрдоним эди. Айтганча, карантин даврида бу юришинг нимаси?

– Уйда зерикиб ўтириш жонга тегди. Оғайнилар билан бир мазза қилайлик деб, дўстимникига келгандим.

– Бундай пайтда кўнгилхушлик нимаси, ўғлим?! Карантин бекорга жорий қилинмаган. Ўзингни ҳам ўзгани ҳам ҳаётини хавфга қўймагин. Маска ҳам тақмабсан?

– Маска шарт эмас, кашандаларга касал юқмайди. Никотин вирусни ўлдиради, деб айтишганди.

– Агар шу кетишда давом этсанг, вирус эмас сигарет сени хароб қилади. Ҳаром асло шифо бўлмайди. Мени яхшилаб эшит ва гапларимни қулоғингга қўрғошиндай қуйиб ол:

– Бу кунлар – синов кунлари. Аллоҳ бандаларига бало, вабо, касаллик ила синовлар юборади. Аввало, Яратганнинг қудрати, азамати, буюклиги ва ҳар нарсага қодир Зот эканлиги янада намоён бўлади. Барча бандалар – хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, ўзининг ожизлигини, нақадар заиф махлуқ эканлигини ҳис қилиши керак. Худойи таоло арзимаган, кичик, қўлга илинмас зарра сабабидан инсонларни енгиб қўйиши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқда. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқувда туришимиз, истиғфор-тавбаларни кўпайтиришимиз керак. Ибодатли инсон уйда зерикмайди. Қайтага, кўпроқ намоз ўқийди. Қазо ва нафлларини кўпайтиради. Истиғфор айтади. Қуръон тиловат қилади. Ўқишни билмаса, тасмалардан эшитиб ором олади, тафаккур қилади. Фойдали ва яхши китоблардан мутолаа қилади. Ўзига кундалик вазифа қилиб олади, масалан, “Астағфируллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” ва “Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакил” сингари зикрларни санаб, 100 тами, 1000 тами ёки унда кўпми санаб тасбеҳ қилади. Юқоридаги ишларни қиладиган одамда бўш вақт қолмайди. Ҳам зерикиш кетади, ҳам Аллоҳга яқин қиладиган ишлар бажарилади. Бунинг устига, дўхтирларимиз тинмай, “Уйда қолинг”, “Илтимос, кўчага чиқманг”, деб қаттиқ тайинламоқда. Ҳукумат ҳамма ишни йиғиштириб, биз вабодан омон чиқишимиз учун керакли чораларни қўллаб ётибди. Мактаб, боғча, ишлаб чиқариш ва қанчадан-қанча соҳалар тўхтатилди. Бу шунчаки, касаллик эмас! Билсанг, Қорилар Қуръон хатм қиляпти, олимлар ҳадис китобларини ўқишмоқда. Хатм дуолари қилинмоқда. Барча бирдай Аллоҳга ялинмоқда. Бошимиздан шу кунлар тезда ва яхшилик билан кетса деб зорланмоқда. Карантин дегани ишга, ўқишга бормай, кўчада дайдиш эмас, уйда қолиб яхши инсон бўлиш демакдир. Худонинг жиддий кунлари кезиб турган онларда гап-гаштак қилиш, машинада сайр қилиш, манавиндақа гумбур-гумбур мусиқани қўйиб “кўнгил ёзиш” – динимизга ҳам, сиёсатимизга ҳам тўғри келмайди. Хуллас, уйингда ўтирсанг, савоб оласан. Шифокорларга ҳам ёрдам берган бўласан. Биз қанча сабр билан карантин ушласак, бесабаб кўчага чиқмасак ҳамда Аллоҳ буюрган ишларни қилиб ўтирсак, иншааллоҳ, бу кунлар тезда ўтиб кетади. Аллоҳнинг синовидан осийлик билан эмас, итоат билан чиқамиз. Ўзинг мендан ҳам яхши биласан, карантин қилмаган давлатларнинг шўрига шўрва тўкилиб етибди. Жуда зарур бўлмаса, кўчага чиқма, уйингдагиларни ҳам чиқарма! Оила аъзоларинг билан бирга бўл. Уларга ёрдамлаш. Уқдингми, болам?! Нимага индамайсан?

– Ўйлаяпман ота, ўйлаяпман. Гапларингиз минг фоиз тўғри. Мен шахсий манфаатимни ўйлаб яшаётган эканман. Кўзим қадамимдан нарини кўрмай қолибди. Сиз айтгандай уйда бўламан. Фойдали инсон бўламан. Тўғриси, беш вақт намоз ўқишни билмайман. Бобом раҳматликдан бомдодни чала-чулпа ўрганиб олганман. Лекин, ота-онам беш маҳал намоз ўқишади. Дадам эса бобомдан Қуръон ўқишни ўрганиб олганлар. Тез-тез ўқиб юрадилар. Улардан беш вақт намозни, ҳарфларни ўргатишларини сўрайман. Карантин баҳона уйда қолиб ўрганмасам, яна қачон ўрганаман. Шундоқ ҳам куним кўчада ўтарди…

– Баракалло, болам. Умринг, илминг, ақлинг ва имонинг зиёда бўлсин. Аллоҳ ҳидоят бергани рост бўлиб, давомий қилган бўлсин! Амин…

– Раҳмат ота, Аллоҳ сиздан ҳам рози бўлсин. Худо хоҳласа, карантин очилганда, гузар ёнидаги масжидда кўришамиз. Унгача анча эпақага келиб оламан.

– Илоҳим, илоҳим. Бошқа бу юришингни кўрмай. Хайр!

Бобо бошини силкитганча дарвозасига яқинлашди. Дўсти келганига қувониб, кийиниб ясанганган ҳолда Даврон қўшни эшикдан чиқди ва сўради:

– Ҳожи дода, боягина эшигимиз олдида “спарк” турган эди, набодо кўрмадингизми?

– Кўрдим-кўрдим. Бир муҳим ишим бор эди. Шуни айтиб, жўнатиб юбордим.

– Қизиқ бўпти. Қачон қайтишини айтмадими?

– Айтди, болам. Карантин тугаса, қайтар экан. Гузар ёнидаги масжиддан топасизлар, деб тайинлаб кетди.

– Тушунмадим…

– Кейин тушуниб оласан. Ҳозирча уйингга кир. Ҳассам билан бир тушириб қолмай, яна…

– Хоп-хоп. Барибир тушунмадим… Ўзидан сўраб оларман, – дея Даврон ичкарига кириб кетди.

Шунақа, КАРАНТИН пайтида кимнинг ғами нимада: ким ибодат, ким тижорат, ким саёҳат, ким …лар билан банд. Сизнинг ғамингиз нимада?!

Тошкент ислом институти
ўқитувчиси Н.Саидакбарова

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг