Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ибодат қилиш ва кундузида рўза тутиш борасида саҳобалар, тобеъинлар ва уламолар қандай йўл тутганлар?

0
232

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ҳозирги кунда Шаъбоннинг ўн бешинчиси борасида баъзи одамлар илми оз бўлганлиги боис бу кечани одатдаги кечалардан бири деб туриб олсалар, баъзилари эоса илмсизлиги ортидан ғулувга кетадилар. Афсуски, оз сонли бўлса ҳам учинчи турдаги мўътадил қараш эгалари ҳам бор.
Биринчи тоифадаги инсонларда ҳадис илмидан етарлича маълумот йўқ. Улар «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисларни тутиб, бошқасига қайрилиб қарагилари келмайди.
Иккинчи қараш эгалари илми йўқлигидан ҳадис ажратмайдилар. Ҳадис заифми ёки бошқами олаверадилар. Шу боис улар чуқур кетиб, заиф ҳадис ила суннати муаккада ёки вожиб даражаларини кашф қиладилар.
Учинчи турдагиларга аллома Тоҳир Жазоирий раҳматуллоҳи алайҳ “Тавжиҳун назар”ида айтишича, мўътадил уламолар киради. Улар ифрот ҳам, тафрит ҳам қилмайдилар, балки уммат қабул қилган ва соҳа эгалари таҳқиқидан ўтган маълумотларни ихтиёр этадилар.
Асли масалага қайтсак, Шаъбоннинг ўн бешинчиси тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн еттита саҳобадан ҳадислар ривоят қилинган. Лекин бу ҳадисларни саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам дея олмаймиз. Ҳаммасининг санади борасида илмий баҳслар бор. Масалан Ибн Можанинг ривоятида:
قوموا ليلها صوموا نهارها “Унинг кечасида қоим бўлинглар, кундузида рўзасини тутинглар”, бошқа бир ривоятларда «Истиғфор айтувчи борми, гуноҳини кечираман» ёки «Афв сўровчи борми, уни авф қиламан…” каби лафзлар келган. Лекин буларнинг барчасини санадларида иллат бор, бирортаси бундан холи эмас.
Шундай бўлса-да, бунча ададли ҳадислар амал қилинмайдиган даражада заиф дея олмаймиз. Ҳофиз аллома Саховий раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул муғис”ида Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб, заиф ҳадисларни уч қисм бўлган: бироз заиф, ўртача заиф ва ўта заиф.
Биринчи қисмдаги ҳадис шоҳид ва мутобеълар, яъни мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар воситасида ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилиб, у билан ҳужжатланиш мумкин.
Иккинчи турдагисининг санади ҳақида ўзига хос эътирозлар бўлса-да, шариат усул-қоидалари қамровидан чиқиб кетмаган, балки уларга асосланган бўлади.
Учинчиси, яъни ўта заиф ҳадиснинг санадида ривояти тарк этиладиган ёки каззоб ё бўлмаса ёлғончиликда айбланган шахс иштирок этади.
Биринчи ва иккинчи қисм заиф ҳадисларини эътиборга олиниши ва уларга амал қилиниши борасида уламолар бир тўхтамга келганлар. Имом Нававийнинг асарларида, имом Суютийнинг “Тадрибур ровий”сида, ҳофиз аллома Саховийнинг “Фатҳул муғис”ида ва бошқа замондош уламоларнинг китобларида ҳам мазкур гаплар айтилган.
Шаъбоннинг ўн бешинчи куни тўғрисидаги ҳадисларнинг барчаси фазилат бобида олинишга ярайди. Уламолар бундан кўра заиф бўлган ҳадисларни ҳам олганлар. Бу маънодаги ҳадислар даражаси ва тақозосидан келиб чиқиб амал қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганчалик ибодат қилиш, ундан оширмаслик ҳам ва камайтирмаслик ҳам керак. Масалан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Қуръон тиловат қилишни айтган бўлсалар, Қуръон ўқилади. Кундузи рўза тутишга қизиқтирганмилар, демак рўза тутиш керак.
Аммо кечасини ибодат билан ўтказиш ўрнига тўпланиб, беҳуда суҳбатлар уюштириш ёки кундузи рўза тутмасдан зиёфатлар ташкил қилиш яхши эмас. Балки кечасини зикр, тиловат, тасбеҳ ёки илмий мажлислар билан ўтказиш, кундузида эса рўза тутиш мустаҳаб. Бироқ бундай амалларни қилмаганларни маломат қилиш тўғри эмас. Уламолар шунга тарғиб қилганлар ваамал қилганлар. Шунингдек, бу ҳолат авлоддан авлодга шу тарзда ўтиб келган. Уламолар бир-бирларидан қабул қилиб олган бундай мерос нафақат бир мазҳаб, балки ҳаммага бирдек ўрнакдир.
Уламолар Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси ва кундузини ғанимат билиш кераклигини таъкидлаганлар. Жумладан:
– Машҳур буюк муҳаддис Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Маорифул латоиф” асарида: “Шомнинг машҳур тобеъиси Холид ибн Луқмон раҳматуллоҳи алайҳ бу кечага жиддий аҳамият берар ва ибодат билан машғул бўлар эди”, деган;
– Аллома Ибн Ҳожиб Маккий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Мадхал” китобида: “Салаф солиҳ улуғларимиз Шаъбоннинг ўн бешинчисига қаттиқ эътибор қаратардилар”, деб нақл қилган;
– Ибн Нужайм Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ “Баҳрур роиқ” китобида Шаъбоннинг 12-15 кечаларида ибодат қилиш мустаҳаб эканини айтган;
– Аллома Ҳаскафий раҳматуллоҳи алайҳ “Дуррул мухтор”да ва Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Раддул муҳтор”да мазкур кечаларда ибодат қилиш мустаҳаб, дейишган;
– Ашраф али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ибодат қилиш ва кундузида рўза тутиш баракотли эканини айтган;
– Ҳиндистоннинг бош муфтийси Кифоятуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Кифоятул муфтий”ида: “Бу кечада ибодат билан машғул бўлиш бошқа кечалардагидан кўра афзал”, деб ёзган;
– Шайх Абдулҳақ раҳматуллоҳи алайҳ Имом Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳдан худди шу маънони, яъни бу кечада ибодат қилиш афзал ва яхши эканлигини нақл қилган.
Хулоса шуки, бу кечада ибодат қилмасдан кечанинг фазилатини инкор қилиш, шунингдек, ибодат қила олмай қолгани учун бировни маломат қилиш ҳам яхши эмас. Шу мавзуда ўн еттита саҳобадан ривоят қилинган барча ҳадисларнинг санадида камчилик бўлса-да, лекин муҳаддис ва фақиҳларнинг сўзларига қараганда, уларнинг ҳаммаси фазоилул аъмол бобида далил-ҳужжат бўла оладиган ҳадислардир. Шунинг учун фазоилул аъмолга тегишли бўлган Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси ибодат қилиш ва кундузи рўза тутиш ўша ҳадислар тақозосига кўра мустаҳаб. Зеро, умматнинг амали ҳам мана шунга кўра бўлган. Шундай экан, бу кечага эътибор қаратиш яхши. Аммо эътибор қаратмаганларни айблаш нотўғри.

Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси А.Ғиёсов тайёрлади

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг