Кўпинча “Солатун норийя” ҳақида, унинг машруъ экани, моҳияти ва адо қилиниш кайфияти ҳақида турли-туман фикрларни эшитамиз. Баъзилар бундай номланишдан (“Солатун норийя” – “оловли саловот”) ғазабланади. Ушбу саловотни ўқишни динни истеҳзо қилиш деб эътиборга олиб, уни шиддатли тарзда рад қилади.

Баъзи фикрий муташаддидлар эса, фурсатни ғанимат билиб: “У ширкий саловотдир. У ширкка ундайди. Ким уни қилса кофир ёки мушрик ҳисобланади”, деган даъво билан бу саловотни ҳаром дейишга ҳам журъат қиладилар (Аллоҳ сақласин).

Биз қуйида Мисрдаги “Дорул ифто” фатво муассасасининг “Солатун норийя” тўғрисидаги фатвосини келтириб ўтмоқчимиз. Бу фатво бизни ушбу саловотнинг ҳақиқати ва нима сабабдан бу тарзда номлангани, сийға(кўриниш)лари, шариат ва динда жоизлигини англаш, қолаверса, ушбу масалада таассубона йўл тутувчи такфирчиларга ва бошқа саволларга жавоб қайтариш имконини беради.

Номланиш сабаби

Мисрдаги “Дорул ифто”нинг фатво котиби Шайх Аҳмад Мамдуҳ айтадилар: “Албатта бу саловот баъзилар ўйлаганидек руку ва саждали саловат (бу ерда намоз назарда тутилмоқда) эмас. Балки, у Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган саловотнинг бир кўринишидир. Бу саловот “норийя” (“оловли”) деб аталишининг сабаби эса, ушбу саловот ўқилганида кўзланган мақсад тез амалга ошганига боғлиқдир.

Чунки бу саловот бир ишни амалга ошириш ниятида ўқиладиган бўлса, худди олов қуруқ ҳас-ҳашакни ёндирганидек, бу саловот ҳам ўша ишни тезлик билан юзага келтиради. Бу саловотнинг “Солатун тафрижийя” (“ғамни кетказувчи саловот”) сингари бошқа номлари ҳам бор. Чунки, кимки бу саловотни айтишда бардавом бўлса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан ғам-ташвишлардан тезда халос бўлади”.

“Солатун норийя”нинг кўриниши

Шайх Аҳмад Мамдуҳ ушбу саловот матнини қуйидагича келтирадилар:

«اللهم صل صلاة كاملة وسلم سلاما تاما، على نبي تنحل به العقد وتنفرج به الكرب، وتقضى به الحوائج وتنال به الرغائب وحسن الخواتم ويستسقى الغمام بوجهه الكريم وعلى آله»

Маъноси: “Аллоҳим! У сабаб тугунлар ечиладиган, қийинчиликлар кетадиган, эҳтиёжлар ҳал қилинадиган, истакларга ва хотималарнинг яхшисига етиладиган, унинг карамли юзи сабабидан булутлардан ёмғир ёғишини сўраладиган Набийга ва у зотнинг оилаларига мукаммал саловот ва тугал салом йўлла”.

“Солатун норийя”ни адо этиш кайфияти

Фатво котиби Шайх Аҳмад Мамдуҳ сўзларида давом этиб, бу саловотни адо этиш ва ундан кўзланган мақсадни амалга ошиши учун икки шарт тўлиқ топилиши кераклигини айтадилар:

Айни зикр қилинган кўринишда ўқилиши;
4444 маротаба ўқилиши.

Буни мусулмон киши бир ўзи ёки бирон мажлисда жамоат билан биргаликда, ҳар бир инсон ўзининг имкониятига қараб, бир мартада тўлиқ ёки бир неча мартада бўлиб-бўлиб айтиши мумкин.

Мисол учун бир мартада 100 та айтади ва дам олиб яна 500 та айтади. Зикр қилинган ададга етгунича худди шундай давом этаверади. Бу иш, муташаддид кимсалар такрорлайверганларидек бидъат эмас. Лекин талаб қилинган таъсири бўлиши учун бўлиб-бўлиб ўқигандан кўра бир дафъада айтилиши маъқул ва афзалроқдир.

“Солатун норийя”нинг шаръан жоизлиги

“Дорул ифто”нинг фатво котиби Шайх Аҳмад Мамдуҳ шундай деб таъкидлайдилар: “Албатта бу саловот, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга тарғиб этувчи Қуръони карим оятлари[1] ва набавий ҳадиси шарифлар мазмунига мувофиқдир. Шу билан бирга, ушбу саловот ҳадис шориҳлари бўлган уламолар айтган: “Ибодат масалаларида асар келмаган нарса асар келганига мухолиф бўлмаса, эътиборга олинади”, деган қоидага[2] биноан ҳам жоиз ва машръу саловат ҳисобланади.

Чунки бу саловатда Набий соллалоҳу алайҳи васалламни илоҳий сифатлар билан сифатлаш топилмагани учун, уни ҳаром дейишга ундайдиган бирор сабаб мавжуд эмас. Ислом умматининг йирик уламолари томонидан замонлар оша нақл қилиб келинаётган ушбу саловот ўзида фақатгина ҳақиқат бўлган маъноларни мужассам этгандир.

Албатта, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам туфайли жоҳилият ва ширк тугунлари ечилгандир! Ахир, Ҳабибимиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам инсоният қийинчиликлар ила қуршалган соатда, Қиёмат кунида ҳеч бир набий ҳузуридан ахтариб, топа олинмайдиган нажот йўлининг ягона манбаси ва ягона мурожаат қилинадиган ўрин бўлмайдиларми?!

Мусулмонларнинг ибодатларини ҳаромга чиқараётган такфирчи ва муташаддидлар орқасидан эргашишдан сақланинг!!! Аллоҳ энг билувчи Зотдир.

Манба: Гате.аҳрам.орг.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-босқич талабаси Мурод Музаффар ўғли эркин таржима қилди.

[1] Аҳзоб сураси, 56-ояти ва тафсирига ва бу оятдаги буйруқ ҳақида усул китобларига қаранг.

[2] “Саҳиҳул Бухорий”, “Азон китоби”, “Аллоҳумма роббана ва лакал ҳамд”нинг фазли бобида, Рифоа ибн Рофеъ Зурқоний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ва бошқа ҳадис тўпламларида келган келган шу маънодаги ривоятлар шарҳларига қаранг.

128580cookie-check«СОЛАТУН НОРИЙЯ» ЎҚИШ ШИРКМИ?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting