#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги қатнашчи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, филолог Шоазим Миноваров.
– Халқимиз эътиқоди асоси – табаррук ислом динининг нозил бўлиши Аллоҳнинг “Иқро” – “Ўқи” буйруғи билан бошлангани ҳаммага маълум. Қуръони карим ва муборак ҳадисларда илм ва маърифатга, яъни билиш ва танишга, устозлар ва талаба шогирдлар мавзусига алоҳида ўрин ажратилган. Китоб ўқимаган, илмга интилмаган, руҳиятини бойитишга лоқайд қараган миллат ўзлигини, эркини, маданиятини бой бериши муқаррар!
Ислом цивилизациясининг буюк вакилларидан бири, Ғарбда Аверроес номи билан машҳур олим Ибн Рушд (1126-1198) умри давомида фақат икки кеча китоб ўқимаган экан: бири уйланган ва иккинчиси отаси вафот этган кечада. Тобеинлардан Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) ҳаётида бир марта китоб ўқишни, яъни Қуръонни ўқишни тарк қилган. Ўшанда қорасон бошланган оёғини кесиб ташланганда ҳушдан кетиб, китоб ўқий олмай қолган. Жадидчилик ҳаракатининг буюк намояндаларидан бўлган Мунавварқори Абдурашидхонов бундай деганди: “Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхоналарға сарф этмакдадурлар”. Ойбек эса: “Китоб ва мутолаа сизни қудратли ижод булоғига бошлайди. Китоб ва мутолаа сизни кўпдан-кўп янги босқичларга кўтаради” дейди.
Мутолаанинг инсон учун манфаати чексиз. Хусусан, у шундай катта қудратга эгаки, инсоннинг руҳиятини тозалайди, уни тарбиялайди, адолатга томон чорлайди. Фарзандлар тарбияси ва уларни камолотга етказишда ҳам китобнинг аҳамияти бениҳоя.
Китоб ўқишнинг инсон камолотидаги муҳим ўрнига Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 12 январь куни Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиши имзоланган эди.
Фармойишда республикада нашр ишлари, ёзувчилар ва ноширларга зарур шароитлар яратиб бериш каби муҳим чора-тадбирлар қаторида аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш, жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга таржима қилишга аҳамият бериш ҳам таъкидланганди. Ўтган вақт ичида ушбу йўналишда жуда катта ишлар амалга оширилди. Халқи китобхон мамлакатга айлана бошладик.
Жамиятимиз аъзолари, айниқса ёшларнинг маънавий дунёсини бойитишда Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида жойлашган нашриётлар томонидан катта ҳажмда китоблар нашр этилди ва тарқатила бошланди. Ҳар томонлама баркамол инсонни шакллантиришда нафақат миллий адабиётимиз, балки жаҳон адабиётининг жавоҳирлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда Чарлз Диккенснинг “Катта умидлар”, Ф.Мориакнинг “Илонлар комида” романларини инглиз ва француз тилларидан таржима қилдим. Уларнинг нашр этилишида иштирок этдим.
Мактабда ва талабалик йилларимда ўқиган китобларим орасида ана шу икки буюк асар мени яхши маънода ларзага солганди. Миллий адабиётимизда эса А.Навоийнинг “Ҳайратул-аброр”, О.Ёқубовнинг “Тошкентликлар”, А.Қодирий романлари, Ғ.Ғулом, П.Қодиров, А.Қаҳҳор, А.Мухтор, С.Аҳмад асарлари ўзимнинг ҳам инсон, ҳам филолог бўлиб шаклланишимга катта таъсир кўрсатди. А.Қаҳҳор билан С.Аҳмаднинг ҳикоялари бемалол Мопассан ёки Чехов новеллалари билан беллаша олади, деб ўйлайман. Ёзувчи Шуҳратнинг “Шинелли йиллар” романи нафақат урушга нисбатан, балки умуман ҳаётга нисбатан кўзимни очди, деган фикрдаман.
Фарзанд маънавий дунёсини бойитишда унга ёрдам берадиган асосий восита китоб эканини ҳар биримиз эътироф этамиз. Китоб билан дўстлашган қалблар ихтиролар кашф этади, ноёб қобилиятга эгалиги билан ажралиб туради. Шунинг учун доимо ўқиб-ўрганишдан чарчамаслик, ундан узоқлашмаслик лозим. Китоб ва билим инсониятга бахт ва омад келтиради, чунки китоб – инсоннинг маънавий қиёфасини очиб беришга, билим савиясини бойитишга хизмат қилувчи муҳим восита ҳисобланади. Китобнинг қадри ҳамиша юксак бўлиб қолаверади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан айнан маърифат йўлига қаратилаётган эътибор ортида халқимизнинг маънавий камолоти, миллатимиз равнақию ёшларимиз тақдирига куюнчаклик яққол сезилиб турибди. Китоб ёш авлоднинг онгу шуурига, халқига ҳурмат, садоқат, эҳтиром, ўзликни англаш, ватанга муҳаббат, унинг тақдири учун дахлдорлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришнинг асосий омилларидан биридир.
Бутун инсоният оғир синовдан ўтаётган шу кунларда уйда бўлиб турган вақтимизни самарали ўтказишнинг воситаси ҳам китоб бўлиши мумкинлигини эътироф этишимиз керак.
“Вақт – энг қимматли, лекин биз энг кам қадрлайдиган бойлик” деган эди файласуфлардан бири. Вақтнинг қадрига етайлик. Уйида жуда бўлмаганда мўъжаз кутубхонаси бўлмаган ўзбек оиласи йўқ, десак хато бўлмайди. Болаларимизга, фарзандларимизга китоб ўқиб берайлик. Шунда, вақти келиб, улар ҳам биз қилган ишларни зуриёдларига нисбатан қўллайди, деб умид қилсак бўлади.
Манба: uza.uz
129300cookie-checkКитоб ўқимаган халқ жоҳилликка маҳкум
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting