Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало, бу муҳаббат иймон тақозоси экани таъкидланади. Яъни, Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ: « لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканликлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. Бу ҳақда қуйидагича хабар берилган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ: « أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلاَ فَخْرَ ». رواه البخاري.

Абу Саиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини мақташ эмас-у, мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

129770cookie-checkМУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (биринчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting