Юртимизда ҳар йили Рамазон ойини мусулмонлар ўзгача бир шоду-ҳуррамликда кутиб оладилар. Мусулмончиликнинг беш асосларидан бири бўлган Рамазон ойида рўза тутишлик бизларга буюк Мавло томонидан буюрилгандир. Қуръони каримнинг Бақара сураси 183-184 оятларида Аллоҳ таоло айтади:

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилинган каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шоядки (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”.

Демак, бизлардан аввалги умматларга ҳам рўза тутиш фарз қилинганлиги, рўза тутган одам тақвода бўлиши кўзда тутилганлиги ҳамда кимки сафарда, машаққатда бўлса, рўзани тутмай қачон уйда муқим бўлиб, қийинчиликлар бўлмаганида тутиб беришликка Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан рухсат бериляпти. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларига қийинчилик ва ёмонликни хоҳламайди.

Оятдан яна шуларни билишимиз мумкинки, касаллик сабабидан рўза тутишликка қодир бўлмаса у ҳолда, бошқа кунлари кунига кун тутиб бериши мумкинлиги айтиляпти. Аллоҳ Ўзи яратган инсонни нималарга қодирлигини, тоқати ва сабрини ҳам билади. Касалликларни ҳам умуман ер юзидаги барча мавжудотларни, катта-кичик заррасини ҳам нималарга қодирлигини, хусусиятини Ўзи билади. Бу Аллоҳ таолонинг қодир сифатидир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодирдир, У билувчидир, ғолиб Зотдир.

Ҳозирги карантин кунларимизда ҳам Аллоҳнинг бу сифатларига гувоҳ бўляпмиз. Ўқиган, билганларимизни ҳаётда кўриб имонимиз мустаҳкам, эътиқодимиз, тақволаримиз янада зиёда бўлади, деган умиддамиз.

Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўрта кунлари мағфират ва охирги кунлари эса жаҳаннам оташидан озод бўлинадиган кунлардир. Шу кунларни ғанимат билиб рўзаларимизни чиройли тарзда тутиб, вужудимиз ҳам қалбимиз ҳам, руҳимиз ҳам баробар покланиб, ёмон сўз ва ишлардан четланган ҳолда тутишлигимиз кераклиги ҳадиси шарифларда ҳам ворид бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларига ўзлари яшаб, бевосита кўрсатиб кетганларки, ҳеч бир қийинчиликсиз китоблардан ўқиб, амалларимизни бемалол, гўзал тарзда бажаришимиз мумкин.

Бу синовли кунларда ҳаётимиз давомида биринчи маротаба бўлса керак, Рамазон ойида биз мусулмонлар ёру-дўстларни, қариндош уруғларимизни, қўни-қўшниларимизни ифторга меҳмонга чақира олмасдан, уйда оила аъзоларимиз билангина саҳарлик, ифторликларни қиламиз.

Айниқса, таровеҳ намозларини масжидларда ўқий олмаганимиз юракларни ларзага солади. Масжидда ўқилган таровеҳ тасбеҳлари, қориларимизнинг гўзал қироатларини, жамоатда биргалашиб дуолар қилишимизни соғиниб, кутиб қоламиз.

Энди оталаримизни, ака-укаларимизни таровеҳ намозларидан гўзал бир ҳолатда, имон ихлосга тўлиб қайтишларини соғинамиз. Эй, Аллоҳим, барчаларимизни Рамазон ойига етказгин, аввалги пайтларидек, офиятда, ҳотиржамликда рўзаларни тутиб қалбларимизни поклаб, Сенинг ризолигингга етишликни насиб қилгин. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечиргин. Юртларимизни ҳар хил бало-офатлардан Ўзинг асрагин.

Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Махамедова Гулрух

129950cookie-checkРамазон ойи
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting