“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёлдан (Ҳавво) яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишувинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир”
Ҳужурот сураси, 13-оят

Бу коинот Аллоҳники.

Осмонлар-у Ерлар ва улар орасидаги жамики мавжудотларнинг барчаси, албатта, Уникидир. Зеро, Қуръони Каримда, “Осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир!” (Нисо сураси, 131-оят) деб марҳамат қилинган.

Шу жумладан, инсон ҳам ўзининг Аллоҳга тегишли эканлигини билиши, шунга имон келтириши лозим. Ҳар бир ишнинг, ҳар бир ҳодисанинг юзага келтирувчиси, фоили Аллоҳ Таъолодир. Демак, ҳар бир нарсада Аллоҳни ҳис қилишимиз ҳақиқий мўминлик сифати экан. Бошимизга бирор иш тушса ёки кутилмаган фалокат келсагина “Аллоҳим мени қутқар, менга раҳм қил!” деб ёлворишни бошлаймиз. Нега? Аллоҳ фақат шу пайтда керак бўлиб қоладими?

Унутмаслигимиз лозимки, Аллоҳ ҳар доим барча махлуқотни бошқариб, ҳодиса ва жараёнларга ҳоким бўлиб туради. Аллоҳ ҳеч қачон чарчамайди, ухламайди, унутмайди ва бирон нарсани ўтказиб юбормайди ҳам. Вақт ҳам, содир бўлган, содир бўлаётган ва келажакда содир бўлувчи барча жараёнлар ҳам Буюк Қудрат Соҳиби – Қодири Мутлақнинг мутлоқ иродаси ва изни остида воқе бўлмоқда. Аллоҳ доимо уйғоқ, Аллоҳ мудом фаол! Бошқа барча махлуқот эса васила ва восита, холос…

Ҳар бир масалага шу нуқтаи назар остидан қараладиган бўлса, Аллоҳ бандаларга бир сафар зилзила билан, бошқа сафар кўзга кўринмас вируслар билан дарс беради, имтиҳон қилади. Ҳатто инсонни ичидаги ўз муаммолари, ўз дарди билан, касаллик, жудолик, хуллас бошидан кечираётган ҳамда яшаётган ҳар бир вазияти билан синайди.

Бу дунёда содир бўладиган мусибатларда киши ё ютади ёки ютқазади. Кимки бу мусибатларнинг Аллоҳданлигини англаб етиб, шунга кўра ҳаракат қилса, ютади. Ва аксинча, мусибатлардан асабийлашиб, тегишли чораларни кўришга уринмаса, Аллоҳдан норози бўлишни бошласа, ютқазади. Мусибатни ўзи учун ҳақиқий балога айлантириб олади.

Мусибатлар келишининг бир нечта сабаблари бўлиб, булар:

• ғафлатдан уйғотиш, тўғри йўлга солиш;

• дарс, сабоқ бериш;

• синов, имтиҳон қилиш;

• жазо, бало, фалокат ёғдириш;

• гуноҳларга каффорат, жаннат калити
ва ҳоказо…

Дунёни ларзага солган Коронавирус пандемияси орқали (дунёни бунақа ларзага солиш, силкитиш фақатгина Яратган Зотнинг қудратига хосдир) Аллоҳ Таъоло худди қуйидаги танбеҳларни айтаётгандек гўё:

“Эй бандаларим! Сиз бундай бўлмаслигингиз керак! Сиз кимлигингизни унутиб қўйдингиз. Фаришталаримга сажда қилишларини буюрган Одам Атонинг фарзандлари эканлигингизни эсдан чиқариб юбордингиз. Сиз икки олам Сарвари Ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васалламга лойиқ уммат бўлмай қолдингиз! Аслида, сиз Мени, ўз Яратувчингизни умуман ҳаёлингиздан чиқариб ташладингиз! Мендан, ўзлигингиздан, инсонийлигингиздан юз ўгирдингиз! Дунёга келишингиздаги мақсадларни оёқости қилдингиз! Қадриятларингизни беқадр қилдингиз! Берилган неъматларимни суиистеъмол қилдингиз!

Бас! Етар! Мана шу жойга келганда, ТЎХТАНГ!

Тўхтанг ва бирров тин олинг! Энди Менга юзланинг! Ўзлигингизга қайтинг! Ер юзида фитна-фасодни тўхтатинг!”

Аслида, бу хитоб бани башар учун Аллоҳнинг раҳмати, Роббимизнинг марҳаматидир. Яъни, Аллоҳ бандаларини ҳалокатга дучор бўлишдан асраб, тўғри йўлга тушиб олишлари учун берган имконият. Ҳаётимизни тўғирлаб олишимиз учун берилган фурсатдир. Бугун барча бирдек тўхтади… Фахш тўхтади, урушлар тўхтади, фасод тўхтади. Аҳли Замин битта ғоя остида бирлашди – КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШ! Бу офат олдида ҳамма бирдек, ҳамма тенг. Аслида, Аллоҳ наздида ҳамма бирдек, ҳамма тенг! Фақат тақвогина Аллоҳга яқин қилади.

Бунинг мисолини қайсидир маънода, табиб билан бемор ҳолатига қиёсласак ҳам бўлади. Масалан, бир бемор заҳ хонада ётибди ва шамоллаб, касаллик орттириб олган. Табиб шифокор унга, “Бу хонада ётманг! Касаллигингиз ортиб кетади,” деса, бемор қулоқ солмаса, қандай нодонлик бўлар эди. Аллоҳ бизни тобора яқинлашиб бораётган моддий ва маънавий фалокатли оқибатларимиздан қайтариши, худди шифокорнинг беморга қилган муомаласи сингаридир. Одамзод мана шу бемор ҳолида…

Масаланинг қизиғи шундаки, Буюк Мураббий, Оламларнинг тарбия этувчиси бани башарни бугун кўзга кўринмас микроб қутқуси, касаллик таҳдиди билан хоҳласа-хоҳламаса бирлаштирди, бир тан-бир жон бўлишга мажбур қилди. Чунки, бу балонинг ўзига хослиги шундаки, бировдан-бировга юқиб, тобора кенг тарқалиб бораверади. Бой-камбағал демайди, ёшу қари, оқу қора, эркагу аёл танимайди бу офат. Ҳамма биргаликда курашмасдан ҳеч қандай иложи йўқ.

Бу кулфат, бу огоҳлантиришингни тўғри тушундик, Аллоҳим!

Эй, Буюк Роббимиз! Биз тақдири илоҳийга имон келтирганлармиз. Илоҳий амрларингни эшитдик, имон келтирдик ва итоат этдик! Илоҳий қайтариқларингни эшитдик, имон келтирдик ва қайтдик! Расулинг, Ҳабибинг Пайғамбаримиз Сендан нимаики сўраган бўлсалар, биз ҳам Сендан шуни сўраймиз! Нимадан паноҳ сўраган бўлсалар, биз ҳам Сендан шундан паноҳ беришингни сўраймиз! Ўзинг жўнатган мусибатлардан сақлашинг учун яна Ўзингдан паноҳ сўраймиз! Ўз ўрнимизни, ҳаддимизни билишимизни бизга насиб қилгин! Кибрдан, залолатдан, туғёнга кетиб қолишдан бизни асрагин! Дунё аҳли халқларини бир-бири билан доимо меҳр-оқибатли бўлиб, арозий ва самовий офатларга қарши биргаликда курашиб, якдил яшамоқларини Ўзинг насиб қилгин!

Эй, Буюк Роббимиз! Устимизга ёпирилиб келган моддий офатлар билан бирга, ичимиздан емирадиган маънафий кулфатлардан ҳам яна Ўзинги ҳимоя қилгин!

Нигора УСМОНОВА,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

130270cookie-checkКОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ БАРЧА БИРГА КУРАШАМИЗ!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting