Хуш келдинг, эй Моҳи РАМАЗОН!

Фалак пойгагидаги оёқ товушларингни эшитиб вужудимизни титроқ босмоқда, ақлу шууримизни бемисл ҳаяжон чулғаб олмоқда. Чунки Руҳий Уйғониш палласи эрур сенинг ташрифинг!

Хуш келдинг, эй Шифо Ойи!

Кел! Йил давомида ҳаётнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларида қоқилиб-сурилиб, лой чапланган, кирланган, яраланган қалбларимизнинг газак олиш арафасида турган маънавий яралари-ю, вужудимизнинг дунё таомларини қабул қилавериб чарчаган, озорланган моддий камчиликларига малҳам қўй! Зеро, сенинг малҳаминг зоҳирий ва ботиний барча иллатларни даф қилгувчи, ўрнига ҳаёт ниҳолларини ўтқазгувчи обиҳаётдир!

Хуш келдинг, эй Қуръон Ойи!

Кел! Борлиқ Яратувчисидан Борлиқ Низомини бу Низомнинг энг Буюк Ижрочиси, Ўрнак ва Намунаси Хулуқиҳул Қуръон саллоллоҳу алайҳи васаллам орқали келтирган Ой! Ушбу Муборак Каломни Борлиқ Эгасига муштоқ дилларга, Унинг номини эҳтиромла такрорлагувчи тилларга жо қил! Жо қил, токи чанқоқдан қақраган ташна диллар Раҳмати Илоҳий, Фурқони Олийла сероб бўлсин, яйрасин, яшнасин!

Хуш келдинг, Рисолат Ойи!

Кел! Кел эй Ер ва Само аро қайтадан робита қурилган Ой! Мавжудотнинг Соҳиби шу мавжудотига Элчи йўллаган муборак Ой! Бу шундай бир элчиликки, унинг жараёнида Коинотга қайта жон ато этилади… Шундайин рисолатки, мавжудот, махлуқотни тартибга солувчи, яратилиш ғоясига уйғун яшашга етакловчи, мавжудотни абаслик, мақсадсизлик гирдобидан, илоҳий тажаллиёт чўққиларига юксалтгувчи Илоҳий маросим бу!

Хуш келдинг, Ибодат Ойи! 

Кел эй бандага бандалигини, Эгасининг олдида қандай туришини ўргатувчи Ой! Бизга кимлигимизни қайта танит, яратилиш ғоямизни пичирла қулоқларимизги! Йўқ, пичирлама, ҳайқир кимлигимизни! Токи ҳар бир аъзоимизга, ҳар бир тукимиз, ҳужайрамизгача етиб борсин, сингиб кетсин! Аъзоларимиз ўз вазифасига қайтсин! Кўзларимиз тажаллийингни кўришга, қулоқларимиз илоҳий чақириқларингни эшитишга, тилларимиз лозим бўлган ҳасанотларни куйлашга ошино бўлсин. Онг ва шууримиз “илла лиябудувний” ҳақиқатига лиммо-лим тўлиб-тошсин! Тошсин, махлуқотлар сартожи бўлмиш биз инсонлар Холиқимиз амрига итоат қилганидагина бу Фонийнинг ҳақиқий халоскори, ҳақиқий балогардони бўлишимизни билайлик, ҳис қилайлик, яшайлик…

Хуш келдинг, эй Оқибат Ойи!

Кел! Қалбларимизга меҳр-мурувват, вужудимизга севги-муҳаббат, танамизга ҳузур-ҳаловат насимлари мисол эсиб кел! Кел ва бизни худбинлик исканжасидан, нафс боқоқлиги ва манманлик жарлигидан халос эт! Кўзимизга тортилган ғафлат пардаларини саҳоват ҳанжари билан парча-парча қил, руҳимизни задалаган шубҳа-ю гумон зангларини буҳронларинг билан покла ва ақллу заковатимизга соя солиб турган жаҳолат зулматларини Ҳидоят нурлари билан тору мор айла!

Кел эй меҳр-оқибат Ойи!

Токи, бутун Бани Башарнинг илдизи бирлигини тушуниб етсин! Сенинг бу муборак келишинг жами миллатлар орасида меҳр-мурувват уруғини келтирсин!

Хуш келдинг, эй Итоат Ойи!

Кел! Абадий исёнларга “Бас, етар!” дейиш фурсатини келтир бизга! Бани башар қалбини тубдан ислоҳ айла! Нажотнинг итоатда, саодатнинг интизомда эканлигини уқтир нафсларимизга. Модомики Лаъин занжирбанд экан, Биз фақат ичимиздаги “Биз” билан танҳо қолдик!

Кел эй Рамазон! Иршод зарбаларини чунонам индирки, “Биз”имиз ўзига келсин, кимлигини англасин. Ҳар биримиз ўз “Мен”имизни енгиб, коинотдаги умумий “Биз”га дохил бўлишимизга имкон келтир. Коинот Нозими ўрнатган Низоми Илоҳий олдида мудом бош эгиш, мутлоқ бўйсуниш малакасини ўргат барчамизга! Нафсимизни енгиб, унга итоат қилишдан халос бўлишимизга, Самовот ва Урнинг Роббисига итоат қилишга кўникишимиз учун замин ҳозирла!

Хуш келдинг, эй Барака Ойи!

Кел! Кел эй ойларнинг энг Мубораги! Бутун борлиқнинг эгаси нақадар бой! Бой сўзи буни ифодалашда нақадар камбағал! Ғоний эгам хазиналаридан барака ёғдир эй Рамазон! Сен боис Халлоқимизнинг меҳри янада мўлроқ ёғилгай. Кел ва Сенинг ҳурматингга Роббимиз наинки ризқимизга, балки тоатимизга, умримзга, онг-шууримизга, ақл-фаросатимизга, имону-эътиқодимизга, касбу-коримизга туганмас баракалар то айласин, ярлақасин… Ризқ талашиб дунёни остин-устун қилаётганларинг қалбларига барака келтир, бир сиқим тупроққа тўлувчи оч кўзларига барака бериб, тўйдир ва уларга буни туйдир! Барака туйғуси нима эканлигини туйсин ҳеч бўлмаса бир бор. Балки шунда тушунишар Ризқи илоҳийнинг нималигини, балки англаб етишар ака-укаларнинг нон талашиб, бир-бирини нобуд қилишнинг улкан адашиш эканлигини…

Хуш келдинг, эй Раҳмат Ойи!

Кел! Оламларга Раҳмат Пайғамбар Сенда Улуғ Вазифа олди! Оламларга Раҳмат Калом Сенда нозил бўлди! Оламларга Раҳмат Кеча Сенда яширин! Раҳмат Сенда яширин, Ҳикмат Сенда яширин, Иззат Сенда яширин! Жаннат эшикларидан бири, Раййон Сенда яширин! Роббимнинг раҳмати тўхтовсиз ёғилиб турувчи иқлимингда Бани Башар қалбига ҳам раҳматлар олиб кел, эй Рамазон! Қалбларимизга шафқат, марҳамат, матонат, сабр ва бардош туйғуларини бахш айла! Изғиринларда яланғоч, Кабир саҳроларида оч инграётган қизалоқлар, гўдак болажонлар ноласини эшиттир сағирлашган қулоқларимизга, ҳис эттир тошлашган юракларимизга… раҳматдан узоқ қалб соҳиби бўлишдан Муқоллибул қулубдан паноҳ сўраш ҳиссини ҳадя эт барчамизга!

Хуш келдинг, эй Мағфират Ойи!

Кел! Мағфиратнинг маъносини ўргат одамизодга! Бардавом фитна солиб, сувни лойқалатиб турувчи Каззоб кишанланади Сенинг ҳурматингдан! Туганмас низодаги аҳли дунёга ўзаро низоларни бир четга итқитиб, қусур кимда бўлса-бўлсин бир-бировни кечириш ҳам мағфиратнинг ажралмас бўлаги эканлигини сабоқ бер! Аканинг укани, отанинг болани, қўшнининг қўшнини, қабиланинг қабилани, миллатнинг миллатни ва ниҳоят мамлакатлар, салтанатларнинг келишмовчиликларга барҳам бериб, бир-бирларини кечириб юборишлари, умумжаҳон мағфират карвони Коинот Соҳибининг мағфират майдонига қараб йўл олишини бизга насиб айла! Бу ўзаро мағфират Эгамни шод этгани ҳолда умумий авфга, оммавий мағфиратга асос бўлсин, йўл қўйилган қусуротлар ҳасанотларга айлантирилсин, мағфират эшиклари мили кўрилмаган даражада ланг очиб юборилсин!

Хуш келдинг, эй Оловдан Қутулиш Ойи!

Кел! Кел эй Рамазон, Дўзахдан қутулиш Ойи! Бизни ичимиздаги кибр, ғурур ва манманлик оловидан қутқар! Ичимиздан кемириб тугатгувчи ҳасад оловига сув сеп! Шунингдек, ёлғон, маъсият, гуноҳ, шаҳват, ўғирлик оловларидан танамизни-ю руҳимизни асра! Аҳли фожир учун тайёрлаб қўйилган дўзах оловига ҳуркиган эшакдай судраб қочувчи нафс оловимизни сўндир! Ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган жаҳаннамга етакловчи амаллар оловини ўчир! Бу дунёда бир-бирини ёқаётган, чақалоқларни олов ичра ирғитаётганлар қалбидаги туғён оловини йўқ қил! Бешафқат ва бениҳоя оловдан сақланишнинг ягона йўли мазкур оловларни сўндириш орқали қўлга киритиш фаросатини бизга ҳадя қил! Ваҳоланки, кичкинагина гугурт чўпи бепоён ўрмонларни ёқиб кулга айлантиришига етган фаросатимиз бунга етмаса, не ажаб…

Хуш келдинг, эй Аллоҳ Розилигини қўлга киритиладиган ОЙ!

Кел, эй Рамазон! Мақсадни ўргат бизга! Дунёга кўз очган онимиздан то шу кўзни юмгунимизгача бўлган муддатичида, тўғрироғи муҳлат ичида ягона ғоя, ягона мақсад мавжудлигини уқдир ақлимизга! Сингсин бу ўлчов зеҳнларимизга! Бошқа барчаси абас, фоний ва ўткинчи нарсаларлигини ҳис қилдир батамом! Мақсадсизлик тентиратди барчамизни, бўлар-бўлмас ғоялар аро сарсон айлади. Бир-биримиздан, об-ҳаводан, ҳайвонотдан, набототдан, қўйингки, Илоҳий тақсимотдан норози, худди барча нарса ўзимизники каби очкўз, юлғич ва қароқчи ҳолига тушдик бугун! Буюк ва энг тўғри Мақсад! Истиқомат йўлидан бориладиган мақсад! Яратган Роббимнинг розилигидир асл Мақсад!

Кел эй Рамазон! Аслида Сен ҳам Яратган Роббимнинг бир яратиғисан, махлуқисан! Барча истакларни берувчи, ўзининг тақдирига, тақсимотига, амрларига рози бўлувчилардан рози бўлувчи Роббимнинг бизга йўллаган мукофотисан! Биз барчасини Роббимиздан сўрадик аслида! Сени васила қилдик холос!

Эй моҳи Рамазон! Сенда Роббимизнинг розилигига эришиб, байрамда ҳақиқий байрам қилишимизни насиб қилсин Аллоҳим! Зеро, Ҳақиқий байрам – Роббимизнинг розилигига эришган онимиздир!

Нигора УСМОНОВА Тошкент ислом институти ўқитувчиси

130300cookie-checkРАМАЗОН ТАБРИГИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting