Аллоҳнинг амри келгунча афв этинг, кечиримли бўлинг, албатта Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир(Бақара сураси, 109-оят).

Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир. (Аъроф сураси, 199-оят)

    Икки йигит масжидга кириб келди. Улардан бири сўради: «Домла маҳаллада икки кун олдин жаноза бўлди, шу хонадонга таъзия билдириш учун келяпмиз, вафот этган акани мендан каттагина қарзи бор эди. Шу қарзни ҳозир кирганда айтсак, уйидагиларни ҳижолат қилмаймизми, ноқулай бўлмайдими», деб сиздан сўрамоқчимиз!

 Мўминлар омонатдор бўлишади, бу қарзи бор кишини яқинлари адо қилишса керак, таъзия билдиргандан кейин оталарига айтиб кўринг, айни мусибат вақтида яна ҳам кўнгиллари юмшаб турган бўлади, пулингизни имкониятлари бўлса беришади… Яна бир маслаҳат, шу қарзни Аллоҳнинг розилиги учун кечиб юборинг! Аллоҳ таоло Ўзи сизга бу пулдан ўн балки етти юз баробар кўп қилиб қайтарар ёки сиз қанча йиллардан бери орзу-умид қилаётган нарсангизни берар дедим. Бу пулдан кечиб юбориш қийин, бу пулга битта машина беради!… деб чиқиб кетишди.

Орадан бир соатлар ўтди. Ҳалиги йигитлар ҳаяжонланиб қайтиб келишди ва сизга ҳадямиз бор дея бўлган воқеани айтди.

Таъзия билдиришга кирдик, Қуръон тиловати қилиб марҳумга бағишладик, секин марҳумни отасига яқинлашиб ўғлининг қарзи борлигини айтдим, у киши ҳозир деб уйга кириб чиқди ва менга 1500$ доллор бериб ўғлим сиздан қарзи борлигини айтганди, ҳозир шуни олиб туринг, қолганини кейинроқ қилиб берамиз деди. Шу пайт домла сиз айтган маслаҳат эсимга тушиб, қарзимни кечдим, бу пулларни ҳам олмаслигимни айтдим. Таъзияхонадан чиққанимизда телефонимга акам бир неча бор телефон қилган экан! Акамга телефон қилсам сен қаерда юрибсан, аёлингни мазаси қочиб қолди, дўхтирга олиб кетяпмиз, тез етиб кел деди. Шошиб йўлга чиқдик, Юнусободга етиб борганда акам менга яна телефон қилиб, ҳаммаси яхши суюнчи бер, аёлинг ҳомиладор экан деди…

Мен светофордан орқага, масжидга қайтиб, сизнинг олдингизга тўғри маслаҳат берганингиз учун миннатдорчилик билдиргани келдим. Кўп йиллар шифокорга қатнадик, табибларга бордик, чет элда даволандик, анча мунча пул сарфладик. Лекин бефарзанд эдик! Энди Аллоҳ таоло бизга шундай неъматини бераяпти, бу неъматни пулга сотиб олиб бўлмайди, тиллоларга алмаштириб бўлмайди… Бу йигит шундай деганича миннатдорчилик билдириб чиқиб кетди.

Бу воқеа кечиримли бўлиш, яхшиликка буюриш, жоҳиллардан юз ўгириш, ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг хоҳиши, амри борлиги, албатта Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигининг фоний дунёдаги биргина исботидир!

Энди муборак Рамазон ойига оз қолди, ҳар биримиз атрофимиздаги яқинларимиздан, кечирим сўрасак, уларни кечирсак, айни муддаодир. Зеро,  савоб, мартаба ва неъматларни зиёда қилгувчи Зот ҳам бизларни мағфират қилса, бу синовли кунларда бу «коронавирус» деган балони барча халқларнинг устидан кўтарса! Кутганимиздан зиёдасини берса, халқимиз фаровонликда яшасалар! Шу имкониятдан фойдаланиб ўзим ҳам  ҳаммадан каттаю-кичик, энг яқинларим, сиз азизлардан айрим ғийбатлар ва дилхираликлар ўтган бўлса кечирим сўраб қоламан! Аллоҳ таоло кечиришни яхши кўради, кечирим сўрагувчи ва кечириб юборувчиларни ҳам яхши кўради!

Қибрай тумани «Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдуллоҳ» масжиди имом хатиби Ахмаджонов Баходир

Манба: fitrat.uz

130990cookie-checkКечиримли бўлинг!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting