Қуръони карим Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмат ўлароқ нозил қилган китоби ҳамда инсониятни дунё ва охират саодатига йўлловчи дастурул амал ҳамдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўрганишлик доимо муҳим бўлар экан, улардаги нозик ва дақиқ маъноларни тушуна олиш учун балоғат илмини билиш ҳам муҳим бўлиб қолаверади.

Дунё мусулмонларига араб тилидан устозлик қилган ватандошимиз Замаҳшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирининг муқаддимасида шундай деган: “Тафсир илмига киришган киши Курьонга хос бўлган икки илм – илмул маъоний ва илмул баёнда билимдон, иккисини ўрганишда бироз шошилмаган, тафтиш килишда бир муддат машаққат чеккан бўлсагина тафсирнинг хақиқатларига ета олади” .
Балоғат фани илмул маъоний, илмул баён ва илмул бадиъ деб номланувчи уч қисмдан иборат юўлиб, илмул маъоний балоғатнинг мана шу уч илмларидан биридир.

Маъоний (المعانى) сўзи арабча сўз бўлиб, معنى сўзининг кўплик шаклидир. У бирор нарсанинг мақсадини ифода қилади ва луғатда “мақсад” деган маънони англатади.

Баён соҳибларининг истилоҳида маъоний сўзи зеҳнда тасаввур қилинган нарсани лафз билан ифодаланишидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, маъно бу мақсад қилинган нарсанинг зеҳний суратидир.

Маъоний илмининг асосчиси Шайх Абдул Қоҳир Журжоний бўлиб, Абу Яқуб Саккокий уни ўзининг “Мифтаҳул улум” асарида илк бор алоҳида илм сифатида барча қоидалари ва бу илмнинг масалаларини баён қилган.

Маъоний илми − бу арабий каломларнинг муқтазои ҳолга мутобиқ келадиган ҳолатлари ўрганиладиган қоидалар мажмуидир. Яъни, маъоний илмида шундай йўллар ҳақида баҳс қилинадики, адиб гаплари мақсадига мувофиқ келиши, маъноларни аниқ баён этилиши учун айнан шу йўлларга муҳтож бўлади. Эшитувчиларнинг даражалари, йўналишлари, характерлари, фаҳмлаш қобилиятлари турлича эканини ва яна айтаётган гапини ўрни ва вақтини топиб гапириши лозимлигини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир калом ўз мақомига муносиб бўлиши учун адиб маъоний илми қоидалари ва уларни қўлланиш услубларини билиши вожибдир.

Масалан, гоҳида мухотобнинг зеҳни мавзудан холи бўлиб, у бу мавзу ҳақида мутлақо бехабар бўлади ва сиз унга мана шу мавзуни етказишни хоҳлайсиз, гоҳида эса мухотоб мавзу борасида шубҳага боради, сиздан эса уни таъкидлаш талаб қилинади. Баъзида, тингловчи бу мавзунинг хилофини рост деб ўйлаб, уни буткул инкор қилади. Мазкур ҳолатларнинг барчаси мухотобнинг ҳолатига мос келадиган ибора услубини тақозо қилади. Аввалги ҳолатда мухотобга хабар таъкиддан холи тарзда етказилади. Чунки, унинг зеҳнида айтилган гапни қарор топтирувчи маълумот йўқ эди.

Мисол учун, Алининг имтиҳондан муваффаққиятли ўтганига шак қилмаётган ёки уни инкор қилмаётган кишига таъкидсиз

نَجَحَ عَلِيٌّ فِي الْإمْتِحَانِ деб айтасиз.

Эшитувчининг иккинчи ҳолатида эса, сиз Алини имтиҳондан яхши ўтиб олганига шубҳа қилаётган кишига дуч келдингиз ва энди унга гапингизни таъкидлаган ҳолда

إنَّ عَلِيًّا نَاجِحٌ في الإمتحان деб айтасиз.

Сўнгги ҳолатда, яъни мухотоб бу хабарга мутлақо ишонмай, уни инкор қилаётганини кўрсангиз, гапингизни унинг инкорига мос даражадаги қувватли таъкидловчилар орқали ифодалайсиз:

عَلِايا لنَجَحَ فِي الْإِمْتِحَان إنَّ

Мухотобнинг ушбу мутакаллимнинг хабарини махсус кўринишда гапиришини талаб қиладиган ҳолда инкор қилиши “муқтазои ҳол” дейилади. Яъни, ҳолат таъкидлашни тақозо қилиб, уни чақирди. Шунинг учун калом муқтазои ҳолга мутобиқ келиши учун махсус суратни ўзида ифода қилди.

Маълумки, наҳв илми сўзларнинг накира, маърифа, тақдим, таъхир, ҳазф ва зикр қилинадиган ҳолатларини ўрганади. Лекин, наҳв буларни маъоний илмидан фарқли мақсадда ўрганади. Наҳвда тақдимнинг мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган ҳамда тақдим қилиш вожиб бўлган ўринлари ҳақида, маърифа, накира ва таъкидли сўзлар ҳақида баҳс қилинади. Бироқ, уларнинг мақомнинг тақазосига ва ҳолатнинг талабига жавоб беришини муолажа қилмайди. Бу вазифани эса маъоний илми ўз зиммасига олади.

4-курс толибаси
Нигматова Моҳира

134030cookie-checkИлми маъоний: “Гап мақсадли ва эшитувчи фаҳм даражасига мос бўлиши лозим”-Илмий изланиш
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting