Аллоҳ таоло қайси бир касалликни
туширган бўлса, унинг давосини ҳам
туширган. Ҳар қандай касалликнинг
шифосини фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг
Ўзи беради. У Зот Қуръони Каримда
шундай деб марҳамат қилган:
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ
“Бемор бўлганимда менга шифо
берадиган ҳам Унинг Ўзи”
(Шуаро сураси, 80-оят).

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг жамиятнинг барча соҳаларида кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди. Шу жиҳатдан олганда дин, хусусан ислом динини асл манбалар асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратиб берилди, диний қадриятлар борасида энг катта ишлардан бири халқимизнинг маънавий–руҳий оламининг ажралмас қисми бўлиб қолган ислом динига кенг йўл очилди. Бу жараёнда Ўзбекистон сиёсатини белгилаб олар экан, муқаддас ислом динига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ушбу муқаддас қадриятлар халқ тафаккур тарзи, руҳий-маънавий оламининг ажралмас қисми бўлиши билан бирга, уларни асл ҳолида сақлашдаги аҳамияти, амалий ҳаётимиздаги тутган ўрни ва бошқа кўплаб қирралари эътироф қилинди. 

Шу нуқтаи назардан, буюк аждодларимиз бўлган ислом оламининг мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу борада юртимиз тарихига доир бирламчи қўлёзма манбаларни атрофлича тадқиқ этиш орқали қатор йўналишларда, жумладан, миллий менталитет ҳамда исломий қадриятлар асосида шаклланган юксак ҳуқуқий маданият, суд маҳкамаларининг тарихий шакллари ҳисобланган Бухоро қозилик маҳкамаларининг иш тажрибаларига оид махсус назарий ва комплекс тадқиқотларни олиб бориш ушбу синовли кунларда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев коронавирусни “кўпга келган бало” деб атаб, Ўзбекистон халқи бу синовни енгиб ўтишини биринчи коронавирус ҳолати тасдиқланганидан 4 кун ўтиб, халққа қилган мурожаатида таъкидлаган эди. “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади” деб айтганида қанчалар ҳақ эди юртбошимиз.
Шу боис тарихга бир назар солиб, бундай вазиятда аждодларимиз қандай йўл тутганлиги борасида изланишлар олиб бориш ғоятда аҳамиятли. Ўзбекистонда тарихий ҳужжатлар устида йирик тадқиқотлар олиб бориш ва янги нашрлар тайёрлаш ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланди. 1943 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси қошида Шарқ қўлёзмалари (Шарқшунослик) институтининг ташкил этилиши, Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари ҳудудида мавжуд бўлган қўлёзма ва тошбосма ҳужжат ва манбаларни бир жойга тўпланиши, илмий йўналишда комплекс тадқиқотларнинг пайдо бўлишига замин яратди.
2020 йилда сайёрани қамраб олган СОVІD-19 коронавирус пандемияси тинч ва осуда ҳаётга одатланган мамлакатлар аҳолиси учун жиддий синов бўлди. Инсоният тарихи шунга ўхшаш ва бундан ҳам ёмон даврларни бошдан кечирган. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти қаторида Ўзбекистон ҳам коронавирусга қарши жиддий курашмоқда. Шу ўринда, тарихда кечган бу каби офатларни енгиш амалиёти давомида Мовароуннаҳр қозилари хусусан, Бухоро қозилик маҳкамалари тамонидан чиқарилган ҳукмлар барчамиз учун қизиқ ва муҳимдир. Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган, Бухоро амирлигининг XIX аср охирига оид ҳужжатларидан маълум бўлишича, юқумли касалликларга қарши курашишнинг энг тўғри ва самарали йўли бу — давлат ва қозилар томонидан жамоавий тадбирларни ўтказишни вақтинчалик чеклаш, одамлар билан кенг доирадаги ижтимоий мулоқотларни камайтириш (ўзини ўзи яккалаш), саранжом-саришталик, тозалик қоидаларига риоя қилиш ва ўз вақтида шифокорларга мурожаат этиш бўлган.
Ҳужжатлардан бирида келтирилишича, Бухоро амирлиги билан қизғин савдо алоқалари йўлга қўйилган Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида, Афғонистоннинг Ҳирот, Кобул шаҳарлари ва Қандаҳор вилоятида вабо кенг тарқалиб кетгани маълум бўлади. Ушбу ҳолатни эътиборга олиб, Бухоро ҳукмдори бир қатор чораларни кўришни амр этади. Жумладан, унинг фармонига кўра, Амударё ва Панж дарёлари атрофида жойлашган бандаргоҳларга кириб келган кемалар назоратга олиниб, улардан тушадиган одамларни тиббий текширувдан ўтказиш учун чегараларга шифокорлар билан бирга махсус қоровуллар қўйилган. Бошқа бир ҳужжатда Бухоро амири номига Фозилбекдан келган мактубда Келиф қўрғонидаги кемачилар жамоаси орасида вабо тарқалгани ва кунига 1-2 киши вафот этаётгани тўғрисида маълумот берилган. Шу сабабдан, кемаларда кириб келаётган маҳсулот ва одамларни қатъий назоратга олишга изн сўралган. Тез орада, амирнинг фармонига кўра, кемалар тўхташ жойида махсус қоровуллар қўйилган ва келган одамларни чиллада ушлаб туриш амалиёти жорий этилган. Бироқ олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, 1892 йилнинг ёзида Бухоро амирлиги ҳудудида вабо барибир тарқаган. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат хазинасидан 6 минг танга ажратилиб, шундан 900 тангаси тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга берилиши, қолган қисми эса дори-дармон сотиб олиш ва тозалаш тадбирлари ишларига сарфланиши тўғрисида фармон имзоланган. Касаллик билан курашишда табиблар фаол ишлар олиб борганлар. Улар қишлоқларда юриб, аҳолига беминнат тиббий ёрдам кўрсатганлар. Май ойида Жиззахда, Сирдарё вилоятида ва июнь ойида Тошкентда ҳам вабо тарқалди. Касалликнинг биринчи ҳафтасида ўнлаб касал бўлганлардан ҳеч бири даволаниб чиқолмади. Касаллар 2-3 кун оралиғида жон бериб, уларнинг жасади, шу шифохона яқинидаги Хожа Исмат қабристонига яширинча дафн этилди. Бозорлар ёпилди, ҳукумат ҳаттоки шифохоналарни ҳам беркитиб ташлади. Карантин постлари Қарши ва Кармана йўлларида ҳам ўрнатилди. У ерда бир бухоролик шифокор ва бир гуруҳ амир аскари хизматни ўтаётган эди. Мазкур ташкил қилинган постларда аскарлар йўловчиларни қозонларга киритиб, ёки устидан челак билан кимёвий дорини сепишар эди. Усти боши ҳўл бўлган йўловчилар йўлида юришни давом этарди. Энг ачинарлиси, шифокорлар, мутасаддилар аҳолининг тиббий билими ва маданиятини оширишга қаратилган маълумотларни етарли даражада беришмас эди.
Мовароуннаҳр қозилик маҳкамаларидаги ишлардан яна бири X-XIII асрларда Мовароуннаҳр марказий шаҳарлари Бухоро ва Самарқандда ўз ажали билан ўлган кишини дафн этишда у қайси динда бўлишидан қатъий назар икки киши унинг ажали билан ўлганлигига гувоҳ бўлиши шарт қилинган. Қози уларнинг гувоҳлигидан сўнггина маййитни кўмишга рухсат берган. Бундай ҳолларда Бухоро қозилари ҳадисга кўра ҳукм чиқарганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай ҳолатлар ўлкамиз тарихида кўп марта учраган ҳамда ҳукумат ва қозилик маҳкамалари тамонидан чиқарилган оқилона қарорларни аҳоли амалда ижросини таминлаши туфайли бартараф этилган. Хусусан, Сомонийлар, Аштархонийлар, Кепакхон, Абдуҳайрихон даврида тарқалган ўлат сабабидан қозилар маҳкамаларида турли ҳукмлар ижро этилиб, амалда қўлланилган. Бозор ва дўконлар ёпилиб, кўчма бозорлар ташкил этилган. Ўзини соғлом санаган инсонларни вабо чиққан жойдан чеклаш амалга қўйилган. Бундан кўриниб турибдики, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев тамонидан Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфексиясини кенг тарқалишини олдини олишга доир олиб борилаётган бир қанча чора-тадбирларни амалда ижросини таъминлаш ғоятда муҳим. Зеро, “Мана, бир ярим ойдан ошдики, эл-юртимиз “Уйда қолинг” деган даъватга амал қилиб, юксак жасорат кўрсатиб, ялпи карантин шароитида яшамоқда. Оилам, бола-чақам, деб тиниб-тинчимайдиган, эртаю кеч ғайрат билан меҳнат қиладиган халқимиз учун бундай мажбурий ҳолат, албатта, осон кечаётгани йўқ” деб, юртбошимиз бизга юксак ишинч билдирди. Биз ҳам оғир синов кунларида чинакам сабр-тоқат ва масъулият, меҳр-оқибат фазилатларини намоён этайлик. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқларнинг маънавий мероси қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, қадимий Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон ҳудудида равнақ топган давлатлар жаҳон маданиятини ривожлантиришда ёрқин из қолдирган. Бошқа ислом диёрлари каби, Бухорога ҳам илк ислом дини анъаналари кириб, маҳаллий кўриниш олган даврларданоқ ўзларининг баъзи расмий фаолиятларини замон шароитларидан келиб чиққан ҳолатда расмийлаштириб борганлар.
Тошкент ислом институти 4 курс талабаси,
Маҳамедова Гулрух
Илмий рахбар т.ф.д. Бекмирзаев И.И.

134080cookie-checkАрхив ҳужжатлари: Вабо пайтида Бухоро қозилик маҳкамалари томонида қандай карантин ҳукмлари жорий қилинган?-Илмий изланиш
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting