Имом Абу Ҳанифа* раҳмутуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: “Устозим Ҳаммодни ҳурмат қилиб, мен оёғимни устозим ҳовлиси томон узатмадим. Ҳолбуки, менинг ҳовлим ва устозим ҳовлиси орасида етти кўча бор эди. Устозим Ҳаммод вафот этганидан бери, ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб у учун ҳам Аллоҳдан мағфират сўрадим. Зеро, менга таълим берган ҳар бир киши учун Аллоҳдан мағфират сўрайман”. (Имом Муваффақ Хоразмий, Маноқиби имом Абу Ҳанифа: 2-жуз/7-бет)

===================

Имом Абу Юсуф* раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: “Дуо қилганимда мен олдин устозим Абу Ҳанифа, сўнг ота-онам ҳаққига дуои хайр қиламан. Дарҳақиқат, устозим Абу Ҳанифадан: “Ота – онамга қўшиб устозим Ҳаммод ҳаққига дуои хайр қиламан”, деганини эшитганман”. (Имом Муваффақ Хоразмий. Маноқиби имом Абу Ҳанифа: 2-жуз/7-бет)

==================

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал* раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: “Мана ўттиз йилдирки, тунда уйқуга кетишдан олдин устозим Имом Шофеъий* ҳаққига дуои хайр қиламан ҳамда у учун Аллоҳдан мағфират сўрайман”. Шунда Имом Аҳмаднинг ўғли ундан: “Отажон, Шофеъий деганлари қандай зот эдики, унинг ҳаққига кўп дуои хайр қилаётганингизни эшитаман?”, деб сўради. Имом Аҳмад: “Имом Шофеий гўё дунёга нур сочаётган қуёшдек эди”, деб жавоб берди. (Хатиб Бағдодий, Тарихи Бағдод: 2-жуз/62-бет)

“Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари кафедраси ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов

* Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳим – буюк мужтаҳид, фақиҳ ва муҳаддис олимлардан бўлишган. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, улар эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳабнинг учтаси: ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари соҳибларидир.
* Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ – Имом Абу Ҳанифанинг икки буюк шогирларидан бири. Аббосий халифа Ҳорун Рашид даврида илк бор Ислом оламида “Қозилар қозиси” унвонини олган.

134830cookie-checkУстоз қандай ҳурмат қилинади?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting