Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз пайғамбарлик вазифаларини тўла бажариб, ҳижратнинг 11 йилида, Рабиул-аввал ойининг 12-куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар (Ибн Саъд, Табақот 2/215; Ибн Касир, Бидоя 5/282, 294, 295, 296, 313).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари қаерда ва қачон ювилди

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабар барча мусулмонлар учун катта зарба бўлди. Шубҳасиз, бу улар учун катта йўқотиш эди. Мадина мусулмонларининг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан хабардор бўлиб, масжидга шошилдилар. Ушбу воқеадан ҳайратда қолган Умар розияллоҳу анҳу масжидда тўпланган оломонга қарата: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаган …”, дер қайтарарди (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/215).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу отга миниб дарҳол Масжидун Набавийга етиб келди. У Сунҳ деган жойдаги уйида эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳамон ўша гапни такрорларди. Абу Бакр жамоатни тинчланишга буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги кунларини ўтказган, қизи Оишанинг хонасига кирди.

Хонага кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларига ёпилган матони очди ва пешонасидан ўпди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизга икки марта ўлим бермайди. Ўлимни тотдингиз. Бундан кейин энди ўлимни бошқа тотмайсиз, деди. Ва «Зумар» сурасининг 30-оятини тилга олади:
“إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ

“Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар”.

Сўнг: “Шу ҳолатда ҳам ҳаётдаги каби гўзалсиз”, деб хонадан чиқди (Ибн Ҳишам, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот, 2/209).

Унинг гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан бир хонада бўлганларни тинчлантирди. Абу Бакр жазавага тушмади, аксинча сокинлик ва босиқлик билан мусулмонлар жамиятига вазиятни тушунтириш ва уларнинг саросимага тушишига йўл қўймасликни ўйларди. Умар ҳануз ўша сўзни такрорларди: “Муҳаммад ўлмаган!..” Абу Бакр ундан ўтиришни сўради.

Одамларнинг диққат-эътибори Абу Бакр томонга йўналгандан сўнг, у жамоатга шундай деди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилганлар бўлса, билингки, У вафот этди. Ким Парвардигорга ибодат қилган бўлса, билингки, У абадий тирикдир”. Кейин Қуръони Каримдан қуйидаги оятни ўқиди:

وما وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٞ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِ ٱلرُّسُلُۚ أَفَإِيْن مَّاتَ أَوۡ قُتِلَ ٱنقَلَبۡتُمۡ عَلَىٰٓ أَعۡقَٰبِكُمۡۚ وَمَن يَنقَلِبۡ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِ فَلَن يَضُرَّ ٱللَّهَ شَيۡـٔٗاۚ وَسَيَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلشَّٰكِرِينَ

“Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар” (Оли Имрон сураси,144) (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот 2/211; Ибн Касир, Бидоя, 5/280).

Ушбу нутқдан кейин ҳамма Умарни ўз ёнларига олган ҳолда тинчлантиришди. Гарчи бу жуда қайғули бўлса-да, лекин улар реал ҳаётга, ҳақиқатга тик қарашлари керак эди. Уларнинг юракларини тўлдирган оғриқ кўз ёшлари билан чиқа бошлади.

Ўша пайтда Абу Бакрга ансорларнинг бир қисми Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидидан беш дақиқалик масофада жойлашган Бану Соъида қабиласидан Саъд ибн Убода ҳовлисида тўпланганликлари ҳақида хабар келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафоти, Византия таҳдиди, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтида пайдо бўлган баъзи қавмларнинг муртадлик ҳолатлари каби масалаларнинг бир нуқтада жамланиши ва ушбу вазиятлар борасида чиқариладиган юзаки қарорлар тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши ва мусулмонлар ўртасида бўлинишларга олиб келиши мумкин эди. Умарнинг таклифига биноан ансорларнинг мақсадларини билиш учун Абу Бакр, Абу Убайда ва Умар билан бирга Бану Соъида уруғи ҳовлисига бордилар. Икки соат давом этган мунозаралар чоғида Абу Бакрни халифа қилиб сайлаш тўғрисида умумий қарор қабул қилинди (Ибн Ҳишом, Сийра 2 / 217-220; Ибн Саъд, Табақот 2 / 212-214).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба чошгоҳ ва пешин оралиғида вафот этдилар. Кейин Абу Бакр халифа қилиб сайланди. Шу билан кеч кирди. У зотни ювиш борасида саҳобалар ўртасида ихтилоф бўлиб, йўл-йўл матога ўралган жасадлари тонггача ўринларида қолди.

Сешанба куни Абу Бакр ювишни пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндошларига юклади (Байҳақий, Кубро, 6735, 6987, 166627). Амакиси Аббос, унинг ўғиллари Аббуллоҳ, Фазл, Қусам, Али ибн Абу Толиб, Усома ибн Зайд, Авс ибн Хавлий ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилинган қуллари Шақрон разияллоҳу анҳумлар барча зарур тайёргарликлар билан Оиша розияллоҳу анҳунинг хонасига кирдилар.

Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини ечмасдан ювдилар, кейин Оиша уларга берган кийимга ўхшаш оқ матолардан фойдаланиб кафанладилар. (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/221, 222; Ибн Саъд, Табақот, 2 / 217-227; Ибн Касир, Бидоя, 5 / 301-303).

134890cookie-checkМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари: У зотнинг жасадлари кимлар томонидан, қаерда ва қачон ювиб кафанланган?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting